Norma.uz

Ишдан бўшатиш санаси байрам кунига тўғри келса…

 

Ходим ишдан бўшашнинг аниқ санасини кўрсатмасдан, 2024 йил 7 мартда ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза ёзди. Меҳнат кодексининг 160-моддасига мувофиқ биз у билан меҳнат шартномасини 14 календарь кундан кейин – 2024 йил 21 март (пайшанба)дан кейин бекор қилишимиз керак. Аммо бу – байрам куни, ундан кейин 22–23 март, жума ва шанба, қўшимча дам олиш кунлари келади. Бизда стандарт иш жадвали бор ва шу кунлари офис дам олади. 

Ходимни 20 март, чоршанба куни, узоқ давом этадиган дам олиш кунларидан олдин ишдан бўшатишимиз мумкинми?

 

Саволга янги МКни ишлаб чиқиш бўйича экспертлар гуруҳи раҳбари, юридик фанлари номзоди Михаил Гасанов ва «Нормa» эксперти, юрист Ленара Хикматова жавоб берди:

 

– Умумий қоидага кўра, ходим иш берувчини 14 календарь кун олдин ёзма равишда хабардор қилиш орқали меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга. Иш берувчини меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантиришнинг бошқа муддатлари айрим тоифадаги ходимларга нисбатан белгиланган.

Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра меҳнат шартномаси ўн тўрт кунлик огоҳлантириш муддати тугашига қадар бекор қилиниши мумкин (МК 160-м. 4-қ.). Аммо бунинг учун ходим иш берувчи билан ишдан бўшаш санасини келишиши учун бевосита аризада ишдан бўшашнинг исталган санасини кўрсатиши керак. Ушбу масала бўйича томонларнинг ўзаро келишуви бўлган тақдирда ўн тўрт кунлик огоҳлантириш муддати тугашидан олдин меҳнат шартномасини бекор қилиш қонуний бўлади.

Агар бу бажарилмаса, ходим билан меҳнат шартномаси ариза берилган кундан бошлаб ўн тўрт календарь кундан кейин бекор қилиниши мумкин. Огоҳлантириш муддатининг ўтиши иш берувчи томонидан ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризаси олинганидан сўнг кейинги кунда бошланади.

 

Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисидаги ариза у ўз ишини давом эттириши мумкин эмаслиги (мисол сифатида: таълим ташкилотига қабул қилинганлиги, пенсияга чиққанлиги, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганлиги ва бошқа ҳолларда) билан боғлиқ бўлган ҳолларда иш берувчи меҳнат шартномасини ходим илтимос қилаётган муддатда бекор қилиши керак (МК 160-м. 8-қ.).

 

Огоҳлантириш муддати ўтмасдан ходимнинг розилигисиз меҳнат муносабатларини бекор қилиш ушбу меҳнат шартномасини бекор қилишни ғайриқонуний деб топишга ва ходимнинг аввалги ишига тиклаш ҳақидаги талабини қаноатлантиришга асос бўлади (20.11.2023 йилдаги 26-сон ОСПҚ, 20-б. 4-хатбошиси).

 

Агар огоҳлантириш муддатининг тугаши байрам кунига тўғри келса нима қилиш керак

Ходим 7 март куни меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза ёзди. Чиндан ҳам, бу ҳолатда огоҳлантириш муддати 21 мартда тугайди, Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ эса бу Наврўз байрами нишонланадиган ишланмайдиган байрам куни.

2024 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни ва дам олиш кунларини кўчириш белгиланган (22.12.2023 йилдаги ПФ-213-сон):

• 2024 йил 22 март, жума – иш ҳафтасининг туридан қатъи назар, барча ходимлар учун қўшимча ишланмайдиган кун;

• 2024 йил 3 март, шанба – олти кунлик иш ҳафтаси режимида ишлайдиган ходимлар учун белгиланган қўшимча ишланмайдиган кун.

Меҳнат шартномасини бекор қилиш куни ишнинг охирги куни ҳисобланади. 2024 йил 21–23 март – ишланмайдиган кунлар бўлганлиги сабабли, шу кунларда меҳнат шартномасини бекор қилишни расмийлаштириш мумкин эмас. Шунинг учун бу ҳолда Меҳнат кодексининг 170-моддаси 1-қисмининг қоидаси қўлланилади: агар охирги иш куни дам олиш кунига ёхуд ишланмайдиган байрам кунига ёки бошқа ишланмайдиган кунга тўғри келса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни охирги иш куни деб ҳисобланади.

Шундай қилиб, кўриб чиқилаётган вазиятда ариза 7 мартда топширилганига ва огоҳлантириш муддати ўн тўрт календарь кундан ошганига қарамай, меҳнат шартномасини бекор қилиш куни 2024 йил 25 март бўлади.

Ходим учун 25 март – охирги иш куни саналади. Шунинг учун у қоидага кўра ишга келиши ва унга белгиланган иш соатларини ишлаб бериши керак. Шу куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини (электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани) ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ нусхасини бериши шарт (МК 171-м.).

Бундан ташқари, ходимга тегишли бўлган барча суммаларни тўлаш ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда амалга оширилади (МК 172-м. 3-қ.).

 

Прочитано: 296 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика