Аудитнинг ҳуқуқий асослари
Ўзбекистонда аудиторлик фаолияти 25.02.2021 йилдаги ЎРҚ-677-сон Қонун билан тартибга солинади, унга асосан (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 3-м.):
• аудиторлик фаолияти – бу аудиторлик ташкилотларининг аудиторлик хизматларини кўрсатиш бўйича тадбиркорлик фаолияти;
• аудиторлик ташкилоти – аудиторлик текширувларини ўтказиш ва турдош хизматлар кўрсатиш бўйича аудиторлик фаолиятини амалга оширувчи тижорат ташкилоти;
• аудитор – аудиторнинг малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахс.
Аудиторлик фаолиятининг асосий принциплари – мустақиллик, холислик ва ҳалоллик, касбий билимга эгалик ва ахборотнинг махфийлиги (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 4–8-м.).
Аудиторлик ташкилоти ўзи ҳақидаги маълумотлар Аудиторлик ташкилотларининг реестрига киритилган санадан эътиборан аудиторлик фаолиятини амалга оширишга ҳақлидир (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 27-м.). У аудиторлик текширувининг буюртмачиси, текширилаётган ташкилот ва молиявий ҳисоботнинг бошқа фойдаланувчилари олдида молиявий ҳисобот ва бошқа молиявий ахборот тўғрисидаги нотўғри хулосадан иборат аудиторлик хулосасини тузиш оқибатида уларга етказилган зарар учун жавобгар бўлади.
Аудиторлик хизматлари аудиторлик ташкилоти ва аудиторлик хизматлари буюртмачиси ўртасида тузилган шартнома асосида аудиторлик текширувлари ва турдош хизматлар кўрсатиш тарзида амалга оширилади (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 31-м.).
Аудиторлик текшируви – бу хўжалик юритувчи субъект молиявий ҳисоботининг ва у билан боғлиқ молиявий ахборотининг ишончлилигини ва бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқлигини тасдиқлаш мақсадида аудиторлик ташкилоти томонидан ўтказиладиган текширув (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 32-м.).
Аудиторлик ташкилотлари «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 33-моддасида ва аудиторлик фаолияти стандартларида назарда тутилган турдош хизматларни ҳам кўрсатиши мумкин.
Аудиторлик текшируви мажбурий тарзда ёки ташаббус шаклида ўтказилади (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 32-м.).
Мажбурий аудит
Қуйидагилар мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 35-м.):
• акциядорлик жамиятлари;
• банклар ва бошқа кредит ташкилотлари;
• суғурта ташкилотлари;
• қишлоқ хўжалиги кооперативлари;
• инвестиция фондлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағларини жамловчи бошқа фондлар ҳамда уларнинг инвестиция активларини ишончли бошқарувчилари;
• манбалари юридик ва жисмоний шахсларнинг ажратмаларидан иборат бўлган хайрия, жамоат фондлари ва бошқа фондлар. Бундан бир календарь йилда банк ҳисобварақларида пул айланмаси мавжуд бўлмаган жамоат фондлари мустасно;
• устав фондида давлатга тегишли улушга эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар;
• биржалар;
• ҳисобот йили якунларига кўра қуйидаги шартлардан бир вақтнинг ўзида иккитасини бажарадиган тижорат ташкилотлари:
|
Активларнинг баланс қиймати |
100 000 БҲМдан ортиқ |
|
Маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум |
200 000 БҲМдан ортиқ |
|
Ходимларнинг ўртача йиллик сони |
100 нафардан ортиқ |
Санаб ўтилган ташкилотлар текширув буюртмачилари ҳисобланади. Улар мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилгандан кейин 15 кун ичида, бироқ ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 июнидан кечиктирмай солиқ органларига аудиторлик хулосасининг кўчирма нусхасини тақдим этишлари керак.
Хулосани солиқ тўловчининг my3.soliq.uz даги шахсий кабинети орқали «Электрон ҳужжат айланиши» бўлимидаги «Аудиторлик хулосаларини юбориш» хизмати ёрдамида тақдим этинг.
Агар ташкилот белгиланган муддатда йиллик молиявий ҳисобот аудитидан ўтмаса ва аудиторлик хулосаси бўлмаса, бу мажбурий аудиторлик текширувини ўтказишдан бўйин товлаш деб ҳисобланади (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 35-м. 7-қ.).
Бўйин товлаш қуйидагиларга сабаб бўлади:
• хўжалик юритувчи субъектнинг мансабдор шахсига БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима тарзидаги маъмурий жазони қўллаш (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 35-м. 6-қ., МЖТК 179-1-м.);
• хўжалик юритувчи субъектдан 100 БҲМ миқдорида жарима ундириш – агар солиқ органи томонидан маъмурий жазо қўлланилганидан кейин календарь йил охиригача аудиторлик текшируви ўтказилмаган бўлса. Ташкилот жаримани ихтиёрий равишда тўлашдан бўйин товлаган тақдирда ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги масала иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 35-м. 8-қ.).
Бунда жарима тўлаш хўжалик юритувчи субъектни мажбурий аудиторлик текшируви ўтказишдан озод қилмайди (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 35-м. 9-қ.).
ВАЗИЯТ. Корхонанинг давлатга тегишли улушга эга бўлган муассиси бор.
Корхона муассисларидан бири – устав фондида давлатга тегишли улушга эга бўлган ташкилот.
Корхона мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши керакми?
• Мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган ташкилотлар рўйхатига устав фондида давлатга тегишли улушга эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар киради (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 35-м.). Улар бошқа ташкилотларнинг иштирокчилари бўлиши мумкин. Бунда муассислари таркибида давлатга тегишли улушга эга бўлган хўжалик юритувчи субъект бўлган ташкилот устав фондида давлатга тегишли улушга эга бўлган ташкилот ҳисобланмайди.
Агар корхона мажбурий аудитдан ўтиш учун ҳеч қандай шартларга жавоб бермаса, ундан мажбурий тартибда ўтиш шарт эмас. Бироқ ташаббус тарзида аудитдан ўтказиш мумкин.
ВАЗИЯТ. Мажбурий аудитдан ўтиши лозим бўлган ташкилотда солиқ аудити ўтказилди
Ташкилотда мажбурий аудиторлик текшируви ўтказиладиган давр учун солиқ аудити ўтказилди.
Солиқ аудити ўтказилган бўлса, ташкилот мажбурий аудитдан ўтмаслиги мумкинми?
• Йўқ, аудитдан ўтиши керак. Мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиш учун бир хил шартлар, солиқ аудити учун эса бошқача шартлар белгиланган. Улар бир-бири билан боғлиқ эмас, лекин ўтказиш муддатлари ва текширилаётган даврлар бўйича мос келиши мумкин.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда айрим ташкилотларни мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказиш тўғрисидаги талаблар бўлиши мумкин. Масалан, ҳар йили ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 июлига қадар қуйидагилар мажбурий аудитдан ўтказилиши керак:
• Технопарк резидентлари (15.07.2019 й. 589-сон ВМҚга 18-илова);
• Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасининг бошқарувчи компанияси (18.05.2019 й. 420-сон ВМҚга илова 45-б.).
Ташаббус тарзидаги аудит
Агар ташкилот мажбурий аудитдан ўтказилмаса, у ташаббус тарзидаги аудиторлик текширувидан ўтишга ҳақли.
Ташаббус тарзидаги аудитни исталган қулай вақтда ўтказиш мумкин, у қуйидагиларга ёрдам бериши мумкин:
• бухгалтерия ва бошқа бўлинмалар ишининг самарадорлигини баҳолаш;
• ҳисоб ва ҳисоботдаги бузиб кўрсатишлар ва хатоларни аниқлаш;
• ҳисоб жараёнларини мақбуллаштириш бўйича тавсиялар олиш;
• инвесторлар ёки кредиторлар билан битимларга тайёргарлик кўриш;
• ҳамкорларнинг молиявий ҳисоботга бўлган ишончини ошириш.
Юридик шахснинг ўзи, унинг мулкдори, устав фондида камида 5% улушга эга бўлган муассислар (акциядорлар), шунингдек назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бундай текширувнинг буюртмачилари бўлиши мумкин (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 36-м.).
Назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ташаббусига кўра ўтказиладиган аудиторлик текшируви аудиторлик ташкилоти ва ушбу органлар ўртасида тузилган шартнома бўйича ўтказилади ва мазкур шартнома асосида ҳақ тўланади. Бунда айни бир аудиторлик ташкилотини айни бир хўжалик юритувчи субъектнинг фаолиятини айни ўша асосларга кўра текширишга такроран жалб этиш мумкин эмас.
Аудиторлик текширувини ўтказишга доир ишларга ҳақ тўлаш аудиторлик текширувини ўтказиш ташаббуси билан чиққан шахс ёки орган ҳисобидан амалга оширилади.
Ташаббус тарзидаги аудиторлик текширувини ўтказиш предмети, муддатлари ҳамда бошқа шартлари буюртмачи ва аудиторлик ташкилоти ўртасида тузиладиган аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисидаги шартномада белгиланади.
Ташаббус тарзидаги аудитда аудитнинг йўналиши ва ҳажмини белгилаш, яъни муайян масалаларни текшириш тўғрисида келишиб олиш мумкин (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 38-м.). Масалан, фақат ташкилот ходимлари билан ҳисоб-китобларни текшириш.
Аудитдан ўтказишни қандай ташкил этиш керак
1-қадам. Аудиторлик ташкилотини танлаш
Аудиторлик ташкилотлари реестрига киритилган аудиторлик ташкилотини танланг. Уни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги сайтида топиш мумкин.
Танлашнинг асосий мезонлари:
• сизнинг тармоғингизда иш тажрибасининг мавжудлиги;
• обрўси ва мижозларнинг фикр-мулоҳазалари;
• мутахассислар малакаси;
• хизматлар нархи.
Аудиторлик ташкилотларига қонунчилик томонидан қўйилиши мумкин бўлган қўшимча талабларни ҳисобга олинг. Масалан, мажбурий аудитни ўтказиш учун аудиторлик ташкилотлари (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 35-м. 2-қ.):
• штатида камида кетма-кет узлуксиз 3 йиллик иш стажига ёки халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган камида 2 нафар аудиторнинг мавжудлиги;
• аудиторлик ташкилотининг иши сифатини ташқи назоратдан ўтказиш натижаларига кўра, аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши ҳоллари мавжуд эмаслиги.
Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасининг бошқарувчи компаниясини мажбурий аудитдан ўтказиш учун «катта тўртлик»ка кирадиган аудиторлик ташкилоти жалб этилади (18.05.2019 й. 420-сон ВМҚга илова 44-б.).
Аудиторлик текширувининг нархи бир нечта омилларга боғлиқ:
1) ташкилотнинг кўлами:
• тушум ҳажми;
• операциялар сони;
• ходимлар сони;
• алоҳида бўлинмаларнинг мавжудлиги;
2) ҳисобга олишнинг мураккаблиги:
• фаолият турлари сони;
• контрагентлар сони;
• ташқи иқтисодий фаолиятнинг мавжудлиги;
3) ҳисобга олиш сифати:
• тизимлаштирилган ҳужжатларнинг мавжудлиги;
• автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимларидан фойдаланиш;
• бошланғич ҳужжатларни расмийлаштириш сифати.
4) текшириш муддатлари (қисқа муддатларда текшириш қимматроқ туради);
5) ташаббус тарзидаги текширувда аудит ҳажми. Агар сиз алоҳида масалалар бўйича текширувга буюртма берсангиз, аудит нархи арзонроқ бўлади.
Таққослаш ва «нарх–сифат» нисбати бўйича яхшироқ танлаш учун бир нечта аудиторлик ташкилотларидан тижорат таклифларини сўраб олиш мумкин.
2-қадам. Шартнома тузиш
Аудиторлик хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномада қуйидагиларни кўрсатинг:
• шартнома предмети (муайян давр учун аудиторлик текшируви);
• аудитнинг йўналиши ва ҳажми;
• томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
• аудитни ўтказиш муддатлари;
• хизматлар қиймати ва ҳисоб-китоблар тартиби;
• аудит якунлари бўйича аудиторлик хулосаси ва бошқа ҳужжатларни тақдим этиш тартиби;
• ахборотнинг махфийлиги;
• томонларнинг жавобгарлиги;
• бошқа қоидалар.
3-қадам. Ҳужжатларни тайёрлаш
Аудиторлик ташкилотининг сўровига кўра:
• зарур бошланғич ҳужжатларни тайёрланг ва уларни жадвалларда тизимлаштиринг;
• контрагентлар, шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар, бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар) далолатномалари ва бошқа ҳужжатлар бўйича маълумотларни шакллантиринг;
• текширилаётган давр учун молиявий ва солиқ ҳисоботларини тайёрланг;
• бухгалтерия дастурларидан маълумотларни юклаб олинг (карточкалар ва ҳисобварақлар таҳлили, айланма-сальдо қайдномаси).
4-қадам. Аудиторлик текширувини ўтказиш
Аудиторлар тақдим этилган маълумотларни таҳлил қиладилар, аудиторлик тартиб-таомилларини бажарадилар ва аниқлаштирувчи саволлар берадилар. Сўров бўйича қўшимча ҳужжатларни тезкор тарзда тақдим этишга тайёр туринг.
5-қадам. Аудиторлик хулосасини олиш
Текширув тугагандан сўнг аудиторлик ташкилоти аудиторлик хулосаси ва шартномада назарда тутилган бошқа ҳужжатларни беради.
6-қадам. Солиқ органига аудиторлик хулосасини тақдим этиш
Буни my3.soliq.uz сайти орқали ўз вақтида амалга оширинг.
Аудиторлик текшируви учун ҳужжатларни қандай тайёрлаш керак
Текширилаётган ташкилот (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 37-м. 2-қ.):
• шартномада белгиланган муддатларда текширувни ўтказиш учун аудиторларга шарт-шароитларни яратиб бериши;
• уларга зарур ҳужжатларни тақдим этиши;
• шартномадан келиб чиқадиган мажбуриятларга риоя этиши керак.
Ташкилот аудит ўтказишдан бош тортиш ёки унга тўсқинлик қилиш мақсадида ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) содир этишга ҳақли эмас (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 37-м. 3-қ.).
Аудиторлик текшируви учун ҳужжатларнинг тахминий рўйхати:
|
Таъсис ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар |
• устав ва унга ўзгартиришлар; • таъсис шартномаси; • муассислар (акциядорлар) йиғилишининг баённомалари; • давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома; • лицензиялар (агар мавжуд бўлса) |
|
Бошланғич ҳужжатлар |
• контрагентлар билан тузилган шартномалар; • ҳисобварақ-фактуралар ва бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар) далолатномалари; • юк хатлари, товар-транспорт юкхатлари; • касса ва банк ҳужжатлари |
|
Кадрларга доир ҳужжатлар |
• штат жадвали; • меҳнат шартномалари; • ишга қабул қилиш, ишдан бўшатиш, таътиллар ва бошқалар тўғрисидаги буйруқлар; • иш вақтини ҳисобга олиш табели; • иш ҳақи бўйича ҳисоб-китоб ва тўлов қайдномалари |
|
Ҳисоботлар |
• молиявий; • солиқ; • статистика |
|
Бухгалтерия дастурларидан олинган маълумотлар |
• ҳисобварақлар карточкалари; • ҳисобварақлар таҳлили; • айланма-сальдо қайдномаси; • бош китоб |
|
Инвентаризация ҳужжатлари |
• инвентаризация рўйхатлари; • инвентаризация далолатномалари; • солиштирма қайдномалар |
Аудиторларнинг ахборот ва ҳужжатларнинг сақланиши учун масъулиятини ошириш мақсадида:
• шартномадаги ахборотнинг махфийлиги тўғрисидаги бўлимни пухта ишлаб чиқинг;
• шартномада кўрсатилган масъул шахс имзоси билан ҳужжатларни аудиторларга топширинг.
Вазият. Ташкилот аудиторлар учун электрон ҳужжатларни қоғозда чоп этиш ёки чоп этмаслик масаласини ҳал қилади.
Ташкилот аудиторлар учун электрон ҳужжатларни қоғозда чоп этиш ёки чоп этмаслик масаласини ҳал қилади.
Ташкилот ҳисобни бухгалтерия дастурида юритади.
Ҳужжатларни аудиторлар учун қоғозда чоп этиш керакми?
• Шарт эмас. Электрон ҳужжат қоғоз ҳужжатга тенглаштирилади ва у билан бир хил юридик кучга эга бўлади (29.04.2004 й. ЎРҚ-611-II-сон, 7-м.).
Аудиторлар ҳужжатларни бухгалтерия дастурида кўришлари мумкин. Бунинг учун:
• аудиторларга электрон ҳужжатлар реестридан фойдаланиш имкониятини тақдим этинг;
• уларга ҳужжатларни бухгалтерия дастурида кўриш имкониятини таъминланг;
• қоғоз ҳужжатларни қандай бўлса, шундай шаклда тақдим этинг.
Агар қулайлик учун бир нечта ҳужжатларни қоғозда чоп этиш керак бўлса, буни бевосита текшириш чоғида амалга ошириш мумкин.
Сизга Махфий ахборотни сақлаш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги низом керак бўлиши мумкин.
Аудиторлик текшируви натижалари бўйича қандай ҳужжат тузилади
Аудиторлик текшируви натижалари бўйича аудиторлик хулосаси тузилади – бу молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги ва бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги тўғрисида аудиторлик ташкилотининг фикрини ўз ичига олган ҳужжат (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 39-м.).
Аудиторлик хулосаси рақамланган, ҳар бир саҳифаси аудиторлик текширувини амалга оширган аудитор (аудиторлар) ва аудиторлик ташкилотининг раҳбари томонидан имзоланган бўлиши керак. Хулосага аудиторлик ташкилотининг фикри қайси молиявий ҳисоботга нисбатан ифодаланган бўлса, ўша молиявий ҳисобот илова қилинади.
Аудиторлик текширувини ўтказмасдан тузилган ёхуд унинг натижаларига кўра тузилган, бироқ аудиторлар томонидан олинган ва ўрганилган ҳужжатлар мазмунига мувофиқ бўлмаган аудиторлик хулосаси била туриб сохта тузилган деб ҳисобланади. У суднинг қонуний кучга кирган қарорига кўра, била туриб сохта тузилган деб топилади (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 40-м.).
Аудиторлик текширувидан кейин ташкилот нима қилиши керак
Текширилаётган ташкилот аудиторлик ташкилотидан қуйидагиларни олишга ҳақли (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 37-м. 1-қ.):
• аудиторлик хулосаси;
• аудиторлик хулосасида ифодаланган фикр юзасидан тушунтиришлар;
• ушбу фикрга асос бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақидаги ахборот;
• бухгалтерия ҳисобини юритиш, молиявий ҳисобот тузиш ҳамда аниқланган камчиликлар ва қоидабузарликларни тўғрилаш тартиби ҳақида маслаҳатлар олиш.
Текширилаётган ташкилот (25.02.2021 й. ЎРҚ-677-сон, 37-м. 2-қ.):
• аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги ахборотни кўриб чиқиши ва 30 кун мобайнида аудиторлик ташкилотини натижалар ҳақида ёзма шаклда хабардор қилиши;
• бухгалтерия ҳисобини юритишга, молиявий ҳисобот тузишга, солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш тартибига доир аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиши керак.
Агар аудиторлар аудиторлик текшируви чоғида қоидабузарликларни аниқлаган бўлса, тахминий ҳаракатлар тартиби:
1) аудиторлардан аниқланган қоидабузарликларнинг муҳимлигини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини олинг;
2) уларни таҳлил қилинг;
3) қоидабузарликларни бартараф этиш чораларини кўринг;
4) зарурат бўлганда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этинг;
5) солиқлар ва пеняларнинг етишмаётган суммаларини тўланг;
6) аудиторлик ташкилотини қоидабузарликларни кўриб чиқиш ва бартараф этиш натижалари ҳақида ёзма шаклда хабардор қилинг.
Текширув тугагунга қадар қоидабузарликларни ўз вақтида бартараф этиш ижобий аудиторлик хулосасини олиш имконини беради.
Аудит харажатлари бухгалтерия ва солиқ ҳисобида қандай акс эттирилади
Аудиторлик текшируви харажатларини бошқа операцион харажатларга олиб боринг (9430-ҳисобварақ) (05.02.1999 й. 54-сон ВМҚга илова 2.3.4-б.).
Мажбурий аудиторлик текшируви қонунчиликда назарда тутилганлиги боис, унга доир харажатлар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди. Фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда уларни чегириб ташланг (СК 305-м. 4-қ.).
Ташаббус тарзидаги аудит харажатларини, агар улар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаганлиги исботланса, чегириб ташлаш мумкин. Масалан, агар бундай аудит ташкилот уставида назарда тутилган бўлса. Бунда солиқ органлари аудиторлар томонидан илгари текширилган давр учун такрорий аудиторлик текшируви харажатларини чегириб ташланмайдиган харажатлар деб эътироф этиши мумкин.
Олег ЦОЙ, «Норма» эксперти.
