«Норма маслаҳатчи» газетасининг 12.06.2012 йилдаги 24-сонида эксперт-юристингиз Абдусалом Рисқуллаев қуйидаги хатга жавоб берган: «Ходим учта корхонада ишлайди. Унинг иш берувчилари ходимнинг бу тарзда ишлашидан манфаатдорлар. Ҳаммалари бунга розилар. Бироқ ҳатто 4 соатдан ишлаганда ҳам иш вақтининг нормал давомийлиги бузилади. Ходим зарур иш ҳажмларини бажаришга улгуряпти.
Иш вақтининг қандай режими иш берувчилар учун ҳам, ўриндош ходим учун ҳам қонуний ҳамда қулай бўлади, уни қандай ҳисобга олиш керак?»
«Ишга келиш ва ишлаш далили бўйича ҳисобга олиш табелида ўриндош ходимнинг ишланган вақти қайд этилади, – деб жавоб беради эксперт. – Ўриндошлик бўйича ишлайдиган шахсларнинг меҳнат ҳақи миқдори ҳақиқатда бажарилган иш учун ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича белгиланади (МКнинг 160-моддаси). Бинобарин, ҳисобга олиш табелида ҳақиқатда ишланган, муайян иш ҳажмини бажариш учун сарфланган вақт қайд этилиши мумкин».
Ушбу материалдан кейин Вазирлар Маҳкамасининг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори қабул қилинди. У мазкур масалани тартибга солишда бирор нарсани ўзгартирдими? Агар ўзгартирган бўлса, қандай тартибда?
Татьяна Александровна,
Тошкент шаҳри.
– Ҳа, ўзгартирди.
Сизга маълумки, Меҳнат кодекси (МК) 1-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ Ўзбекистонда меҳнатга оид муносабатлар нафақат Меҳнат кодекси, балки, жамоа келишувлари, жамоа шартномалари ва бошқа локал норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади*.
Сизнинг хатингизда кўрсатилган «Табелда ҳақиқатда ишланган соатлар ёзилади» («Норма маслаҳатчи», 12.06.2012 йилдаги 24-сон) тушунтириши чоп этилган кунда МКнинг 160-моддаси амал қиларди. Кейинроқ Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида низом1 (бундан кейин – 297-сон Низом) қабул қилинди, у ўриндошлик асосида ишлаётган жисмоний шахсларнинг ва улар барча мулкчилик шаклидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларда меҳнат шартномасига мувофиқ касблар ва лавозимларни бирга олиб борганларида меҳнат муносабатларини тартибга солишни белгилайди.
Унга кўра, ходим ўзининг асосий ишини бажаришидан таш-қари, асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариш учун меҳнат шартномаларини тузиш ҳуқуқига эгадир (297-сон Низомнинг 2-банди).
Ўриндошлик бўйича ишлашга асосий иш (ички ўриндошлик) ёки бошқа ташкилотда (ташқи ўриндошлик) рухсат берилади, агар 297-сон Низомда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса.
Шуни таъкидлаш лозимки, энди ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Агар ташкилотда ўриндошлар учун иш вақти давомийлигининг ҳар кунги ярим нормасига риоя этилиши мумкин бўлмаган тақдирда, иш вақтини жамлаб ҳисоблаб юритишга йўл қўйилади. Иш вақти жамлаб ҳисоблаб юритилганда ўриндошлик асосида иш вақтининг умумий давомийлиги ҳисобга олинадиган давр учун ўриндошлик асосидаги лавозим бўйича иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлмаслиги керак. Бунда ҳисобга олинадиган давр 1 ойдан ортиқ бўлмаслиги, кунлик ишнинг давомийлиги эса – 12 соатдан ортиқ бўлмаслиги керак (297-сон Низомнинг 7-банди).
Ходим билан ўриндошлик асосида ишлаш учун тузиладиган меҳнат шартномасида Меҳнат кодексида белгиланган талаблар билан биргаликда иш вақтининг давомийлиги мажбурий тартибда кўрсатилади (297-сон Низомнинг 8-банди). Бундан ташқари, унга шахсий варақани тўлдириш (Т-2-сон шакл), унга табель рақамини бериш лозим.
Агар ходим, асосий лавозимдан ташқари, худди шу ташкилотда ўриндошлик бўйича ишласа (ички ўриндошлик), табелни тўлдириш чоғида унинг фамилияси 2 марта кўрсатилади. Биринчи сатрда унинг асосий иш вақти, иккинчи сатрда ўриндошлик бўйича иш вақти ҳисобга олинади.
Ўриндошларнинг меҳнат ҳақи меҳнат шартномасига мувофиқ тўланади:
меҳнат ҳақининг ишбай шаклида – ҳақиқатда бажарилган иш учун;
меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида – ишланган вақтга мутаносиб тарзда амалга оширилади (297-сон Низомнинг 11-банди).
Агар меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида ўриндошга нормаланган топшириқ белгиланса, у ҳолда меҳнатга ҳақ тўлаш ходим томонидан амалда бажарилган иш учун ишнинг пировард натижаси бўйича тўланади (297-сон Низомнинг 12-банди).
Туман коэффициентлари ва иш ҳақига устамалар белгиланган туманларда ишлайдиган ўриндошларга меҳнат ҳақи уларни ҳисобга олган ҳолда тўланади.
Ўриндошлик асосидаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори меҳнат унумдорлигига ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа шартларга қараб, ишланган вақтга мутаносиб равишда, қонун ҳужжатларида белгиланган Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси2 бўйича биринчи разряд тариф коэффициенти асосида ҳисоблаб чиқилган миқдордан паст бўлиши мумкин эмас (297-сон Низомнинг 13-банди).
Ходимнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқишда асосий иш жойи бўйича ва ўриндошлик бўйича иш учун иш ҳақи алоҳида-алоҳида ҳисоблаб чиқилади (297-сон Низомнинг 14-банди).
Агар ички меҳнат тартибида ёки ташкилотнинг жамоавий шартномасида ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ўриндошларнинг меҳнати учун рағбатлантириш ташкилотнинг барча ходимлари учун белгиланган тартибда амалга оширилади (297-сон Низомнинг 15-банди).
Ўриндошлар ўриндошлик асосидаги иш жойи бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси олиш, аёллар эса, бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари олиш ҳуқуқига эгадир (297-сон Низомнинг 18-банди).
Шу тариқа, ўриндош меҳнат шартномаси бўйича асосий иш вақтидан бўш вақтда ишлайдиган ва иш ҳақини ишланган вақтга мутаносиб равишда – меҳнат ҳақининг вақтбай шаклида (агар ўриндошга нормаланган вақт белгиланса) ёки пировард натижа бўйича – у ҳақиқатда бажарган иш учун оладиган ходимдир. Назарий жиҳатдан у, албатта, учта ва тўртта жойда ҳам ишлаши мумкин, бироқ улардаги жами иш вақти кунига 12 соатдан ошмаслиги керак.
1ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган.
2ВМнинг 21.07.2009 йилдаги 206-сон қарори билан тасдиқланган.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.