XIX аср ўрталарида Швеция қашшоқ аграр мамлакатлар сирасига кирарди, мазкур қиролликдан одамлар яхшироқ ҳаёт кечириш илинжида Шимолий Америкага бирин-сирин жўнамоқда эди. Европа шимолидаги ана шу давлат бугунги кунда энг ривожланган мамлакатлар рейтингида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Бу ўлкадаги юксалиш одимларини «иқтисодий мўъжиза» деб аташга кўпчилик кўникиб ҳам қолди.
ЎТГАН асрнинг 20-30 йилларидаёқ иқтисодий ривожланиш даражаси бўйича Швециядан фақатгина АҚШ олдинда эди, холос. Иккинчи жаҳон урушидан кейин экспорт ҳажми кескин ўсиши билан бу мамлакат учун янада хайрли даврлар бошланди. Европа товарларга муҳтож эди. Скандинавиядаги бу давлат эса товарларни етказиб беришга тайёр турарди. Бироқ иқтисодиёт ана шундай алфозда эканлигига қарамай, жаҳон инқирозлари вақтида Швециянинг барқарорлиги таҳдид остида қолди. Лекин ҳукумат ўз одатига кўра юзага келган вазиятга мослашиб олишнинг янги усулларини излашга тушди. Ёғоч-тахта экспорти камайгач, Швеция саноатчилари кийим-кечак ва пойабзал ишлаб чиқаришга ўтдилар. Ривожланиб келаётган мамлакатлар ишчи кучига сарф-харажатлар анчагина камлигидан фойдаланиб, Швецияни қувиб ўта бошлади. Шунда шимолдаги мазкур давлат кемасозлик, кон қазиб олиш саноати, қора металлургияга зўр берди. Эндиликда бу ўлкада фармацевтика ва биологик тиббиёт анчагина муваффақиятли тарзда ривожланмоқда. Бир пайтлар аграр мамлакат бўлиб танилган Швецияда қишлоқ хўжалиги ҳозир ялпи ички маҳсулотнинг атиги икки фоизини ташкил этади.
ШВЕДЛАР жуда самимий халқ. Спорт билан кўп вақт, берилиб шуғулланишади, шу сабабли ҳам аксарияти узоқ умр кўради, ёши улуғлари ҳам жуда тетик. Бу ерда тахминан 30 ёшларга бориб, университетни тамомлашади ва катталар қаторига кириб ростмана ҳаёт бошлашади.
Швед тилини ўрганиш унча оғир эмас. Швед тилида талаффуз этиб бўлмайдиган сўзлар ҳам бор, уларни шведларнинг ўзлари ҳам жилла хуш кўрмайдилар. Ҳар кун сўзлашиладиган ва иш учун керакли тил бирмунча соддалаштирилган. Бироқ мамлакат ҳар бир округининг ўз шеваси бор. Тафовут айтарли бўлмаса-да, бу шева чет эллик одамга ноқулайлик келтириб чиқариши мумкин.
Маҳаллий аҳоли асосан кенг, шинам квартираларда яшашади. Шведларда уй-жой муаммоси деган нарса йўқ. Квартира ижарага олинган тақдирда ҳам тўланадиган ҳақ олинадиган маошга қиёсланадиган бўлса, нолийдиган даражада эмас. Мазкур мамлакатда кичикроқ фирмада ишлаган одам ҳам муносиб турмуш кечира олади. Давлат одам ўзини бошпана, кийим-кечак ёки озиқ-овқат билан таъмин этиши учун ўғирлик ёки фирибгарлик қилиш хаёлига бормайдиган тарзда ҳамма нарсанинг ҳисоб-китобини қилиб қўйган. Шведларда ҳамиша муайян захира – жамғарма бўлади. Кўпчиликнинг квартирадан ташқари шаҳар атрофида чиройли уй-жойлари ҳам бор.
Маҳаллий тиббиётнинг ўзига хос жиҳатлари мавжуд. Суғуртага эга бўлган киши ҳар қандай тиббий ёрдам ва дори-дармонни бепул олиши мумкин. Бироқ шифокорларнинг даволашга бўлган муносабати биздаги одатланиб қолинган муносабатдан тамомила фарқ қилади. Маҳаллий шифокорлар жуда умидвор, ҳамма нарсага ишонч билан қарайдилар. Улар мижозни чўчитишмайди, қўшимча таҳлил белгилашмайди ҳам. Чунки кўп нарса ўз-ўзича бораверади, табиий жараёнга аралашувнинг сира ҳожати йўқ деб ўйлашади улар.
Оддий одамларнинг турмушига давлат томонидан бўладиган аралашувга кўникиш анча қийин. Чунончи, кечқурунлари бу ерда ҳамма ўз уйида ўтиришига одатланишган. Мабодо полициячи кечқурун соат еттиларда сизни фарзандингиз билан болалар майдончасида кўриб қолса, албатта болакай нима сабабдан квартирада эмас, кўчада юрибди деб сўраши турган гап. Ўғлингизнинг кўз атрофи кўкарган ёки юзининг бирон жойи шилинган бўлса, қўни-қўшнилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва васийлик идоралари намояндалари бунда катталарнинг айби йўқмикан деган шубҳага боради. Бундай ишларга алоҳида эътибор беришади. Мамлакатда болаларнинг ҳуқуқлари ҳурмат қилинади. Баъзан бу борада ошириб ҳам юборадилар. Айтайлик, болакайни дарс пайтида уйқу тортса, у бемалол мизғийвериши мумкин. Бундай эркинлик гўдакларга болалар боғчасида ҳам берилади – ҳеч ким уларни буйруқ билан овқатланишга ва ухлашга мажбурлай олмайди. Ким нима қилишни истаса, шуни қилаверади.
Швецияда экология бобидаги вазият жаҳондаги энг яхши вазиятлардан биридир. Бу ерда водопровод кранидан келаётган сувни ҳеч бир ҳадиксиз ичавериш мумкин. Шу муносабат билан мазкур мамлакатда сувни идишларга қадоқлаб чиқарувчи заводларни ёпиб қўйишди. Бу эса ўз навбатида табиатни бокиралигича сақлаб қолишга ёрдам бермоқда.
ШВЕЦИЯДА аҳолининг турли қатламлари даромадлари ўртасида тафовут унча катта эмас. Айтайлик, малака талаб этилмайдиган ишларда банд бўлган киши ҳам, яхши адвокат ҳам квартирали, уй-жойли, машинали бўла олади. Бу ўлкада ўта қашшоқ одамлар йўқ ҳисоб – ҳамма тўкин ҳаёт кечирмоқда. Ҳукумат ишсизлик бўлмаслигига ҳаракат қилмоқда, у ёки бу сабаб билан уйда ўтиришга мажбур бўлиб қолганларга эса дурустгина нафақа тўланади. Аёллар эркаклар билан баб-баравар меҳнат қиладилар. Ишлаётган эркакларнинг улуши ишлаётган хотин-қизлар улушидан унча кўп эмас. Швеция парламентидагиларнинг қарийб ярми аёллардир.
Бу ерда бизнес ишини юритиш имконияти яхши. Швецияда солиқ муҳити ниҳоятда қулай дейиш мумкин. Масалан, қўшилган қиймат солиғининг асосий ставкаси бу ерда 25 фоизни (айрим турдаги товарлар ва хизматларга нисбатан пасайтирилган ставкалар ҳам бор, айтайлик, озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан 12 фоизли ставка қўлланилади) ташкил этади. Бу жаҳондаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир. Энг катта ажратмалар хом ашё, энергетика билан шуғулланувчилар ёки туристик хизматлар кўрсатувчилар томонидан ажратилади. Фойда солиғи, гарчи 2013 йилда пасайтирилган ва 22 фоизни ташкил этаётган бўлса-да, барибир анча юқори ҳисобланади. Резидент жисмоний шахслар, илгари Швецияда яшаган жисмоний шахслар (агар Швецияда уй-жойи ёки оиласи бўлса), шунингдек мазкур мамлакат ҳудудида солиқ даври (календарь йил) мобайнида 183 кундан кўпроқ бўлган чет элликлар даромад солиғи тўловчилар деб ҳисобланади. Швецияда даромад солиғи икки қисмдан таркиб топади. Булар 28,9 фоиздан 34,2 фоизгача бўлган муниципал солиғи ҳамда 20 фоиздан 25 фоизгача бўлган миллий солиқдир. Солиқ солинадиган база тадбиркорлик фаолиятидан келадиган даромадни, ижара билан боғлиқ ишлардан келадиган даромадни ва сармоядан келадиган даромадни қамраб олади.
Мамлакат солиқ сиёсати шундай йўлга қўйилганки, унга кўра қанча кўп олсанг, шунча кўп солиқ тўлайсан. Шу сабабли фойданинг ярмидан кўпи солиқларга кетиш ҳоллари ҳам кам эмас. Шундай бўлса-да, бу ерда бизнес тобора жадаллик билан ривож топиб бормоқда. Зотан қонунларга ҳамма риоя этадиган ана шу барқарор давлатда кўпчилик тадбиркорлар учун барқарорлик тезроқ бойишдан ҳам муҳимроқдир. Оқибат натижада Швеция жаҳон миқёсида турмуш даражаси энг юқори мамлакатлардан бири бўлиб қолди.
Бу йўсиндаги солиқ сиёсатидан ажабланмаслик керак, негаки солиқлар Швеция ялпи ички маҳсулотининг қарийб ярмини ташкил этади.
МАМЛАКАТДА йигирмадан ортиқ йирик халқаро компаниялар мавжуд бўлиб, жаҳоннинг турли бурчакларида уларнинг филиаллари бор. Булар сирасига IKEA, Ericson AB, Volvo, Scania, Saab, Electroluxe ва бошқа компаниялар киради. Ҳозирги кунда Швеция ҳукумати туризмни ривожлантиришга, мамлакатга янгидан-янги сайёҳларни жалб этишга ҳаракат қилмоқда. Шу боис модага, дизайнга, мусиқа, реклама ва адабиётга зўр берилмоқда. Швециянинг пойтахти Стокгольм жаҳондаги музейлари кўп шаҳарлардан биридир. Бу ерда 70 га яқин музей бор. Ҳар йили уларни 9 миллионга яқин киши кириб кўради.
Компанияни рўйхатдан ўтказиш учун ҳисобварақда 500 минг крона* бўлмоғи зарур. Рўйхатга олиш билан боғлиқ тартиб-таомиллар бир неча ойга чўзилади. Бу ерда одатда сира шошилмайдилар. Бу борадаги ўзига хос жиҳатларга кўникиш қийинроқ кечади, албатта. Ҳар бир ҳужжат, ҳисобварақ ёки рухсатнома бир неча босқичда текширилади ва бу аснода уларнинг ишига таъсир ўтказишнинг иложи йўқ. Мамлакатда коррупция йўқ ҳисоб. Лекин ҳамма тасдиқлатишлару муҳр бостиришлар маҳаллий аҳоли учун ҳам, чет элликлар учун ҳам каттагина харажат талаб қилади.
Швецияда ҳар қандай билим ва кўникма олиш рағбатлантирилади. Ҳатто ишчилар ҳам анчагина юқори малакага эга ва одатда яхши маълумот олган бўладилар. Тараққиёт ютуғи сирларидан бири ҳам шу. Бошқа мамлакатлардан келганлар оз эмас, аммо Швеция бошқа Европа давлатларига нисбатан иккинчи ватан тариқасида жилла жалб этувчан эмас. Баъзилар бу мамлакатни зерикарли деб топишлари ҳам мумкин. Дарҳақиқат, бу диёрда кўнгилочар жойлар, оила билан ёки улфатлар билан яхши овқатланиб кўнгилхушлик қиладиган жойлар кўп эмас. Маҳаллий аҳоли кўпроқ Макдоналдс сингари жойларда овқатланишни маъқул кўради. Шу сабабли ҳам Швеция Макдоналдс бўйича Европада биринчи, жаҳонда эса Америкадан ке-йин иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Швецияда зўр таомлар тайёрланадиган ресторанлар ҳам бор: тансиқ таомларга ишқибозлик кучли.
Мамлакатда ҳамма хушмуомала ва очиқкўнгилдир. Бу гап солиқ инспекциядагиларга ҳам тааллуқли. Солиқ инспекцияси ҳар ойда солиқ тўловчилар, жисмоний ва юридик шахсларга ёзма мурожаат юбориб, улар қайси санага қадар ҳисобот топширишлари ва тўлов тўлашларини такаллуф билан маълум қилади. Бу жуда сермашаққат ва ниҳоятда катта ишдир. Айни шу боис Швецияда Европадаги бошқа ҳар қандай мамлакатда бўлганига нисбатан давлат хизматчилари кўпроқдир.
Швеция Европа Иттифоқига кирса-да, бу ерда евронинг курси жуда паст юради. Туристларга эса бу унча хуш келмайди. Банклар ва давлат муассасалари кеч соат 4-5 гача ишлайди, шанба ва якшанба кунлари дам олади. Дарвоқе, якшанба кунлари қаҳвахоналарнинг ҳам аксарияти ёпиқ бўлади. Шу кунлари яхшигина даромад олиш мумкин бўлса-да, қаҳвахонадагилар ҳам бошқалар қатори дам олиш, бўш вақтни оила билан биргаликда ўтказишни афзал биладилар. Дам олиш кунлари дўконлар ҳам кўпинча кеч соат 4 гача ишлайди. Тўғри, эндигина иш бошлаётган компаниялар кўпинча бу тартибга ўзгартиш киритмоқда: бир суткада 10 соатгача ишлашга тайёр заҳматкаш шведлар сони кўпайиб бормоқда.
Интернет тармоғи
материаллари асосида.