73 ёшлик эркак бир ўзи яшайди. Ёлғиз пенсионерларга бепул озиқ-овқатлар берилишини биламан.
У шундай нарсалар берилишига умид қилса бўладими?
– Ҳозирги пайтда пенсионер ва фахрийларга бепул озиқ-овқатлар ва кийим-кечаклар ўрнига қўшимча тўлов тўланади.
1941–1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга кийим-кечак хариди учун ҳар йили август ойида БҲМнинг 15 баравари миқдорида компенсация тўланади. Шунингдек уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда гигиена товарлари харид қилиш учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида ойлик тўловлар тўланади.
Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда гигиена товарлари ўрнига ҳар ойда БҲМнинг 1 баравари миқдорида қўшимча тўлов тўланади (8.06.2022 йилдаги ПҚ-274-сон қарорнинг 1-б.).
Эркак ёлғиз яшаса ва ўзгалар парваришига муҳтож фуқаролар тоифасига кирадиган бўлса, ушбу тўловлар тўланишига умид қилса бўлади.