Яқин кунларда ер участкаси масалаларини ҳал этишда олдинга силжишлар кутилмоқда. 2022 йил 1 мартдан бошлаб шундай тартиб белгиланадики, унга мувофиқ давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига улар эгалигидаги бино ва иншоотларга туташ (чегарадош) бўлган ер участкалари обод сақлаш шарти билан уларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади. Бу Президентнинг «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида (30.12.2021 йилдаги ПҚ-76-сон) назарда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ мулкдорлар дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни парвариш қилиш ва суғоришлари лозим. Улар йиғиштириш-тозалаш ишларини амалга ошириш ва чиқинди қутиларини ўрнатиш учун масъул бўладилар. Уйда яшовчилар зиммасига болалар майдончалари, ўтириш жойлари (скамейкалар), тунги ёритиш тизимини ўрнатиш, таъмирлаш ва сақлаш масъулияти юклатилади. Аҳоли учун пиёда йўлакларини барпо этиш, таъмирлаш ва лозим даражада сақлашни мулкдорлар ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширадилар. Эҳтимолки, ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлгандан кейин унга солиқ солиш масаласи ҳам юзага келади.
Уйда яшовчилар ер участкаларини сақлашни эплармикинлар?
Нима учун ушбу ҳужжат фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлди? Ахир бу кутилаётган яна бир қадам бўлди-ку. Неча йиллардан буён яшовчилар фойдаланиш учун уларга ер участкалари бириктирилиши Уй-жой, Ер кодекслари, «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун ва бошқа ҳужжатлар билан белгиланишидан, бироқ мазкур нормалар ҳанузгача ишламаётганидан норози бўлиб келаётган эдилар. Бу ҳужжатларда мулкдорларга берилмасдан давлат тасарруфида турган ер участкаларини сақлаш бўйича мулкдорларнинг масъулияти белгиланган. Вазият тутуриқсизга ўхшайди. Ахир ер участкаси бўлмаса жавобгарлик ҳам бўлмайди-да. Шунга қарамасдан, ҳақиқатда мулкдорларга тегишли бўлмаган уйга туташ ҳудудларни ким обод сақлаши кераклиги борасида доимий равишда зиддиятлар келиб чиқар эди. Ҳокимият, маҳалла қўмиталари, штаблар, секторларнинг вакиллари ҳамда уй-жой секторининг ўзини ўзи сайлаган бошқа кураторлари қонун ҳужжатлари нормаларини ҳавола қилиб, мулкдорларга уйга туташ ҳудудларни сақлаш масъулияти берилишини талаб қилганлар. Мазкур ҳудудлардаги дарахтлар кесиб ташланиб, шаҳарсозлик нормалари бузилган ҳолда ҳамда уй аҳлининг талаблари четда қолиб турар жойлар қурилаётганда, бошқача муомала қилинган. Фуқароларга бу билан ишлари бўлмаслиги, ер участкаси уларга тегишли эмаслиги айтилган. Икки томонлама ишлайдиган стандартлар – қонунларни бузишни хушлайдиган амалдорлар учун мақбул усул.
Албатта, бажарилиши керак бўлган ободонлаштириш ишлари ер участкасининг мулкдорларга фойдаланишга берилиши имкониятини таъминлайди, УМШ умумий мулкидаги мажбурий бадаллар миқдорини ёки БК хизматлари ҳақини оширади. Бу фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлди. Бироқ аслида ҳам шундай бўлиши лозим. Фойдаланувчи ер участкаси унга берилишида қўйилган шартларни бажариши лозим, ушбу ер участкасини обод сақлаш унинг зиммасига юкланади. Бунда яна бир масала ҳам бор, ер участкасини бериш шартлари ва талаблари фуқароларнинг бошқа ҳуқуқларини бузмаслиги лозим.
Уй аҳли ҳужжатда белгиланган ободонлаштириш ишларини уддалай оламизми, деб хавотирга тушмоқда. Аҳолининг кўпчилиги ККУдаги умумий мол-мулкни таъмирлаш учун олган кредитларини ҳанузгача тўламаганлар. Ҳокимиятлар ер участкаларини ихтиёрий-мажбурий тартибда уларга бириктирганда яна бир муаммога дуч келмайдиларми, деган шубҳа уйғонади. Қонунчиликка мувофиқ мулкдорларга танлаш ҳуқуқи берилиши лозим. Агар улар ер участкасини доимий фойдаланишга олишни хоҳламасалар, ҳеч ким уларни бунга мажбурламаслиги керак.
Назоратчилар сони кўп эмасми?
