Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 12 / Суд амалиёти

Қарс икки қўлдан чиқади

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Даъвогар (буюртмачи) жавобгар (ижрочи) билан импорт қиладиган товарларининг божхона расмийлаштируви бўйича хизматлар кўрсатишга шартнома тузди. Унга кўра жавобгар олиб келинадиган товарларнинг божхона расмийлаштируви билан боғлиқ барча зарур ҳаракатларни амалга ошириши, шу жумладан улар учун божхона тўловларини буюртмачига тегишли тўловномаларни тақдим этиш йўли билан тўлашни ташкил этиши керак эди. Даъвогар Тошкент хўжалик судига жавобгардан божхона тўловларини тўлаш муддати кечиктирилиши боис пеня ундириш даъвоси билан мурожаат қилди, бу пеня ижрочи ўзининг шартнома мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги оқибатида ҳосил бўлган эди.

 

ДАЪВОГАРНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

Шартномага кўра жавобгар олиб келинадиган товарларнинг божхона расмийлаштирувини амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Шу жумладан у божхона тўловлари тўланишини ташкил этиб, даъвогарга улар бўйича тўловномаларни шартлашилган муддатда тақдим этиши ва даъвогар муайян иш ҳажмини бажаришга тақдим этадиган буюртманома асосида божхона божлари суммалари тўғрисида уни ёзма равишда огоҳлантириши керак. Бундан ташқари, жавобгар импорт қилинадиган товар учун божхона тўловларини ўз вақтида ва (ёки) тўлиқ киритмаганлик ҳамда уларни нотўғри ҳисоблаганлик учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Жавобгар даъвогарга келиб тушган товарлар бўйича божхона божларини тўлашга тўловномани кечикиб тақдим этди. Шу туфайли уларни тўлаш муддати кечикиб кетган. Божхона кодексининг 112-моддасига кўра даъвогарга кечиккан муддатнинг ҳар бир куни учун боқимонда суммасининг 0,5%и миқдорида пеня ҳисоблаб ёзилган, уни божхона органи сўзсиз тартибда ундиради.

 

ЖАВОБГАРНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

Жавобгарнинг ўз шартнома мажбуриятларини божхона органлари ҳисобига божхона тўловлари суммаларини ўз вақтида киритмаслик тарзида лозим даражада бажармаганлиги тўғрисида даъвогарнинг важлари қуйидаги асосларга кўра асосланмаган.

Шартномага асосан жавобгар олиб келинадиган товарларнинг божхона расмийлаштируви бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олган. Унинг шартларига кўра даъвогар товарлар божхона ҳудудига келиб тушишига қадар 20 иш кунидан кечиктирмай иш ҳажмига буюртманома бериш йўли билан қонун ҳужжатларига мувофиқ божхона таомилларини ўтказиш учун зарур маълумотлар ва ҳужжатларни жавобгарга тақдим этиши керак эди.

Жавобгар буюртманома олинган пайтдан бошлаб 8 иш куни давомида даъвогарни тўланадиган божхона тўловларининг миқдори тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши керак эди.

Бироқ даъвогар товарларнинг охирги туркуми етказиб берилганда шартномада белгиланган муддатда (20 кун) иш ҳажмига буюртманома ва товарларни божхонадан ўтказиш учун зарур ҳужжатларни тақдим этмаган.

Жавобгарнинг шартномадан келиб чиқадиган мажбуриятларини бажариши муқобил тарзда бўлганлиги учун, у даъвогар ўз мажбуриятларини бажармаганлиги боис ўз мажбуриятларини бажариш имкониятидан маҳрум бўлди.

 

Божхона кодексининг 106-моддасига кўра «товарлар ва транспорт воситаларининг қонун ҳужжатларида белгиланадиган божхона қиймати божни, акциз солиғини ва тегишли бож йиғимларини ҳисоблаб чиқариш учун асос бўлади.

Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш учун товарнинг божхона қиймати асос бўлиб, унга тўланиши лозим бўлган бож суммаси қўшилади».

Айтилганлардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, даъвогар божхона тўловлари миқдори ҳисобланишига асос бўлиши мумкин бўлган тегишли ҳужжатлар (иш ҳажмига буюртманома) тақдим этмасдан жавобгар етказиб бериладиган товар қийматини аниқлаш имкониятига эга эмас эди.

Бундан ташқари, шартномага кўра Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига товарлар олиб кирилганда тўланадиган барча божхона тўловларини даъвогар мустақил равишда ёки жавобгар орқали унинг талабига биноан амалга ошириши керак эди.

 

СУДНИНГ ҚАРОРИ

Суд муҳокамаси давомида даъвогарнинг вакили даъво талабларини қўллаб-қувватлади ва суддан уларни тўлиқ ҳажмда қондиришни сўради. Жавобгарнинг вакили уларни тан олмади ва даъводан воз кечишни сўради.

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, тарафларнинг важларини тинглаб ва муҳокама қилиб, қонунчилик қоидаларини таҳлил қилиб, даъвогарнинг шартнома мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлик учун божхона божлари тўланиши муддатини кечиктирганликка доир пеня ундириш тўғрисида жавобгарга даъво талабларини қондиришни рад этишга қарор қилди.

 

ЮРИСТНИНГ ШАРҲИ

Юқоридаги суд низоси предмети божхона тўловлари тўлаш муддатининг кечиктирилиши ҳисобланади. Бунинг оқибатида пеня юзага келган, уни божхона органи даъвогарнинг ҳисобрақамидан сўзсиз тартибда ундирган.

Мазкур низо даъвогарнинг ўз шартнома мажбуриятларини бажаришга совуққонлик билан муносабатда бўлиши ва ЎзР фуқаролик қонунчилиги талабларини билмаслиги натижасида юз берган.

Ушбу ҳолатда жавобгарнинг мажбуриятларни бажаришни тўхтатиб туриш ёки уларни бажаришдан бош тортиш имконияти Фуқаролик кодексининг 256 ва 336-моддалари меъёрлари моҳиятидан келиб чиқади. Бироқ мазкур меъёрлар диспозитив ҳисобланади, яъни қонун чиқарувчи тарафларнинг ўзаро келишувига кўра шартномаларда бошқа шартларни белгилаш имконини беради.

Бундай низоли ҳолатларнинг олдини олиш учун шартномаларда бир тараф фақат бошқа тарафнинг ўз мажбуриятларини бажармаслигига таяниб, ўз мажбуриятларини бажаришни тўхтатиб туриш ёки бундан бош тортишга ҳақлилиги ҳақидаги шартни назарда тутган маъқул.

 

«Тарафлардан бири шартномага мувофиқ бошқа тарафнинг ўз мажбуриятларини бажаришига боғлиқ қилиб қўйилган мажбуриятни бажариши муқобил бажариш ҳисобланади.

Бурчли тараф шартномада белгилаб қўйилган мажбуриятни бажармаган ёки мажбурият белгиланган муддатда бажарилмаслигини очиқ кўрсатиб турган вазият мавжуд бўлган тақдирда, муқобил ижрони ўз зиммасига олган тараф ўз мажбуриятини бажармай туришга ёки бу мажбуриятни бажаришдан бош тортишга ва кўрилган зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли»

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси,

256-модда.

Тимур ТУРСУНОВ, Алишер УБАЙДУЛЛАЕВ,

«VICTORY YURCONSALT» МЧЖ  юрисконсультлари.

Прочитано: 2244 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика