Биз яқинда никоҳдан ўтдик. Ишлайдиган турмуш ўртоғим ҳозир ҳомиладор. Мен унинг ва бўлғуси фарзандимизнинг соғлиғи учун қайғуряпман. Аёлимнинг ишда бўлиш соатларини камайтирса бўладими? Аёлим бунга рози. Шу масалани қандай ҳал қилса бўлади?
Р.Қўшоқов,
Тошкент шаҳри.
– Меҳнат кодексининг (МК) 229-моддасига биноан ҳомиладор аёлнинг, 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлнинг, шу жумладан ҳомийлигида шундай боласи бор аёлнинг ёки оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш билан банд бўлган шахснинг илтимосига кўра, иш берувчи тиббий хулосага мувофиқ уларга тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилашга мажбур.
Шуни қайд этиш керакки, тўлиқсиз иш вақти шарти билан ишлаш ходимнинг йиллик асосий меҳнат таътилининг муддатини, меҳнат стажини ҳисоблашни ҳамда бошқа меҳнат ҳуқуқларини бирон-бир тарзда чеклашга асос бўлмайди. Ҳақ эса ишланган вақтга ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотга мутаносиб равишда тўланади (МКнинг 119-моддаси учинчи қисми).
Шу тариқа, иш берувчи сизнинг аёлингизга тўлиқсиз иш вақтини (ҳақни ишланган вақтга мутаносиб равишда тўлаш билан бирга) белгилаши учун аёлингиз унга бу тўғрисида ёзилган аризани ва ҳомиладорлигини тасдиқловчи маълумотномани тақдим этиши керак бўлади.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.