1 апрелдан айрим бюджет ташкилотларининг бухгалтерлари, иқтисодчилари ва юрисконсультлари (юристлари)нинг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича лавозим разрядлари амалга киритилади (ВМнинг 7.02.2013 йилдаги 33-сон қарорига илова).
1 апрелдан бошлаб импортчилар – тадбиркорлик субъектлари томонидан божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланган ҳолда Ўзбекистон божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун экспорт юк божхона декларациясини мажбурий равишда тақдим этиш тартиби жорий этилади (Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарори 6-банди; Президентнинг 29.01.2013 йилдаги ПҚ-1913-сон қарори 4-банди).
1 апрелдан бошлаб алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотларига қўшимча ҳимоя даражаларига эга бўлган янги намунадаги акциз маркалари жорий этилади. Эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган ҳамда улгуржи ва чакана савдо тармоқларида бўлган алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари янги намунадаги акциз маркалари жорий этилган кундан бошлаб 9 ой ўтгандан кейин маркаланмаган деб ҳисобланади ва белгиланган тартибда олиб қўйилади (ВМнинг 5.02.2013 йилдаги 27-сон қарори 1, 2-бандлари).
1 апрелдан бошлаб алкоголли ва тамаки маҳсулотларини реализация қилувчи, қонун ҳужжатлари белгилаган талабларга мувофиқ янги жойга жойлаштирилмаган турғун савдо шохобчалари илгари берилган рухсат гувоҳномаларига мувофиқ чакана савдони амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмайдилар (ВМнинг 7.03.2012 йилдаги 65-сон қарори 5-банди; ВМнинг 4.12.2012 йилдаги 341-сон қарори).
1 апрелдан бошлаб товарлар ва транспорт воситаларини ҳаво, темир йўл, автомобиль ва сув транспортида Ўзбекистон божхона чегараси орқали олиб ўтишда юк ташувчилар давлат божхона хизмати органларига ҳужжатлар ва маълумотларни рўйхатлар бўйича, Вазирлар Маҳкамасининг 4.03.2013 йилдаги 63-сон қарорига 1–4-иловаларга мувофиқ тақдим этадилар (ВМнинг 63-сон қарори 1-банди).
1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб кираётган ёки транзитини амалга ошираётган юк ташувчилар чегарани кесиб ўтган жойидаги божхона органларига ўтказилаётган товарлар тўғрисидаги маълумотни, шу жумладан уларнинг номи, миқдори, вазни ва юклар қиймати, шунингдек Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизимига мувофиқ уларнинг кодлари ҳақидаги маълумотни тақдим этишлари шарт (Президентнинг 29.01.2013 йилдаги ПҚ-1913-сон қарори 3-банди).