Вазирлар Маҳкамасининг «Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартибини такомиллаштириш ҳақида»ги қарори (29.12.2012 йилдаги 367-сон) билан Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда Ҳарбий академик лицейлар ўқувчиларини ўқишдан четлаштириш ва бошқа таълим муассасасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Эндиликда юқорида кўрсатилган муассасаларнинг ўқувчилари ўқишини бир муассаса ичида, шунингдек бошқаларига кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш ёзги таътил даврида, ўқув машғулотлари бошланишига қадар бепул амалга оширилади. Бу бир таълим муассасаси доирасида амалга оширилса, ушбу муассаса директорининг буйруғи кифоя.
Бир минтақа доирасида ўқувчилар ўқишини бир муассасадан бошқасига кўчириш ёки қайта тиклаш иккала муассаса директорларига бериладиган ўқувчининг ёзма аризаси, ўқувчи вояга етмаган бўлса унинг ота-онасидан бирининг (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) аризаси ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тегишли ҳудудий бошқармасининг рухсати билан амалга оширилади.
Бир минтақадан бошқа минтақага ўқувчилар ўқишини кўчириш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази рухсати билан амалга оширилади. Унинг рухсати бошқа давлатларнинг таълим муассасаларида таҳсил олган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ўқишини республика ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига кўчириш; ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларини ота-оналари билан биргаликда доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқиб кетиши муносабати билан ўқишдан четлаштириш; бир ҳудуд доирасида ўқувчиларни бир ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларидан турли вазирликлар (идоралар) тасарруфидаги бошқа ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасига кўчириш; ўқувчиларни Таснифлагичга мувофиқ бир билим соҳасидан бошқа билим соҳасига кўчириш ҳолларида ҳам зарур.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси ўқувчилари қуйидаги ҳолларда ўқишдан четлаштирилиши мумкин: саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида) академик таътил олганда; ўқиши бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан; доимий яшаш учун бошқа давлатга чиқиб кетганда; суднинг қарори билан озодликдан маҳрум этилганда.
Римма СОЛОДОВНИКОВА, эксперт-юристимиз.