Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 49 / Меҳнат муносабатлари

Тунги вақтдаги ишга қандай жалб қилиш керак

 

Тунги вақтдаги ишга жалб қилиш тартиби

 

Маълумки, соат 22.00 дан то соат 6.00 гача бўлган вақт тунги вақт деб ҳисобланади (МК 122-м. 1-қ.).

Тунги вақтдаги ишларга жалб қилишнинг тартиби корхонанинг қуйидаги ички ҳужжатларида белгиланади:

• смена жадвалларида;

• ички меҳнат тартиб қоидаларида;

• жамоа шартномаларида;

• иш вақти ва дам олиш режими тўғрисидаги низом ва бошқаларда.

Мана шу ҳужжатларда тунги ишларга жалб қилинган лавозимлар (касблар) рўйхатини кўрсатинг. Шунингдек, сиз тунги сменада ишлаш шартини ходим билан тузилган меҳнат шартномасига киритишингиз мумкин.

 

Ходимларнинг алоҳида тоифалари учун тунги меҳнатни чеклаш

Ҳар қандай ҳолатда ҳам 18 ёшга тўлмаган шахсларни тунги ишларга жалб қилиш мумкин эмас (МК 245-м.). Бу нафақат ўсмирлар тунги сменада ишлаганда, балки иш вақтининг камида бир қисми туннинг исталган вақтига тўғри келганда ҳам ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Шунинг учун вояга етмаганлар учун иш жадвали шундай тузилиши керакки, иш вақтининг охири иш кунининг соат 22.00 дан кеч ва бошланиши соат 6.00 дан олдин бўлмаслиги керак.

14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга жалб қилишга йўл қўйилмайди (МК 228-м.).

Ҳомиладор аёллар ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни ҳам тунги ишларга жалб қилишга уларнинг розилиги бўлган тақдирда ва бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса мавжуд бўлганда йўл қўйилади (МК 228-м.).

 

Тунги сменадаги иш вақти қандай ҳисобланади

Тунги смена иш вақтининг давомийлиги у ёки бу тоифадаги ишчилар учун белгиланган иш вақтига нисбатан бир соатга қисқартирилади. Бундай қисқартириш, агар ходимнинг кундалик иши (сменаси) давомийлигининг камида ярми тунги вақтга тўғри келса, амалга оширилади.

 

МИСОЛ. Тунги вақтни аниқлаш

Ходимнинг иш куни 8 соатлик. У соат 22.00 дан 3.00 гача ишга жалб қилинди.

Бу тунги смена ҳисобланади, чунки уларнинг 5 соати (ярмидан кўпи) тунги вақтга, яъни соат 22.00 дан 3.00 га тўғри келади.

 

МИСОЛ. Тунги сменаларда иш вақтининг ҳисоб-китоби  

Ходимлар смена жадвалига мувофиқ ҳафтада 5 та тунги сменада ишлашлари керак. Уларнинг ҳафталик иш вақтининг нормаси 40 соат эмас, балки 35 соат бўлади, чунки хар бир смена бир соатга қисқаради.

Тунги смена кундузги сменага унинг давомийлигини қисқартирмасдан қуйидаги ҳолларда тенглаштирилади (МК 122-м. 3-қ.):

• узлуксиз ишлаб чиқаришда. Масалан, қозонхона навбатчисининг сменали иши;

• ишлаб чиқариш шароитларига кўра зарур бўлган ҳолларда. Масалан, ходим тунги вақтда ишлаш учун махсус қабул қилинганда (тунги қоравул, тунги электрчи ва бошқалар);

• бир кун дам олинадиган 6 кунлик иш ҳафтаси шароитида сменали ишларда.

Бундай ҳолларда, ҳисоб-китоб даври учун иш вақти нормаси оддий шароитларда ишлайдиганлар учун бир хил қоидаларга мувофиқ ҳисобланади.

 

Тунги вақтдаги ишга қандай ҳақ тўланади

Тунги вақтдаги ишнинг ҳар бир соати учун камида бир ярим баравар миқдорда ҳақ тўланади (МК 158-м. 1-қ.).

Тўловнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчининг касаба уюшмаси қўмитаси ёки ишчиларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда белгиланади.

Тунги вақтдаги иш учун оширилган миқдорда тўланган ҳақ тариф ставкаларига (мансаб маошларига) қўшилмайди (МК 158-м. 2-қ.). Шунинг учун тунда ишлаган ҳар бир соат учун иш ҳақи асосий иш ҳақидан алоҳида ҳисобланиши керак.

Ушбу тўлов тартиби фақат тунги вақтдаги, яъни 22.00 дан 6.00 гача бўлган иш учун тегишли. Кечки сменалар учун қўшимча тўлов, агар у локал ҳужжатларда – жамоа шартномасида ёки ходимларнинг вакиллик органи билан келишган ҳолда назарда тутилган бўлса, тўланиши мумкин. Бундай ҳолатда, локал далолатномада кечки сменадаги иш учун қўшимча тўловларнинг аниқ миқдори ва тўлаш тартибини белгилаш керак. Кечки смена тунги сменадан олдинги смена ҳисобланади.

Ногиронлиги бўлган ходимлар тунги вақтдаги ишларга фақат уларнинг розилиги билан жалб қилиниши мумкин ва тиббий хулосада бундай ишлар тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади. 

 

Александр Навотний, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи,

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1394 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика