Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 12 / Амалий бухгалтерия

Таътилга чиқмади – таътил пули йиғилиб қолмади

Фирмамиз ходимларидан бири бутун ишлаш даврида (2010 йил августдан ҳозиргача) ўз хоҳиши билан таътилга чиқмади. 1 апрелдан у ишдан бўшаяпти. Биз унга таътил пулларини тўлашимиз керакми? Агар керак бўлса, қандай даврга тўлаймиз? Фирмамизда ҳар йили 1 январдан маош оширилади. Таътил пуллари ҳисоб-китобига қайси иш ҳақи қабул қилинади?

 

– Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади. Бундай талаб Меҳнат кодексининг 151-моддасида келтирилган. Сизнинг ҳолатда компенсация 2010 йил августдан бошлаб ишланган бутун вақт учун тўланади.

Компенсация суммаси ҳисоблаб чиқариш кунидаги тарификация бўйича белгиланган ўртача ойлик иш ҳақи ёки лавозим маошидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланиб, ҳисоб-китоб даврида тарификация бўйича белгиланган ўртача ойлик иш ҳақи ёки лавозим маошининг ошадиган суммасини 1/12га оширган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Уларга ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва ижтимоий суғурта бўйича мажбурий бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибининг 1-банди).

Яъни ҳисоб-китобга сиз ходимга 2013 йил 1 январдан белгиланган маош ва 2012 йил апрелдан 2013 йил мартгача бўлган давр учун маошдан ташқари тўланган суммаларнинг 1/12 қисмини киритишингиз керак.

 

МИСОЛ. Ходим билан меҳнат шартномаси 2013 йил 1 апрелдан бекор қилинди. У 2010 йил 1 августдан 2013 йил 1 апрелгача бўлган давр, яъни 2 йилу 8 ой учун йиллик меҳнат таътилларидан фойдаланмаган. Унинг учун 18 иш кунилик йиллик меҳнат таътили белгиланган (15 – асосий таътил ва жамоа шартномасига кўра қўшимча 3 кун).

Ходим ишдан бўшаётган санада лавозим маоши

600 000 сўмни ташкил қилган. Ҳисоб-китоб даврида (2012 йил апрель–декабридан 2013 йил январь–мартигача) суғурта бадаллари ушланган маошдан ташқари тўловлар суммаси 960 минг сўмни ташкил қилган.

Ходимга фойдаланилмаган таътил кунларининг ҳаммаси учун, яъни 48 иш кунига (18 х 2 + 18 х 8/12) компенсация тўланиши керак. Фойдаланилмаган таътил учун компенсация суммаси ўртача ойлик иш ҳақини иш вақтининг кунлардаги ўрта ойлик давомийлигига (6 кунлик иш ҳафтаси ҳисоб-китобида 25,4 кунга) бўлиш йўли билан ҳисобланади ва календарь бўйича таътилнинг иш кунлари сонига кўпайтирилади.

Ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи 680 минг сўмга (600 + 960/12) тенг, 2 йилу 8 ой учун фойдаланилмаган йиллик меҳнат таътиллари учун компенсация суммаси эса 1 258,04 минг сўмни (680/25,4 х 48) ташкил қилади.

 

Фойдаланилмаган таътил учун компенсация жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, фуқароларнинг суғурта бадаллари ва ягона ижтимоий тўлов солинадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга (Солиқ кодекси 175-моддасининг 1-бандига кўра ишланмаган вақт учун ҳақ тўлашга) киради.

Шуни ҳам ҳисобга олиш лозимки, фойда солиғи тўловчи корхона учун асосий ва қўшимча таътиллар ҳамда улар бўйича компенсациялар тўлаш харажатлари чегириладиган харажатларга киради (СК 143-моддаси 7-бандининг «а» ва «о» кичик бандлари).

Жавобларни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.

Прочитано: 3468 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика