Бошқарувчи компания тўлов миқдорининг оширилишини уйда яшовчилар билан келишиши лозимми? Кўп квартирали уй ким томонидан: УМШ, БК ёки бевосита уйда яшовчилар томонидан бошқарилишига қарамай, жавоб бир хил бўлади: тўлов ёки бадал миқдори ККУдаги уй-жой мулкдорларининг умумий йиғилиши томонидан белгиланади.
Уй-жой кодексининг 132-моддаси ва «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг (кейинги ўринларда – Қонун) 16-моддасига мувофиқ қонун ҳужжатларида муҳим қарорларни, шу жумладан мажбурий тўлов (бадал) миқдорини ошириш тўғрисида қарор қабул қилишнинг аниқ регламенти назарда тутилган. Ушбу механизмлар БК ва мулкдорлар ўртасидаги бошқарув шартномасида белгилаб қўйилиши лозим. Қонуннинг 28-моддасида БК ва уй-жой мулкдорлари ўртасида тузиладиган кўп квартирали уйларни бошқариш шартномасига асосий талаблар белгиланган. Шартномада, шу жумладан қуйидагилар кўрсатилиши керак:
• шартнома нархини белгилаш тартиби, шунингдек тўловни тўлаб бериш тартиби;
• бошқарув шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи томонидан бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш тартиби;
• бажарилган ишлар ҳамда кўрсатилган хизматлар учун ҳисобот бериш тартиби ва муддатлари.
Мени лақиллатиш қийин эмас
Қизиғи, БК томонидан хизматлар кўрсатиладиган кўп қаватли уйларда яшовчиларнинг кўпчилигида шартномалар мавжуд эмас – улар бундай ҳужжатни имзоламаганлар. Охирги пайтларда БК томонидан тўлов миқдорининг бир томонлама тартибда оширилиши тўғрисида қарор қабул қилиниши билан боғлиқ саволлар оқими ошиб бораётганлиги таажжубга солмоқда. Биз уларга «Норма»нинг мавзувий нашрларида жавоб берамиз. Бироқ, бундай саволлар илгаригидек долзарблигича қолмоқда. Нима учун?
Юқорида айтиб ўтилган қонунчилик нормаларига риоя қилмаслик ҳолатлари кўпайиб кетмоқда. Бошқарув органлари раҳбарлари тимсолидаги ҳуқуқбузарлар ҳеч қандай жавобгарликка тортилмаяпти. Кўпинча уйда яшовчиларнинг ўзлари шундай ҳолатга йўл қўйиб беришмоқда. Уйда яшовчиларнинг кўп қисмининг ҳуқуқий саводсизлиги, фуқаровий фаоллиги йўқлиги БКнинг виждонсиз раҳбарларига қўл келмоқда ҳамда турли фирибгарликлар ва ҳуқуқбузарликлар учун замин яратиб бермоқда.
Охир-оқибатда уйда яшовчиларни алдаш қийин бўлмаяпти. Уйда яшовчиларни умумий йиғилишга жамлаб бўлмаяпти, уларда нима учун тўлов киритаётганларини билиб олиш истаги йўқ. Уйда ҳуқуқий жиҳатдан билимга эга фаол қўни-қўшниларни камдан-кам учратиш мумкин. Бироқ уйда яшовчилар уйни сақлаш сингари мураккаб жараёнда иштирок этишлари шартмикин. Уларнинг иши ўзлари ишонадиган бошқарув органини танлаш, уйни сақлаш учун тўлов киритиш ва пуллари нималарга сарфланишидан хабардор бўлиб туришдан иборат. Уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш билан боғлиқ муҳим қарорлардан бохабар бўлиш учун Қонун билан кенг имкониятлар тақдим этилган, улардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Улар орасида – уй-жой мулкдорларининг умумий йиғилишда бевосита иштирок этиши, муҳим масалалар бўйича овоз беришда тақдимот тизими, сўров ўтказиш йўли билан қарорлар қабул қилиш тартиби ҳам бор.
Далиллар келтирилмоқда
Ҳозирги пайтда кўп қаватли уйда яшовчиларнинг кўпчилиги ихтиёрий-мажбурий тартибда УМШдан (ўзини ўзи бошқариш органидан) БК (тижорат ташкилоти) хизматига ўтказилмоқда. Ҳуқуқбузарликларга, шу жумладан БК томонидан тўловлар бир томонлама тартибда оширилиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга тўсқинлик қилмоқчи бўлганлар ана шу ҳақиқатга таянадилар. Бошқарувчилар кўпинча ошкоралик УМШда бўлган, тижорат тузилмасида бундай эмас ва БКнинг мақсади фойда олиш деб айтадилар. Шу сабабдан улар хизматлар учун тўловларни оширишни уйда яшовчилар билан келишишга мажбур эмасликларини маълум қилишади. Шу нарса аён бўлмоқдаки, тадбиркорлар уй-жой мулкдорларини чалғитиш ниятларини ҳеч ким сезмайди деб ўйлашяпти.
Баъзида эса тутуриқсиз далиллар ҳам келтирилмоқда. Масалан, уйда яшовчиларга товарларни ишлаб чиқарувчи ёки хизматларни кўрсатувчи истеъмолчилар билан нархни келишмайди, балки уни мустақил белгилайди деб айтилмоқда. Бундан келиб чиқадиган бўлсак, БК тижорат ташкилоти сифатида уй-жой мулкдорлари билан хизматлар учун тўлов миқдорини муҳокама қилмаслиги ва бунинг устига уларга ҳисобот ҳам бермаслиги лозим экан-да.
Бироқ бошқарувчилар нималарни ўйлаб топишмасин, бизда ушбу масалага умумий ёндашувни белгилайдиган қонунчилик мавжуд. ККУлардаги умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш тарифлари қуйидаги тарзда шакллантирилиши лозим. БК тўлов миқдори таклифини унинг таркибини асослаган ҳолда тақдим этади. Мулкдорлар умумий йиғилишда (ёки вакил орқали, ёхуд сўров ўтказиш йўли билан) таклиф этилган тўлов миқдорини тасдиқлаш учун овоз берадилар. Мулкдорларнинг кўпчилиги бунга рози бўлсалар, тариф қабул қилинади. Агар уларнинг кўпчилиги норозилик билдирсалар, демак БК ишлар режасидан қандайдир хизматларни чиқариб ташлаб, янги тўлов миқдорини таклиф этиши лозим. Тўлов бошқарувчи ташкилот томонидан бир тарафлама тартибда оширилса, бу НҲҲларни қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Уй-жой мулкдорлари ариза билан уй-жой инспекциясига мурожаат қилишга ҳақли бўладилар.