Norma.uz

Пенсионерлар учун имтиёзлар

 

2025 йилда пенсионер қандай имтиёзлардан фойдаланиши мумкин, шу жумладан солиқларни тўлаш, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви, квартира, тиббий ва транспорт хизматлари, жумладан авиа ва темир йўл хизматлари бўйича?

 

Солиқ имтиёзлари:

• иш берувчидан солиқ даври мобайнида олинган МҲЭКМнинг 2,11 бараваригача (2,11 х 1 155 000 сўм = 2 437 050 сўм) бўлган қийматдаги совғалар ва ёрдамнинг бошқа турлари илгари мазкур иш берувчининг ходимлари бўлган ишламаётган пенсионерлар ва меҳнат қобилиятини йўқотган шахслар учун солиққа тортилмайди (СК 378-м. 10-б.);

• пенсионерларнинг мулкида бўлган мол-мулк 60 кв.м доирасида жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан озод этилади (СК 421-м. 2-қ. 2-б.);

• ёлғиз пенсионерлар ер солиғидан озод этилади (СК 436-м. 1-қ. 4-б.);

• «Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари – ёшга доир пенсия ва нафақа олувчи ҳунармандчилик фаолияти субъектлари ижтимоий солиқдан озод этилади (СК 408-м. 4-қ.);

• юридик шахс ташкил этмасдан оилавий тадбиркорлик шаклида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлар ва уларнинг ходимлари, оила аъзолари, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари белгиланган ижтимоий солиқнинг энг кам миқдорининг 50%ини тўлайдилар (СК 408-м. 4-қ.). 

 

Ижтимоий имтиёзлар:

• пенсионерлар ҳар 3 йилда бир марта (навбат тартибида) Ўзбекистон санаторийларига бепул йўлланмалар олишга ҳақли (19.11.2021 йилдаги 693-сон ВМҚга илова 4-б. «в» кичик банди);

• 100 ёш ва ундан катта ёшга тўлган шахслар пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг (428 000 сўм) 100%и миқдорида ижтимоий нафақаларга ҳар ойлик қўшимча тўловга ҳақли (28.01.2022 йилдаги ПФ-58-сон);

• «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз ва ёлғиз яшовчи кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар реестрига киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга (ёлғиз яшовчи кексалар ва ёлғиз яшовчи ногиронлиги бўлган шахслар бундан мустасно) ҳар ойлик уй-жой-коммунал хизматлари ҳақини тўлаш бўйича компенсация ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва шахсий гигиена товарлари учун ҳар ойда қўшимча пул тўловлари ўрнига минимал истеъмол харажатлари миқдорида (648 000 сўм) ҳар ойлик моддий ёрдам тайинланади (27.12.2023 йилдаги ПҚ-410-сон, 6-б.);

• I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек болаликдан ногиронлар республиканинг барча ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида бепул даволаниш ҳуқуқига эга (26.02.2003 йилдаги ПФ-3214-сон, 2-илова);

• I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек болаликдан ногиронлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги стационар даволаш-профилактика муассасаларида овқатланиш учун тўловдан озод этилади (5.02.2016 йилдаги 31-сон ВМҚга 1-илова);

• I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек болаликдан ногиронлар вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида бепул ёрдам олиш ҳуқуқига эга (18.09.2008 йилдаги ­48-сон ВМҚга илова);

• I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек болаликдан ногиронлар хусусий тиббиёт муассасаларида бепул тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга (стоматологик ва косметологик хизматлар кўрсатувчи муассасалар бундан мустасно) (Низом, 11.08.2017 й. АВ рўйхат рақами 2911).

 

Транспортдаги имтиёзлар:

• пенсионерлар пойтахт метрополитенида ҳар куни метрополитен иш куни давомида бепул юриш ҳуқуқига эга. Станцияга кираётганда пенсия гувоҳномасини кўрсатиш керак бўлади. Метрода бепул юриш имконияти Ўзбекистоннинг барча пенсионерларига истисносиз берилади (https://tashtrans.uz/oplata-proezda-v-metropolitene-tashkenta/);

• қуйидагилар шаҳар йўловчи транспортида (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга (30.08.1996 йилдаги 278-I-сон ЎРҚ):

• 1941–1945 йиллар уруши иштирокчилари жумласидан бўлмиш ҳарбий хизматчилар;

