Республиканинг барча ҳудудларида сутканинг муайян вақтида электр энергияси ярим доира шаклида ўчириб турилади. Энергетика вазирлиги иссиқлик-энергетика мажмуида содир бўладиган бундай мураккаб вазиятнинг сабабини тушунтириб берди.
Тармоқдан узиб қўйишлар энергия таъминоти тизимларини модернизация ва реконструкция қилиш ишларини хавфсиз ҳолатда ўтказиш мақсадида амалга оширилади, деб маълум қилади идоранинг матбуот хизмати. Истеъмолчиларга бу ҳақда камида бир сутка олдиндан ижтимоий тармоқларда, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек Энергетика вазирлиги каналларида хабар берилади. Натижада фақат Тошкент шаҳрида 542 та трансформатор кичик станциялари ва 592,36 км электр узатиш тармоқлари, 923 та трансформатор ва 702,3 км очиқ тармоқлар таъмирланди.
Қуйи вольтли электр тармоқларини модернизация қилиш дастурига мувофиқ 930,6 км қуйи вольтли узатиш тармоқлари ҳамда 228 та пункт модернизация қилинди. «Сағбон», «Юнусобод», «Қўқон», «Карвон», «Қорасув», «Яланғоч», «Тузель», «Сергели-35» кичик станцияларидаги кам қувватли 9 та трансформатор янада юқори қувватлиларига алмаштирилди.
«Юнусобод-Сити», «Тошкент-Сити», «Олмос», «Янги Ўзбекистон» ва «Янгиҳаёт» саноат зоналари учун кичик станциялар, шунингдек уларни электр энергияси билан таъминлаш учун электр энергиясини узатувчи янги тармоқлар қурилиши бўйича ишлар давом эттирилди. Бундай ишларни хавфсиз ҳолатда амалга ошириш ҳамда электр монтёрларнинг соғлиғи ва ҳаётига хавф туғдиришнинг олдини олиш мақсадларида сутканинг маълум вақтида ушбу туманлардаги истеъмолчилар вақтинчалик электр таъминотидан ўчириб турилади.
Ёзда атмосферада ҳаво ҳароратининг юқорилиги совутиш учун электр энергиясидан фойдаланишни кўп марта ошиб кетишига олиб келади. Натижада кабеллар ёниб кетади, трансформаторлар ишдан чиқади. Бундай аварияларнинг оқибатларини бартараф этиш катта маблағлар ва кўп вақт сарфланишига олиб келади.
Авариялар олдини олишнинг энг мақбул чораси бир нечта боғловчи симларни мажбурий тартибда узиб қўйиш, бир қатор кўп квартирали уйларни, хусусий уй хўжаликларини, бюджет ташкилотларини ва хўжалик юритувчи субъектларни вақтинчалик узиб қўйиш ҳисобланади.
Қисқаси, қандайдир ҳудудда ташқаридан қизиб кетган ёки юкламалар туфайли ичкаридан қизиган кабелни совутиш мақсадида икки-уч кунга тармоқдан узиб қўйиш ушбу кабелнинг ва трансформаторнинг ёниб кетиши, шунингдек истеъмолчиларда 10–12 соатга электр бўлмаслигига қараганда энг мақбул чора ҳисобланади.
Идорадагиларнинг таъкидлашича, электр энергиясини ишлаб чиқаришни ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, охирги пайтларда ишлаб чиқариш ҳажми ўртача 107,8%, ойлик – 106,2%, йиллик –101,8%ни ташкил қилмоқда.
Сўнгги кунларда қуйидаги янги ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилган: Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида 1 500 МВт қувватли иссиқлик электр станциясига 500 кВ кучланишли 2 та электр узатиш линияси, Бўстонлиқ туманида 200 кВт қувватли «Испайсой» микроГЭС ва Яшнобод туманида 30 мингдан ортиқ уй хўжаликларини электр энергияси билан таъминлайдиган янги «Олмос» кичик станцияси.
Истеъмолга келсак, бир суткада ўртача 11 200 МВт ни ташкил қилади, иссиқ кунларда эса ишлаб чиқариладиган электр энергияси миқдорига тенг бўлади, баъзида талабдан ошиб кетади. Июль ойида суткалик истеъмол рекорд даражада икки бараварга ошиб кетганлиги қайд этилган. Хусусан, 12 июлда республика бўйича умумий истеъмол 247,5 млн кВт.соатни ташкил қилган, 26 июлда эса 250,7 млн кВт.соатга етган.
Энергетика вазирлиги истеъмолчилардан энергия тежамкорлиги режимига риоя қилишларини, квартиралардаги барча хоналарни эмас, фақат биттасини шамоллатишни, зарурат бўлмаганда, айниқса сутканинг кундузги вақтида фойдаланилмаётган электр ускуналари ва лампочкаларни тармоқдан ўчириб қўйишни сўраган.