Пойтахтда дарахтларнинг рақамли реестрини яратиш лойиҳаси ишга туширилмоқда. Лойиҳа ташаббускорлари Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Zamin халқаро жамоат фонди ва Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳисобланади.
Лойиҳа яшил ўсимликларнинг тўлиқ ҳисобини юритиш ва муҳофаза қилиш, шу жумладан қурилишни режалаштириш босқичида уларни сақлаб қолиш, дарахтларнинг ноқонуний равишда кесилганлиги аниқланганда чора-тадбирлар кўрилишига йўналтирилган. Биринчи босқич Тошкентда бошланади. У муваффақиятли амалга оширилган тақдирда республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этилади.
Ташаббуснинг асосий вазифаси давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларнинг рақамли реестрини яратишдан иборат, бунда барча параметрлар ва ҳолати кўрсатилган ҳолда дарахтлар тўлиқ хатловдан ўтказилади.
Реестрнинг онлайн-платформаси давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграцияланади, бу эса шаҳарсозликни режалаштириш, дарахтларни парваришлаш ва уларни ҳисобга олишда инсон омилини минималлаштириш ишларининг сифатини яхшилайди.
Уч йил олдин Экология вазирлиги томонидан шунга ўхшаш лойиҳа таклифи бўлган. Ўша пайтда барча дарахтларни хатловдан ўтказиш, уларни тегишли ID-карталар билан белгилаш, балансида сақловчини тайинлаш ҳақида маълум қилинган эди.
Ўз ҳудудидаги яшил ўсимликларнинг бут сақланиши учун масъул бўлган ҳокимиятлар томонидан дарахтлар ҳақидаги мавжуд маълумотлар берилиши мўлжал қилинган. Бироқ ушбу ташаббус кенг миқёсда татбиқ этилмай қолиб кетган.
Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.