Корхонамиз жойлашган жойда 1,2 туман коэффициенти белгиланган. Ходимларга иш ҳақини уни ҳисобга олган ҳолда қандай қилиб тўғри ҳисоблаш мумкин – иш ҳақининг бутун суммасини 1,2 га кўпайтириш керакми ёки йўқми? Коэффициент бўйича қўшимча ҳаққа солиқ солинадими?
Б.Иброҳимов.
– Табиий-иқлим шароити ноқулай жойларда (баланд тоғли, чўл ва сувсиз ҳудудларда) ишлаганлик учун туман коэффициенти бўйича тўловлар тўланади, унинг миқдорини республика ҳукумати ҳар бир туман учун алоҳида (баъзи ҳолларда – корхона фаолиятининг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда) белгилайди.
Туман коэффициенти ходимларнинг ҳақиқатдаги иш ҳақига ҳисобланади, бундан шахсий устамалар, кўп йил ишлаганлик учун тақдирлашлар мустасно. Коэффициент ҳисобланадиган иш ҳақи таркибига тариф бўйича ҳақ, қўшимча ҳақ, ишдан ташқари ишга ҳақ ва меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган мукофотлар киради. Бироқ бунда коэффициентлар ҳисоблаш учун сумма қўшимча ҳақ ҳисоблаш пайтидаги ҳолатга кўра белгиланган энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдоридан ошмаслиги керак (Солиқ кодексининг (СК) 181-моддаси; ВМнинг 4.09.1992 йилдаги 407-сон қарори). Чунончи, ЭКИҲ 79 590 сўм бўлганда туман коэффициенти ҳисобланадиган иш ҳақининг энг юқори суммаси 318 360 сўмни (79 590 х 4) ташкил қилади.
Баланд тоғли, чўл ва сувсиз жойларда ишлаганлик учун белгиланган коэффициентлар бўйича тўловлар компенсацияларга кирадиган (СК 174-моддасининг 1-банди) ва, тегишинча, уларга ягона ижтимоий тўлов, суғурта бадаллари ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади. СКнинг 181-моддасига кўра мазкур фаолият турига энг кам ставкада ЖШДС солинади (2013 йилда – 8%).
МИСОЛ.
Бир ой учун иш ҳақи ҳисобланди:
А ходимга – 650 000 сўм;
Б ходимга – 300 000 сўм.
Туман коэффициенти – 1,2.
Туман коэффициенти ҳисобланадиган иш ҳақининг энг юқори суммаси 318 360 сўмга (79 590 х 4) тенг.
1) А ходимга ҳисобланган иш ҳақи – 650 000 сўм республикада белгиланган ЭКИҲнинг 4 бараваридан ошади. Шу сабабли коэффициент унинг энг кам иш ҳақининг 4 бараварини ташкил қиладиган қисмига ҳисобланади.
А ходимнинг иш ҳақига туман коэффициенти бўйича устама 63 672 сўмни (318 360 х 20%) ташкил қилади.
Туман коэффициентини ҳисобга олганда ҳисобланган иш ҳақи 713 672 сўмга (650 000 + 63 672) тенг.
2) Б ходимнинг иш ҳақи – 300 000 сўм ЭКИҲнинг 4 бараваридан кам. Шу боис туман коэффициенти бўйича устама унинг бутун суммасидан ҳисобланади ва 60 000 сўмни (300 000 х 20%) ташкил қилади.
Ҳисобланган иш ҳақи туман коэффициентини ҳисобга олганда 360 000 сўмга (300 000 + 60 000) тенг.
Корхоналар табиий-иқлим шароитлари ноқулай бўлган жойлардаги иш стажи учун устамалар ҳам тўлашлари мумкин. Улар ҳам, туман коэффициенти бўйича тўловлар сингари, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари солинадиган даромад ҳисобланади. Бироқ устамаларнинг ушбу турига, туман коэффициенти бўйича тўловлардан фарқ қилиб, белгиланган шкала бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади.
Туман коэффициенти бўйича тўловлар ва табиий-иқлим шароитлари ноқулай бўлган жойлардаги иш стажи учун устамалар корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Фойда солиғини тўловчи корхонада мазкур тўловлар меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича харажатлар ҳисобланиб (СК 143-моддаси 6-бандининг «а» кичик банди), солиқ солинадиган база ҳисоб-китобида чегирилади.
Жавобларни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.