13.02.2025 йилдаги ЎРҚ-1030-сон Қонун билан Меҳнат кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ўрганишда давом этамиз. Улар ўртача иш ҳақини ҳисоблашдан ташқари, «таътил пули»ни ҳисоблаш ва ишдан бўшатишда фойдаланилмаган таътил учун компенсацияни ҳисоблашга ҳам тааллуқли.
Муҳим жиҳатлар:
1) МКнинг 257-моддаси 2-қисмига ўртача иш ҳақини ҳисоблаш учун ходимга ҳисобланган иш ҳақи таркибига иш берувчи томонидан амалда тўланган меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги барча даромадлари киритилиши ҳақида аниқлик киритилди;
2) илгари иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилнинг давомийлиги охирги марта иш ҳақи сақланмаган ҳолда берилган таътил кунидан бошлаб календарь йил давомида узлуксиз ёки жамланган ҳолда 3 ойдан ошмаслиги керак эди. Энди – 12 ойлик давр мобайнида жами 3 ойдан ошмаслиги керак;
3) ҳар йилги меҳнат таътили вақтини ҳақ тўлашда ва ишдан бўшатишда фойдаланилмаган меҳнат таътили учун пуллик компенсация тўлашда якшанба ҳисобга олинмайди.
Эслатиб ўтамиз! 2024 йил декабрь ойида ЯММТ тизимида электрон меҳнат шартномаларини тузиш, меҳнат шартномаларини рўйхатга олиш, электрон меҳнат дафтарчаларини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги Низом «Электрон меҳнат шартномасини тузиш» деган янги боб билан тўлдирилди (27.12.2024 йилдаги 891-сон ВМҚ). Янгилик 2025 йил 4 январдан кучга кирди.
Энди эса ЎРҚ-1030-сон Қонунга кўра МКга ЯММТда электрон шаклда меҳнат шартномасини расмийлаштириш тартиби ҳам жорий этилмоқда, бу ҳақда Кодекснинг 106-моддасига қўшимча киритилди. Бунда шартномани қоғоз ёки электрон шаклда тузиш мумкинлиги аниқлаштирилди.
Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун 14.02.2025 йилдан кучга кирди.