Norma.uz
Газета СБХ / 2023 год / № 23 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Сўнгги йилларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига унинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва такомиллаштириш мақсадида бир қатор янги ваколатлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Савдо-саноат палатаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 23 январдаги ­ПҚ-15-сон қарорида белгиланган мақсадларга эришиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тизимини янада такомиллаштириш орқали унинг фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:

давлат органлари ва идоралар томонидан тадбиркорликка оид барча беғараз кўмак лойиҳаларини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси (кейинги ўринларда – Палата) лойиҳа ҳамкори сифатида жалб қилиниши;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро грант лойиҳаларини амалга оширишда Палатага миллий ҳамкор бириктириш талаби қўлланилмаслиги;

Палата ҳузуридаги Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари тугатилиб, уларнинг ўрнига Палатанинг туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилаётганлиги.

2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Д.А.Вахабов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2023 йил 29 май

217-сон.

ЎзР ВМнинг 2023 йил 29 майдаги 217-сон қарорига
ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ АЙРИМ ҚАРОРЛАРИГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом қуйидаги мазмундаги 391-банд билан тўлдирилсин:

«391. Давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар аъзо сифатида рўйхатга қўйиш учун Савдо-саноат палатаси билан давлат рўйхатидан ўтказувчи орган ўртасидаги ўзаро интеграциялашган электрон тизим орқали Палата томонидан тўғридан-тўғри олинади.

Бунда, Палата томонидан тадбиркорлик субъектларини аъзо қилиш «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган тартибда амалга оширилади».

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ёшлар тадбиркорлик кластерларини ташкил этишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 16 октябрдаги 834-сон қарорининг ­6-банди учинчи хатбошисидаги «ҳузуридаги тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари» сўзлари «туман (шаҳар) бўлимлари» сўзлари билан алмаштирилсин.

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 13 августдаги 666-сон қарорида:

а) 1-иловадаги «Туман (шаҳар) тадбиркорликка кўмаклашиш маркази директори» сўзлари «Савдо-саноат палатаси туман (шаҳар) бўлими бошлиғи» сўзлари билан;

б) 2-иловадаги «Туман (шаҳар) тадбиркорликка кўмаклашиш маркази директори» сўзлари «Савдо-саноат палатаси туман (шаҳар) бўлими бошлиғи» сўзлари билан алмаштирилсин.

4. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 декабрдаги 786-сон қарори билан тасдиқланган Ташқи беғараз кўмак маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларни тайёрлаш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 26-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Давлат органлари ва идоралари томонидан тадбиркорликка оид барча беғараз кўмак лойиҳаларини амалга оширишда Савдо-саноат палатаси лойиҳа ҳамкори сифатида жалб қилинади».

5. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 июндаги 328-сон қарори билан тасдиқланган Маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотларининг халқаро грант лойиҳаларини амалга оширишда давлат бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 1-банди «нодавлат нотижорат ташкилотларининг» сўзларидан кейин «(бундан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси мустасно)» сўзлари билан тўлдирилсин.

*Ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 30.05.2023 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 152 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика