Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар «Лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг тубдан қисқариши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг баъзи қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини (бундан кейин – қонун лойиҳаси) муҳокама қилдилар ва биринчи ўқишда қабул қилдилар. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши ишбилармонлик муҳитини янада эркинлаштиради. Унинг қоидалари ишбилармонлик ташаббусини амалга оширишга халал бераётган кўпгина тўсиқларни бартараф эта олади.
Президентнинг «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармони (16.07.2012 йилдаги ПФ-4453-сон) аҳамияти жуда каттадир. Унда назарда тутилган бюрократик ғовларни бартараф этиш, лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ҳамда соддалаштириш, ҳисобот тизимини ва ҳисоботларни тақдим этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари ишбилармонлик муҳитини анчагина яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун янада қулайроқ шарт-шароитларни вужудга келтириш имконини берди. Ҳозир депутатлар муҳокама қилаётган қонун лойиҳаси ушбу жараёнга қонунчилик хусусиятини бериши керак. Муҳокама қилинаётган ҳужжат давлат статистик, молия, солиқ ҳисоботлари ҳамда бошқа ҳисобот турларини уларни бекор қилиш ва бир-бирини такрорловчи шаклларни бирлаштириш эвазига қисқартиришни назарда тутади. Чунончи, қонун лойиҳасида «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида» Қонунга (30.08.1996 йилда 279-I-сон) ўзгартиришлар киритиш назарда тутилган бўлиб, уларга мувофиқ молия ҳисоботлари таркибидан асосий воситаларнинг ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот чиқариб ташланади.
Президентнинг ПФ-4453-сон Фармони билан ўтган йилнинг 1 августидан бошлаб рухсат беришга оид 80 та тартиб-таомил ва лицензияланадиган фаолият турларининг 15 таси бекор қилинди, бу эса тегишинча улар умумий сонининг 26 ва 20%ини ташкил қилади. Бу нарса, хусусан, уларни бекор қилиш ва бирлаштириш ҳисобига амалга оширилди. Ўзгартиришлар қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш, аудиовизуал асарлар, фонограммалар учун моддий ифодаловчилар ва компьютерлар учун дастурлар ишлаб чиқариш, ички ва халқаро ҳаво линияларида йўловчи ва юклар ташиш, персонал радиочақирув тармоқларини ло-йиҳалаш, қуриш, фойдаланиш ва улар хизматлари ҳамда бошқа лицензияланадиган фаолият турларига тааллуқли бўлди.
Бунда, масалан, ионли нурланиш манбалари билан муомала қилиш соҳасида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш, уларни лойиҳалаштириш, қуриш ва уларга хизмат кўрсатиш, улар учун технологик ускуналар, радиацион ҳимоя воситаларини конструкциялаш ва тайёрлаш, шунингдек бундай манбаларни кавлаб олиш, ишлаб чиқариш, ҳосил қилиш, қайта ишлаш, ишлатиш, хизмат кўрсатиш, ташиш, зарарсизлаштириш, утиллаштириш ва ерга кўмиш юқори технологик фаолиятнинг ягона лицензияланадиган турига бирлаштирилди.
Объектларни қабул қилиш ва фойдаланишга жорий этиш, саноат ёки маиший чиқиндиларни уюб қўйиш ёки тупроққа кўмишга рухсат бериш таомилларини бекор қилиш, фуқаролик аэродроми ва экспериментал авиация аэродромини рўйхатга олиш гувоҳномасини, божхона имтиёзлари берилган, шартли чиқарилган товарлар ва транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни тасарруф этишга рухсатномаларни бекор қилиш, маданий бойликлар реализациясида иштирок этиш, суғурталовчини тугатишга рухсатномаларни бекор қилиш, қимматли қоғозлар савдосини ташкил этиш қоидаларини келишиб олишни бекор қилиш ва бошқа таомиллар ҳам ишбилармон кишиларнинг ташаббусини рағбатлантиради.
Муҳокама қилинаётган қонун қабул қилиниши билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Ҳаво ва Божхона кодекслари, Олий Мажлиснинг «Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида» қарори (12.05.2001 йилдаги 222-II-сон), «Давлат санитария назорати тўғрисида», «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Суғурта фаолияти тўғрисида», «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида», «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Чунончи, масалан, «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги Қонундан ноширлик фаолиятини амалга оширишга лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги талабни чиқариб ташлаш назарда тутилади, чунки ПФ-4453-сон Фармон билан белгиланишича, ноширлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензияларнинг амал қилиш муддатлари чекланмасдан берила бошланди.
Бундай қоида қурилиш лойиҳалари экспертизасини ўтказиш, архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланишга топшириш ва таъмирлаш бўйича фаолиятга нисбатан ҳам қонунлаштирилади.
Янги асослар бўйича, шу жумладан лицензия беришдан бош тортиш тўғрисида кўрсатилмаган асослар бўйича, агар тадбиркорлик субъектлари томонидан илгари кўрсатилган камчиликларни бартараф этган ҳолда аризалар такроран тақдим этилган тақдирда, янги асослар бўйича лицензия ва рухсатномалар беришдан бош тортиш тақиқланганлиги қоғозбозлик ва сансалорликни жиддий равишда чеклаш бўлиб хизмат қилади.
Полянте СВЕШНИКОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати, ЎзЛиДеп фракцияси аъзоси.
Қонунчилик палатаси депутатларининг муҳокама қилинаётган қонун лойиҳалари бўйича нуқтаи назарлари билан таҳририятнинг бош маслаҳатчиси Маъруф УСМОНОВ танишди.