«Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга кўра якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахсни ташкил этмаган деҳқон хўжаликлари аъзолари, шунингдек бошқа фуқаролар жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрий асосда иштирок этадилар. Давлат солиқ инспекцияси ходимлари ушбу шахслардан Пенсия жамғармасига мажбурий тарзда тўлаш учун тўловнома тақдим этиш ҳуқуқига эгамилар?
Тоиржон Авазов, газетхон.
– Ҳақиқатан ҳам, амалдаги «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун (2.12.2004 йилдаги 702-II-сон) 6-моддасига мувофиқ иш берувчиларнинг, шунингдек меҳнат фаолиятини меҳнат шартномаси асосида амалга оширувчи фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиши, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, мажбурийдир.
Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги деҳқон хўжаликларининг аъзолари жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрийлик асосида иштирок этадилар.
Бироқ шуни қайд этиш лозимки, сизнинг хатингизда келтирилган Пенсия жамғармасига ажратмалар юқорида қайд этилган нормалар асосида тартибга солинмайди, яъни гап шундаки, ихтиёрий жамғариб бориладиган пенсия бадаллари фуқароларга Халқ банкининг филиалида очиладиган шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари (ШЖБПҲ)га, мажбурий суғурта бадаллари эса бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади.
Бинобарин, СКнинг 311-моддасига асосан солиқ тўловчининг календарь ойида ишлаган кунлари сонидан қатъи назар, якка тартибдаги тадбиркорлар суғурта бадалларини мажбурий тартибда ойига энг кам иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда тўлайди.
Шу билан бирга, юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликларининг аъзолари эса суғурта бадалларини ихтиёрийлик асосида йилига энг кам иш ҳақининг 4,5 бараваридан кам бўлмаган миқдорда тўлайди.
Суғурта бадалларини тўлаш қуйидагича амалга оширилади:
– якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан – ҳар ойда тадбиркорлик фаолияти амалга оширилган ойнинг 25-кунидан кечиктирмай;
– юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликларининг аъзолари – ҳисобот йилининг 1 октябригача. Бунда суғурта бадалларининг миқдори тўлов кунидаги энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
Тўлов топшириқномасида (кирим ордерида) солиқ тўловчининг идентификация рақами ва тўлов тўланаётган давр албатта кўрсатилиши шарт. Агар давр кўрсатилмаган бўлса, тўлов у амалга оширилаётган ой (деҳқон хўжаликлари аъзолари учун – йил) учун тўланган деб ҳисобланади.
Шу тариқа, давлат солиқ инспекцияси ходимларининг якка тартибдаги тадбиркорларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаши тўғрисидаги талаби қонунийдир.
Агар гап якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсни ташкил этмаган деҳқон хўжаликлари аъзоларига ШЖБПҲга бадал тўлаши тўғрисидаги талаб ҳақида кетаётган бўлса, бу талаб қонуний эмас.
Жавобларни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.