Ижтимоий тармоқларда қолдирилаётган шарҳлар мулкдорларга ажратиладиган ер участкаларида бинолар, иншоотлар, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш объектлари, шунингдек енгил конструкцияли объектлар қуриш тақиқланганлиги тўғрисидаги банд ғайрат-шижоатни сўндираётганлигидан дарак бермоқда. Яқин ўтмишдаги сабоқлар, хусусан, «Обод маҳалла» дастурининг амалга оширилиши яна ўша ҳокимиятлар, бошқа кураторларнинг ер участкаларини тасарруф этилишига аралашмаслигига ишонч қолдирмаяпти. Ер участкаларининг ККУ мулкдорларига ўтказилиши ҳуқуқий муносабатларда ҳеч нимани ўзгартирмайди. Давлат истаган вақтида фойдаланишдаги ер участкасини олиб қўйиши ва уни тасарруф этиши мумкин.
ПҚ-76-сон қарорга мувофиқ кўп квартирали уй-жойлар мулкдорлари томонидан белгиланган шарт ва мажбуриятлар бажарилиши устидан назорат ички ишлар органлари жамоат хавфсизлиги хизмати, Миллий гвардиянинг патрулликка жалб этилган бўлинмалари ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан амалга оширилади. Яна Уй-жой фонди инспекцияси, СЭС, маҳалла ҳам бор, улар бошқа ҳужжатларга асосан ККУга туташ ер участкаларини санитария нормалари, қоидалари, гигиена нормативларига мувофиқ сақлашга оид талабларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширишлари ёки бу ишларда кўмаклашишлари мумкин. Назоратчилар сони ҳаддан зиёд кўп эмасми?
Келгусида юзага келиши мумкин бўлган яна бир муҳим масала бор. Кўп квартирали уйга туташ ер участкаси мулкдорларга умумий фойдаланишга берилади. У бўлинмасдир ва мустақил ер участкаларига ажратилиши мумкин эмас (ЕК 20-м.; Қонуннинг 7-м.). Муайян бир мулкдор, масалан, биринчи қаватда яшовчи фуқаро уйга туташ ҳудуддаги ер участкасининг бир қисмини фойдаланишга олиши ва уни ўз хоҳишига кўра ободонлаштириши, кўкаламзорлаштириши мумкин бўладими. Фуқаролик кодексининг нормаларидан келиб чиқиладиган бўлса, фойдаланиш учун ер участкасини олган мулкдорлар ушбу ер участкасидан фойдаланиш тартиби тўғрисида битим тузишлари мумкин бўлади. Хусусан, муайян бир мулкдорнинг манфаатларидан келиб чиқиб умумий ер участкасининг бир қисмини унинг тасарруфига бериш имконияти ҳам назарда тутилади.
Мулкдорлар бошқа шахслар манфаати йўлида сарф-харажат қилишмайдими?
Ҳозир уйга туташ ҳудудлар ҳамма ёқда шахсий автомобиллар билан банд қилинган. Агар мулкдорларга ушбу машиналар тўхташ жойларига айланган ҳудудларнинг бир қисмини ўз ичига олган ер участкалари фойдаланишга бериладиган бўлса, уни сақлаш масаласи қандай ҳал этилади? Сақлаш харажатлари барча учун бир хил бўлади, шунда автомобили бўлмаган фуқароларнинг шахсий автотранспорт банд қиладиган ер участкасининг бир қисмидан фойдаланиш ҳуқуқлари чеклаб қўйилмайдими.
Мулкдорларга ерларни ажратишда уйлар ва ер участкаларининг жойлашиш хусусиятлари ҳам ҳисобга олиниши лозим. Янги қурилаётган уйларга келсак, улар ер участкалари билан уйлар ўртасида ёпиқ мажмуани ҳосил қилган ҳолда жойлаштирилмоқда. У ерда кириш қисмида панжара, дарвоза ўрнатиб, ер участкасидан бошқа шахслар фойдаланишини чеклаш мумкин. Иккиламчи уй-жой фондини режалаштиришда умуман бундай қилиб бўлмайди. Акс ҳолда уйлар орасида фуқаролар ва транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланиши чеклаб қўйилиши мумкин.
Яна бир масала. Айтайлик, мулкдорнинг болалар майдончаси керак бўлган болалари йўқ, ўзи эса ундан фойдаланмайди. У бегона шахслар фойдасига майдончани сақлаш харажатларини кўтаришига тўғри келадими?
Ердан фойдаланиш ва уйга туташ ер участкаларини сақлаш борасида муаммолар талайгина. Бунда жиддий, профессионал ёндашув зарур. Шаҳар ҳокимияти ҳал этилмаган масалаларни уй аҳли зиммасига юклаяпти деган фикр пайдо бўлишига йўл қўймаслик керак.