Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 10 / 2013 йил – Обод турмуш йили

Таълим тизимини ривожлантириш – мамлакатимиз тараққиётининг муҳим омили

Президентимиз Ислом Каримовнинг қарори билан тасдиқланган «Обод турмуш йили»  Давлат дастурининг тўртинчи бўлимида жисмонан соғлом, маънан етук – баркамол авлодни тарбиялаш, кадрларни касб жиҳатдан ҳозирги замон талаблари даражасида тайёрлаш, таълим сифатини янада ошириш ва такомиллаштириш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини юксалтиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилган.

 

«Таълим тўғрисида»ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурини ҳаётга татбиқ этиш давомида замон талабларига жавоб берадиган, барча жабҳаларда мамлакатимизни изчил ривожлантиришни таъминлаш шарт-шароитларига мос келадиган, бутун

дунёда эътироф этилган ноёб узлуксиз таълимнинг миллий модели яратилди.

«Обод турмуш йили» Давлат дастурида 217 умумтаълим мактабини реконструкция қилиш ва 164 тасини капитал таъмирлаш, 159 академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, олий таълим муассасаларининг 45 объектини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш режалаштирилган. Уларнинг барчаси компьютер техникаси, ўқув-лаборатория жиҳозлари ва бошқа инвентарлар билан таъминланади. Шунингдек, 55 мусиқа ва санъат мактаби, 116 болалар спорти объектини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда уларни барча зарур жиҳозлар билан таъминлаш кўзда тутилган.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари ва уларнинг ҳудудлардаги филиаллари оптик-толали алоқага эга бўлиб, улар «ZiyoNET» миллий таълим тармоғи ҳамда юқори тезлик билан ишлайдиган интернетга уланган. Ишга туширилган ягона ахборот-кутубхона тизимига 300 мингдан ортиқ дарслик, қўлланма ва бошқа ўқув адабиётларига доир библиографик маълумотлар киритилган. 2013-2016 йилларда ушбу базани 30 мингдан ортиқ электрон дарслик ва китоблар билан тўлдириш режалаштирилмоқда.

Мамлакатимизда замон талабларига жавоб берадиган янги авлод дарсликларини яратиш тизими шакллантирилди. Айни пайтда улар жами ўқув адабиётларининг 99,4 фоизини ташкил қилади. 2013 йилда касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг кутубхона фонди 343 номдаги 600 мингта ўқув қўлланмалари билан бойитилади. Бундан ташқари, умумтаълим мактабларининг биринчи синф ўқувчилари, Меҳрибонлик уйлари ва мактаб-интернатлар тарбияланувчилари, кам таъминланган оилалар фарзандларини дарсликлар ҳамда қўлланмалар билан бепул таъминлаш белгиланган.

Биринчи синфга тайёрлашни янада яхшилаш мақсадида мактабгача таълим тизимига янги мазмун-моҳият бағишлаш кўзда тутилган. Давлат бюджети ҳисобидан ҳар бир мактабгача таълим муассасаси болаларнинг интеллектуал ва мантиқий фикрлаш қобилиятини эрта ривожлантиришга ёрдам берадиган кўргазмали қўлланмалар ҳамда материаллар билан таъминланади. Мактабга тегишли шаклда тайёрлаш имконини берадиган бешта китобдан иборат расмли қўлланмалар тўпламини нашр этиш режалаштирилган. Ҳар йили улар мактабгача таълим муассасаларига жалб этилмаган болаларга бепул тарқатилади.

Ёшлар, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини кичик бизнесга жалб қилиш масаласи ҳам давлат сиёсати даражасига кўтарилган муҳим вазифалардан биридир. Шундан келиб чиққан ҳолда, «Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш дастури» лойиҳаси доирасида олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежларида қишлоқ хўжалиги, саноат, ахборот технологиялари, атроф-муҳит муҳофазаси ва хизмат кўрсатиш соҳалари мутахассисларини тайёрлаш учун мақсадли курслар ташкил этиш мўлжалланмоқда. Ёш тадбиркорларга моддий ва услубий ёрдам кўрсатилади, ҳудудий махсус маслаҳат марказлари фаолияти такомиллаштирилади.

Жорий йилда «Таълим грантлари дастури», «Иқтидорли талабалар учун стипендиялар дастури» танловларини ўтказиш давом эттирилади. Шунингдек, кам таъминланган оилалардан ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида ва олий ўқув юртларида ўқиётган 100 нафар иқтидорли йигит-қизлар учун касаба уюшмаси стипендиялари таъсис этилади.

Мамлакатимизда болалар ва ёшларнинг истеъдоди ҳамда ижодий қобилиятини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2013 йилда «Янги авлод» болалар ижодиёти фестивали, замонавий хореография ва спорт пластикаси халқаро танлови, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ўртасида академик ва эстрада ижрочилиги бўйича республика танлови, «Иқтидорли ёшлар – Ватан равнақи йўлида» шиори остида ўқувчиларнинг «Йилнинг энг яхши ихтирочиси» танлови ўтказилади. Аксарияти анъанага айланган бу тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудидаги иқтидорли болаларни аниқлаш ва уларнинг ижодини ривожлантиришга хизмат қилмоқда, ўсиб келаётган ёш авлоднинг юқори салоҳиятини намойиш этмоқда.

Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортни янада кенгроқ оммавийлаштириш мақсадида 2013 йилда қишлоқ аҳолиси, айниқса, ёшлар ўртасида «Алпомиш» ва «Барчиной» ҳудудий мусобақалари, «Миллий қадриятлар – беқиёс бойлигимиз» шиори остида миллий спорт ва халқ ўйинлари республика фестивали, Наврўз, Мустақиллик байрамларига бағишланган умуммиллий марафонлар ташкил этилади. Бухорода «Универсиада – 2013» мусобақалари бўлиб ўтади.

Ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларда миллий ифтихор ва ўзликни англаш, ватанпарварлик, ўз халқининг тарихи ҳамда маданиятини ҳурмат қилиш фазилатларини шакллантириш келажакка қаратилган ушбу улкан ишларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Ушбу хайрли ишлар доирасида жорий йилда ёшларнинг касб кўникмаси ва инсоний фазилатларини ривожлантириш учун таълим оромгоҳлари, ёш журналистлар учун медиа-оромгоҳлар, турли йўналишлар бўйича мунтазам ўтказиладиган семинарлар, тренинг ва маҳорат сабоқлари ташкил этилади.

Давлат дастурида «Биз баркамол авлодмиз» ўн кунлиги, Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган «Ҳар бир болага меҳр ва эътибор» ҳафталигини ўтказиш режалаштирилган.

Халқимиз азалдан илм ва маърифатга интилган. Истиқлол йилларида ушбу соҳа давлат сиёсатининг устувор йўналишлари қаторидан ўрин олди. Буни «Обод турмуш йили» Давлат дастури ҳам яққол тасдиқлайди. Унда жисмонан соғлом, маънавий етук баркамол ёшларни тарбиялаш ва уларнинг билим олиши бўйича белгиланган вазифаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши мамлакатимизда фаровон ҳаётни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

  ЎзА материали асосида

тайёрланди.

Прочитано: 6280 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика