Norma.uz

Уйлар БКга ўтказилган, бироқ УМШ тугатилмаган. Муаммолар бошланди

 

Уйлар бошқарувчи компанияга ўтказилгандан кейин ўз фаолиятини тўхтатган УМШ раисларини солиқ органларига ҳисоботлар тақдим этмаганлиги учун жаримага торта бошладилар. Ажабланарлиси, жарима бошқарув бутунлай БКга топширилган, яъни молиявий ва техник ҳужжатлар, муҳр, электрон рақамли имзо калити ва бошқалар топшириш-қабул қилиш далолатномалари асосида топшириб бўлинган давр учун солинмоқда. Бунда УМШ тамоман тугатилган ва улар ўз фаолиятини тўлиқ тўхтатганлар, деган қатъий ишонч устуворлик қилган. Бироқ аслида бундай бўлиб чиқмади.

Муаммо шундаки, бошқарув органини алмаштириш ҳамма жойда қўпол равишдаги ҳуқуқбузарликлар билан ўтказилган. Улардан асосийси – ширкатлар тугатиш жараёнидан ўтказилмаган ва Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистридан (КТЯДР) чиқарилмаган. Бундай ҳолатда улар аввалгидек юридик шахс бўлиб қолганлар ва ҳар ойда солиқ органларига ҳисоботларни тақдим этишлари шарт бўлган.

Ўша пайтда кўпчилик УМШ раҳбарлари юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар ҳақида жиддий ўйлаб кўришмаган. Агар кимдадир тугатиш кераклиги ҳақида саволлар туғилган бўлса-да, «УМШдан БКга» кампаниясини илгари сурган амалдорлар уларни чалғитганлар. Бунга ҳуқуқий саводсизлик сабаб бўлгандир, балки била туриб шундай қилингандир. Уларга бунинг хавотирли томони йўқ, бу қайта ташкил этиш, қўшиб олиш холос, деб айтилган. Дебиторлик қарзларини янги БК ўз зиммасига олади, ширкатни тугатиш эса уйда яшовчилар бошқарувчи компания билан шартномани имзолашлари биланоқ автоматик тарзда амалга оширилади дейилган.

Бироқ мулкдорларнинг УМШдан БКга ўтказилиши на қайта ташкил этиш ва на қўшиб олиш ҳисобланмайди. Ширкат – бу ННТ, бошқарувчи компания эса – тижорат ташкилоти ҳисобланиб, қоидага кўра, МЧЖ шаклида бўлади. Булар юридик шахсларнинг иккита турли ташкилий-ҳуқуқий шакллари саналади ва УМШ БКга қўшиб олиниши мумкин эмас.

Ширкатлар КТЯДРдан чиқарилмагунига қадар мулкдорлар амалда унинг аъзолари, ширкатлар эса солиқ органлари учун ҳисоботларни топшириши шарт бўлган, фаолият юритаётган юридик шахс ҳисобланади. Мулкдорлар билиб-билмай БК билан шартномани имзолаб, БК хизматлари буюртмачисига айланганлар (кўп ҳолатларда эса ҳатто бундай шартномалар имзоланмаган). Бироқ қонунчиликда уйдаги умумий мол-мулкни фақат битта усулда бошқариш назарда тутилган. Бундан келиб чиқадиган бўлсак, тугатиш тартиб-таомилисиз БКнинг ҳар бир кейинги қадами моҳиятан ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Мулкдорлар бир вақтнинг ўзида ширкат аъзолари ва БК хизматлари буюртмачиси бўла олишмайди.

 «Норма» мавзувий нашри саҳифаларида биз мулкдорларнинг УМШдан БКга ўтказишда қонунга риоя этилиши масаласини бир неча марта кўтарган эдик. Уйда яшовчилар ва ширкатларнинг раҳбарлари тўқнаш келиши мумкин бўлган оқибатларни кўрсатиб ўтгандик, очиғини айтганда, мана ҳозир шундай бўлмоқда.

