Кўп қаватли уй аҳли, ниҳоят, Кўп квартирали уйларни бошқариш қоидаларига эга бўлдилар. Қоидалар Вазирлар Маҳкамасининг 3.01.2022 йилдаги 3-сон қарори билан тасдиқланди ва унда «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунда белгиланган бир қатор нормалар батафсил ёритилган. Қоидалар Президентнинг «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори (19.06.2021 йилдаги ПҚ-5152-сон) талабларини ҳам аниқлаштиради, ККУни бошқариш тизимини ислоҳ қилишга оид янгиликларни умумлаштиради.
Қоидаларда ККУ бошқарувига киритилган янгиликлар юзасидан мавзувий соннинг кейинги нашрида батафсил тушунтириш берилади. Ҳозирча мулкдорларнинг фикр-мулоҳазаларига сабаб бўлган айрим бандларга батафсил тўхталиб ўтамиз.
Биринчидан, шов-шувларга қарамай, ККУлардаги бошқарув усуллари ўзгартирилмаган. Қоидаларга мувофиқ бошқарув тизимида илгаригидек Уй-жой кодексида ва Қонунда назарда тутилган 3 та бошқарув усули амал қилади, мулкдорлар ўз хоҳишларига қараб улардан бирини танлашлари мумкин.
Қоидаларда кўп квартирали уйларни бошқаришга ҳақли бўлган шахслар рўйхати белгиланган. Улар жумласига қуйидагилар киритилган:
• юридик шахс бўлган бошқарувчи ташкилот;
• жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) бўлган бошқарувчи;
• кўп квартирали уй бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан бошқарилган тақдирда, кўп квартирали уй кенгаши;
• уй-жой мулкдорлари ширкати бошқаруви.
Шунингдек бошқарув органи томонидан бино мулкдорлари ва бошқа шахсларга маълумот тақдим этиш, ККУдаги умумий мол-мулкни таъмирлаш ва сақлаш ишлари ва хизматлари рўйхатини тасдиқлаш, бошқарув органи фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш учун биллингдан фойдаланиш тартиби ва бошқалар назарда тутилган.
Бошқарув органи томонидан авария-диспетчерлик хизматлари кўрсатилиши тўғрисидаги банд мулкдорларда фикр-мулоҳазалар уйғотди. Қоидаларда УМШ, БК ёки мулкдорлар жамоаси бевосита бошқаруви ККУда авария вазиятларини бартараф этадиган, 24 соат мобайнида фаолият юритадиган авария-диспетчерлик хизматини ташкил этиши лозимлиги назарда тутилган. Умуман олганда, уй аҳли учун бундай туну кун ишлайдиган хизматнинг ташкил этилиши яхши ишдир. Уйдаги умумий коммуникациялардаги авария ҳолатлари тунда рўй бериши ҳам мумкин, бунда шаҳар авария хизматларига қўнғироқ қилиб тушишнинг ўзи бўлмайди, уй аҳли нима қилишни билмай қолади. Лекин бошқарув органи негизида авария-диспетчерлик хизматини ташкил этиш анча маблағ талаб қилади. Техник базаси шакллантирилган БК учун кичик УМШлар сингари бу иш унчалик мураккаблик касб этмайди, лекин юридик шахсни ташкил этмасдан битта уйни бошқарадиган мулкдорлар жамоаси учун осон бўлмайди. Кўпчилик мулкдорлар ҳали ҳам таъмирлаш учун олинган кредитларни тўлаётганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу УМШдаги мажбурий бадаллар ёки БК хизматлари учун тўлов миқдорининг кескин ошишига сабаб бўлиши мумкин, натижада уй аҳлида эътирозлар пайдо бўлади. Авария-диспетчерлик хизматларини ташкил қилиш ишлари ва таъминоти мулкдорларнинг яна кредитлар олишига сабаб бўлмасмикан.
Қоидаларни ишлаб чиқувчиларнинг белгилашича, кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорлари ва бошқа фойдаланувчиларнинг авария-диспетчерлик хизматига қилган сутканинг исталган вақтидаги қўнғироқларига 3 дақиқадан кўп бўлмаган вақт оралиғида жавоб берилиши лозим. Хонадон ичидаги оқава сув қувурлари (канализация)нинг тиқилиб қолиш ҳолатлари ва бунинг оқибатларини икки соат ичида бартараф этилиши қайд этилган. Совуқ (ичимлик) ва иссиқ сув, иссиқлик ҳамда электр таъминоти ва оқава сув (канализация) тизимларининг авариявий шикастланиши 3 кундан ошмаган муддатда бартараф этилиши лозим.
Ушбу ҳужжат билан айрим қонун ҳужжатларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.