• 1941–1945 йиллар уруши ногиронлари ва урушнинг I гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахс;

• 1941–1945 йиллардаги уруш даврида фронт ортида фидокорона меҳнати ва бенуқсон ҳарбий хизмати учун орден ва медаллар билан тақдирланган шахслар;

• Афғонистон Республикасида ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналминалчи жангчилар жумласидан бўлмиш фуқаролар;

• Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошдан кечирган шахслар;

• ногиронлиги бўлган кўзи ожиз шахслар ва ногиронлиги бўлган кўзи ожиз шахсга сафарларда ҳамроҳлик қилувчи шахс (https://tashtrans.uz/oplata-proezda-v-metropolitene-tashkenta/);

• «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар реестрига киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамда уларга ҳамроҳлик қилувчи шахсга бир йилда бир марта темир йўл ёки шаҳарлараро автобус учун бепул чипталар (бориш ва қайтиш учун) ажратилади (27.12.2023 йилдаги ПҚ-410-сон, 2-б. «г» кичик банди);

• 1941–1945 йиллар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари йилда бир марта темир йўл транспортида бепул юриш, шунингдек республиканинг санаторий-соғломлаштириш муассасаларига бориб-келувчилар учун ҳаво транспортида бориш ва қайтиш учун йўл ҳақи қийматининг 50%и миқдорида чегирма кўринишидаги имтиёзлар олиш ҳуқуқига эга (23.04.2015 йилдаги 100-сон ВМҚ).

 

«Нуроний» Ўзбекистон фахрийларининг жамоат фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан имтиёзлар (15.03.2022 йилдаги ПҚ-167-сон):

• ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир марта соғломлаштириш учун санаторийларга бепул юборилади;

• шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга шифокорларнинг рецептларига асосан уч ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади;

• оғир ташхисли касалликлари ва ногиронлиги бўлган кексаларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ уч ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50%игача бўлган суммаси компенсация қилинади. Бунда дори воситаларининг рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилади ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг қарори қабул қилинган кундаги дори воситаларининг тегишли суммаси компенсация қилинади;

• кексаларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун абонемент (стадион, спорт заллари, бассейн ва бошқа спорт мажмуаларида) сотиб олиш харажатлари қопланади. Бунда абонемент харажатларининг бир ойлик суммаси 2 БҲМдан ошмайдиган миқдорда (2 х 375 000 сўм = 750 000 сўм) спорт йўналишидаги муассасаларнинг ҳисобрақамига ўтказиб борилади;

• давлат театрлари ва музейларига кексалар учун чипта нархлари тўлиқ қоплаб берилади.

 

Бошқа имтиёзлар:

• Ижтимоий ҳимоя ягона реестрида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва (ёки) ЯИДХП орқали давлат хизматлари кўрсатилганда тадбиркорлик фаолияти мақсадида ёки юридик шахс вакили сифатида мурожаат қилиш ҳоллари бундан мустасно, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларга 50% чегирма қўлланилади (16.01.2024 йилдаги 896-сон ЎРҚ);

• ногиронлиги бўлган шахсларга эга бўлган ва аукционда ер участкаси сотиб олган оилаларга 100 БҲМгача (100 х 375 000 сўм = 37 500 000 сўм) миқдорда компенсация тўланади. Компенсация олиш шартлари 23.03.2023 йилдаги 122-сон ВМҚда келтирилган.

Ҳудудингиздаги маҳаллий ҳокимият органлари, хайрия жамғармалари, йирик корхоналар томонидан пенсионерларга бошқа имтиёзлар ҳам тақдим этилиши мумкин. Сизга тегишли имтиёзлар ҳақида билиш учун маҳалла кенгашига, хизмат кўрсатувчи поликлиникага, «Нуроний» жамғармаси бўлимларига, ҳокимиятга, сиз фахрийси бўлган корхонанинг касаба уюшмаси қўмитасига ва «ягона дарча»га мурожаат қилинг.

 

Маълумот учун!

Пенсия жамғармаси томонидан Халқ банкига электрон шаклда юбориладиган давлат пенсия таъминоти ҳуқуқи тўғрисидаги МАЪЛУМОТЛАР жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш учун АСОС ҳисобланади.

 

Прочитано: 18 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика