Хўжалик судининг ҳал қилув қарорига асосан МЧЖдан ОАЖ фойдасига етказиб берилган товарлар учун қарз суммаси ундирилиши керак. Суд ижрочисининг қарори билан қарздорда ундириш мумкин бўлган мол-мулкнинг йўқлиги туфайли ижро ишини юритиш тўхтатилди ва уни ёки даромадларини излаш бўйича кўрилган чоралар натижасиз бўлиб чиқди. Қарздор МЧЖ битта муассис томонидан ташкил этилган. Унинг устав фонди пул маблағлари билан шакллантирилган.
Қарзни МЧЖ муассисининг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкига қаратиш таомили қандай бўлади?
– «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун (29.08.2001 йилдаги 258-II-сон) 483-моддасининг биринчи қисмига биноан юридик шахснинг қарзлари бўйича, шу жумладан, унинг мол-мулки ижро ҳужжатидаги талабларни ижро этиш учун етарли бўлмаганда, ундирув суд ҳужжати асосида, қонунда белгиланган шартларда ва тартибда унинг, муассисларининг пул маблағларига ҳамда бошқа мол-мулкига қаратилиши мумкин.
«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон) 3-моддасига кўра МЧЖ иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарарлар учун ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўладилар.
Шу тариқа, МЧЖнинг қарзини унинг муассиси мол-мулки ҳисобига сўндириш қонунда назарда тутилмаган.
Сизнинг ҳолатингизда қарздорда пул маблағлари ёки сизнинг олдингиздаги қарзни сўндириш учун бошқа мол-мулк бўлмаганида судга уни банкрот деб топиш ва «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунга (24.04.2003 йилдаги 474-II-сон Қонун билан тасдиқланган таҳрирда) мувофиқ тугатиш ишини юритиш тўғрисида мурожаат қилиш лозим.
Бунда «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун 5-моддасининг ўн биринчи қисмида назарда тутилишича, МЧЖнинг банкротлиги иштирокчи сифатидаги шахснинг айби туфайли вужудга келган бўлса, жамиятнинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда бундай шахс зиммасига унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкин.
Артём МОКШИН, «Norma» эксперт юридик хизматининг раҳбари.