Тошкентда коммунал хизматлар истеъмолчиларини ҳисобга олишнинг ягона автоматлаштирилган тизимини яратиш бўйича пилот лойиҳасини ишлаб чиқиш бошланди.
Ўзбекистон коммунал хизматлари қандай қилиб истеъмолчиларни ҳисобга олишнинг ягона базасини яратишлари ва ундан фойдаланишлари ҳамда бунда қандай масалаларни ҳал этиш керак бўлади? Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган «Коммунал хизматлар учун маълумотларнинг биллинг тизими ва ягона мижозлар базасини яратиш» давра суҳбатининг иштирокчилари сўзладилар, деб хабар қилади «Туркистон – пресс» НАА.
Муҳокамани Молия вазирлиги, «Ўзкоммунхизмат» агентлиги, Тошкент ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Ҳукумати ва «Маҳаллий бошқариш тизимини қўллаб-қувватлаш: фуқаролик иштироки ва ҳамкорлик» БМТТД қўшма лойиҳаси ташкил этди.
Муҳокама давомида қайд этилганидек, кейинги вақтда Ўзбекистон Ҳукумати томонидан мамлакатнинг йирик шаҳарларида коммунал инфратузилма тизимини модернизациялаш бўйича бир қатор чоралар кўрилди. Вазирлар Маҳкамасининг 30.11.2012 йилдаги 337-сон қарори билан маълумотларнинг мижозлар базаси ва биллинг тизимлари учун ягона техник талаблар ва стандартларни яратиш назарда тутилган. Шу муносабат билан иссиқлик, сув, газ ва электр таъминоти, шунингдек санитария жиҳатдан тозалашни коммунал хизматлари истеъмолчиларини ҳисобга олишнинг ягона автоматлаштирилган тизимини яратиш бўйича пилот лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда Тошкентда жорий этиш назарда тутилган.
«Биллинг» тушунчаси абонентлар, пул маблағларининг келиб тушиши ва ҳисоблаб ёзишларни ҳисобга олишни автоматлаштиришни ташкил этишни англатади. Биллинг реал вақтда абонентнинг шахсий ҳисобварағида қолган пуллар миқдори тўғрисидаги ахборот ва бошқа ахборотларни тақдим этиб, хизматлар таъминотчиси ва абонентнинг вақтини тежаши керак. У пул маблағлари абонентнинг шахсий ҳисобварақларига келиб тушганда тўлашнинг нақд пулсиз шаклларини автоматлаштирилган тарзда назорат қилиш ва бошқаришни, илгари қилинган тўловлар, қарзнинг мавжудлиги тўғрисидаги ва бошқа ахборотларни тақдим этишни назарда тутади. Табиийки, бу ҳисобнинг аниқ бўлишини – нима учун, кимга ва қандай даврга ёзилаётганлигини – талаб этади. Ушбу жараённинг очиқ-ошкоралиги коммунал хизматлар таъминотчилари билан уларнинг истеъмолчилари ўртасида юзага келадиган кўпгина саволларга йўл қўймаслик имконини беради.
Муҳокама мижозлар ҳисобини юритишнинг ягона тизимини барпо этиш йўлида катта муаммолар борлигини аниқлади. Агентликка берган интервьюсида Молия вазирлиги бошқармасининг бошлиқ ўринбосари Илҳом ЖАЛОЛОВ қайд этганидек, бугунги кунда ҳар бир хизмат истеъмолчиларни ҳисобга олиш учун ўзининг локал дастурларидан фойдаланади, улар эса бир-бирларидан анча фарқ қилади. Тақдимотлар боришида сув, иссиқлик ва газ таъминоти хизматларининг вакиллари Тошкент бўйича хизмат кўрсатиладиган абонентларнинг турли рақамларини айтишди. Тадқиқотлар ҳатто коммунал хизматлар параллел равишда хизмат кўрсатадиган уйларда абонентлар миқдори хусусида тафовутлар борлигини кўрсатди. Мутахассислар бунда хизмат ҳам, истеъмолчи ҳам зарар кўраётганлиги бобида якдил фикрда бўлишди. Демак, барча ахборотларни интеграциялаш ва унинг базасида бутун коммунал хизматлар фойдаланадиган ягона ҳисоб платформасини барпо этиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Истеъмолчилар учун квартиралари, мол-мулки қайта расмийлаштирилиши учун ва бошқа ҳолларда қарз¬дорликнинг аҳволи тўғрисида маълумотлар олиш учун қўшимча қулайликлар яратилади, – деб таъкидлади Илҳом Жалолов. – Чунончи, иш берувчилар зарур бўлганда бундай ахборотни Интернет орқали оладиган бўладилар, энди кишиларни маълумотлар тўплаш учун сарсон қилмайдилар. Хизматлар эса абонент¬ларни анча аниқроқ била оладиган бўладилар, бу ҳам тушунмовчиликни, шу жумладан 2012 йил охирида пойтахтда юз берганидек, газ ва бошқа хизматлар бўйича қарзлар қаердан пайдо бўлганлигини аниқлай олмасликни истисно этиши керак.
Мазкур муҳокама Ҳукумат қўйган вазифани ҳал этишда дастлабки қадам бўлди. Сўнгра ишчи гуруҳ тузилади, у коммунал хизматлар учун ягона маълумотлар базасини жорий этиш вазифаси билан босқичма-бос¬қич шуғулланади. Ахборотнинг қандай кўринишда берилиши ҳозирча ҳал этиляпти. Ягона сайт очиш ёки умумий дастурий маҳсулот ташкил этиб, у орқали коммуналчилар ўртасида ахборот алмашинувини ташкил этадилар деган таклиф бор. Ҳозирдаёқ мавжуд муаммоларни аниқлаган олдинги пилот лойиҳаларнинг тажрибаси бор.
2011 йил февралда Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида пилот ло-йиҳаси жорий этилган эди, – деб ҳикоя қилади интервьюда UZINFOCOM директори Жалолиддин РАҲИМОВ. – У аҳолига тўртта коммунал хизмат бўйича ўзининг ҳисобварақларини он-лайн кўриб чиқиш имкониятини тақдим этиши керак эди. Бунда уларнинг биллинг тизимлари ишга туширилди ва истеъмолчи ушбу ташкилотларга бормасдан, ўзининг барча ҳисобварақлари тўғрисида битта сайт (e-kommunal.uz – таҳр.) орқали «битта дарча» режимида ахборот олиши мумкин бўлган ушбу маълумотларни жойлаштиришга ҳаракат қилинди. Бироқ бунда муаммо юзага келди – турли коммунал хизматлар маълумот базаларининг аҳволи шундай ҳолатдаки, биргина манзилни турли базаларда таққослаш анчагина мушкул.
Аҳволни яхшилаш сифатида Жалолиддин Раҳимов кадастр хизматининг маълумотлар базасидан фойдаланишни таклиф қилади, ушбу базани уйлар ва квартираларни белгилаш учун биллинг тизимида қўллаш мумкин. Бу эса маълумотлар базаларининг бир-бирига мос келиши ёки содда қилиб айтганда, ягона базада бўлишига ёрдам беради. Ҳозирча жавобларга қараганда саволлар кўпроқ, бироқ хўжалик юритишнинг ҳозирги шартлари коммуналчиларга ўз талабларини қўймоқда, уларни жамлаштириш эса – ушбу талабларнинг биридир.
Ахборот манбаи
www.uzinfocom.uz