Корхона Ўзбекистон ҳудудида ички туризм фаолияти билан шуғулланиб, турларни ташкил этади. Кўрсатилаётган хизматларга мижозларнинг онлайн сайтлар орқали қизиқиши ортиб бораётганлиги кузатилмоқда. Ташкил этилган туристик пакетлар учун чет эл фуқаролари томонидан олдиндан корхонамизнинг ҳисобрақамига чет эл валютасида тўғридан-тўғри тўловлар амалга оширилмоқда.
Корхона ушбу чет эл фуқароларига (жисмоний шахсларга) кўрсатилаётган туризм хизматларидан олинган даромадларни солиқ ҳисоботларида қандай тартибда акс эттириши керак?
– Ушбу фаолият бўйича олинадиган айланма ва даромадни солиқ ҳисоботларида акс эттириш худди бошқа хизмат турларидаги каби амалга оширилади.
Авваламбор, эътиборингизни қаратишингиз керак бўлган бир масала бор – бу туризмнинг шакллари («Туризм тўғрисида»ги Қонун 5-м., ЎРҚ-549, 18.07.2019 й.).
Туризм халқаро ва ички туризм шаклларига эга.
Халқаро туризм қуйидагиларни ўз ичига олади:
• кириш туризми – Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдиган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги саёҳати;
• чиқиш туризми – Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи шахсларнинг бошқа мамлакатга саёҳати.
Ички туризм Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги саёҳатини ўз ичига олади.
Чет эл фуқаролари корхонангизнинг Ўзбекистон Республикаси ичида ташкил этиладиган турларини сотиб олиб, ушбу турларда иштирок этсалар, бу кириш туризми ҳисобланади.
Агар корхонангиз туроператорлик фаолияти билан шуғулланса, туризмнинг бу шакли учун алоҳида лицензия олиши керак, чет эллик туристларга Ўзбекистон Республикаси бўйича турларни ички туризм лицензияси билан сотиш мумкин эмас («Туризм тўғрисида»ги Қонун 20-м., Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низом, 21.02.2022 й. 80-сон ВМҚга 1-илова).
Энди солиқ солиш масаласига ўтамиз.
ҚҚС
Корхона чет эллик юридик ёки жисмоний шахсларга туризм хизматларини кўрсатганида, уларнинг кўрсатилиш жойидан қатьи назар, хизматлар экспортини амалга оширади (Янги таҳрирдаги «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги Қонун 11-м.).
Реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма ҚҚС солиш объектидир (СК 238-м. 1-қ. 1-б.). ҚҚС солиш мақсадида хизматларни реализация қилиш жойи СК 241-моддасига мувофиқ аниқланади.
Сизнинг вазиятингизда туризм хизматлари ҳақиқатда Ўзбекистонда кўрсатилганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди уларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади (СК 241-м. 3-қ. 3-б.). Шундай экан, бу хизматлар ҚҚСга тортилади. Корхонангиз чет эллик туристларга туризм хизматларини кўрсатганида бир томонлама «Ўзбекистон ҳудудида хизматлар экспорти» турида ЭҲФ расмийлаштиради. ЭҲФ автоматик тарзда ҚҚС ҳисоб-китобига иловада акс этади ва ундаги суммалар ҳисоб-китобни шакллантиришда иштирок этади.
Фойда солиғи
Фойда солиғи бўйича солиқ солиш базасини аниқлашда:
• туризм хизматини кўрсатишдан олинган даромад жами даромад таркибига киритилади (СК 297-м. 3-қ. 1-б.);
• иқтисодий жиҳатдан оқланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган чиқимлар чегирилади (СК 305-м. 1-5-қ.).
Даромадлар ва харажатлар фойда солиғи ҳисоб-китобининг тегишли иловаларида акс эттирилади.
Айланмадан олинадиган солиқ
Айланмадан олинадиган солиққа корхонанинг жами даромади тортилади (СК 463-м.).
Агар корхона айланмадан олинадиган солиқ тўласа, у ҳолда ҚҚСсиз бир томонлама ЭҲФ расмийлаштирилади. Бу ЭҲФда кўрсатилган даромад суммаси автоматик тарзда айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида акс этади.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Норма» эксперти, солиқ маслаҳатчиси.