Уйларни мажбурий тартибда БКга ўтказишдан олдин ўтиш тартибини, тугатиш механизмини ва ширкатларни КТЯДРдан чиқариш тартибини ишлаб чиқиш керак эди. Бу ҳақда ўша пайтдаги Уй-жой коммунал хўжалиги қайғуриши керак эди. Бироқ вазият ҳал этилмаган ҳолатда қолиб кетди. Энди амалдорлар юзага келтирган муаммоларга УМШнинг собиқ раҳбарлари сабабчи қилиб кўрсатилмоқда. Тўлов учун ҳисобланган жарималар анча юқори миқдорда – бир миллиондан бир неча миллион сўмгача чиқмоқда.

Эҳтимол, собиқ ширкатларнинг раҳбарлари ўзи учун муаммоларни қандайдир йўл билан камайтириб олишлари мумкин бўлгандир. Ҳеч бўлмаганда, уйларнинг БКга ўтиши ҳақида ДСИни ёзма равишда хабардор қилиб, бунинг учун нималар керак бўлишини аниқлаштириш орқалими. Уларнинг уйларини БКга ўтказишни тезлаштирганларнинг сўзларига ишонмасдан, «ягона дарча» хизматидан УМШ Регистрдан чиқарилганми ёки ҳали мавжудми, шуларни суриштириб кўрсалар бўлармиди. Бироқ мазкур кампания қандай ўтказилганлигини ёдга оладиган бўлсак, ҳаммасига айбдор қилиб раисларни кўрсатиш тўғри бўлмайди.

Шу билан бирга «Норма» мавзувий нашрида биз Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан УМШларни тугатиш тартиби ишлаб чиқилгунга қадар ўтиш даврида ККУларга бошқарувчи компаниялар хизматлар кўрсатадиган вариантни таклиф қилган эдик. Бу бошқарувчи компания томонидан уйларнинг тўлиқ бошқарилиши бўлиб (ислоҳотчилар айнан шунга интилганлар), бироқ БК хизматлари буюртмачиси ҳисобланган УМШлар орқали амалга оширилади. Бироқ амалдорлар ва янги бошқарувчилар бу ҳақда эшитишни ҳам хоҳламадилар. Уларга воситачилар керак эмас. Бу ҳам етмагандек, улар биздаги мавжуд бошқарув усули ва уйларга хизмат кўрсатиш борасида муваффақиятга эришган амалиётга ҳам тўсиқ бўлишмоқда.

Кимдир бу муаммога ечим топиши керак бўлади-ку? Бунга сабабчи ҳокимиятлар эмасми, энди эса уларга Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳам қўшилди. Албатта, ширкатларнинг собиқ раислари низони белгилаб, судга мурожаат қилишлари мумкин. Бироқ уларда даъво тақдим этиш учун қандай асослар бор? Ширкатлар тугатилмаган, КТЯДРда мавжуд ва фаолият юритаётган юридик шахс сифатида ДСИга ҳисобот топширишлари шарт. Акс ҳолда бу маъмурий ҳуқуқбузарлик бўлади. Уларга хавотирланмаслик уқтирилган бўлса-да, бу иддаони қандай асослаш мумкин бўларди дейсиз. Солиқ органлари эса ҳисоботларни тақдим этмаганлик учун уларни судга беришлари мумкин.

Масалани, сўзсиз, ҳал этиш керак. Бунинг устига, ширкат ККУнинг бошқарув органи сифатида амалдаги қонунчиликка мувофиқ фаолият юритишга ҳақлидир. «УМШдан БКга» ва «БКдан УМШга» сингари жараёнлар кейинчалик ҳам содир бўлиб туради. Шу боисдан аниқ регламент зарур. Ҳозирча Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ушбу масалани ширкатларнинг собиқ раислари мурожаатларига қараб аниқроқ ҳал этиш билан банд. Ислоҳотлар ҳуқуқбузарликлар билан аралашиб кетиши ҳолати бунга яққол мисол бўла олади.

Прочитано: 289 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика