2021 йил 1 июлдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг «Бюджетдан маблағ билан таъминланадиган ташкилотларда хизмат енгил автотранспортидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги қарори (2.04.1999 й. 154-сон) ўз кучини йўқотди. Унда шахсий автомобилдан хизмат мақсадларида фойдаланганлик учун компенсация тўлаш тартиби назарда тутилган эди (Рўйхат 1-б., 29.04.2021 й. 258-сон ВМҚга 4-илова). Янги ҳужжат ҳозирча қабул қилинмаган. Ҳужжат қабул қилингунга қадар компенсация тўловлари қандай тўланиши ва уларга қандай тартибда солиқ солиниши тушунарсиз бўлмоқда. Солиқ маслаҳатчилари ушбу масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
«Янги НҲҲ қабул қилингунига қадар бундай тўловлар меъёрдан ортиқ ҳисобланади»
Татьяна БЕЛОУСОВА, солиқ маслаҳатчиси, «Norma» МЧЖ эксперти:
– Хизмат сафарлари учун шахсий автомобилдан фойдаланганлик учун компенсация тўловлари махсус тартиб – Ходимларнинг шахсий автомобилларидан хизмат мақсадлари учун (хизмат сафарларидан ташқари) фойдаланганлик учун компенсация тўлаш тартиби (154-сон ВМҚга 3-илова) билан белгиланган эди. Ушбу Тартиб мулкчилик шаклидан қатъи назар, ишлаб чиқариш фаолияти мунтазам хизмат сафарларини талаб этадиган барча ташкилотларга татбиқ этилган. Компенсация суммаси автомобиль двигателининг от кучи миқдорига қараб ҳисобланган ва БҲМга каррали миқдорларда белгиланган.
Нормалар доирасидаги компенсация ходимнинг даромади ҳисобланмаган. Корхонанинг бундай харажатлари иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган бўлса, улар фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташланган.
Корхона компенсация нормасини оширган тақдирда, оширилган сумма:
● фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланмаган (СК 317-м. 4-б.);
● ЖШДС ва ижтимоий солиққа тортилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 29.04.2021 йилдаги 258-сон «Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниши билан 154-сон қарор, у билан бирга Хизмат сафарлари мақсадларида шахсий автомобилдан фойдаланганлик учун компенсация тўлаш тартиби ҳам ўз кучини йўқотган. Демак, айни пайтда мазкур вазият қонунан тартибга солинмаган. Бундай ҳолатда нима қилиш керак?
Бу иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ деб топилса, компенсация тўлашни тўхтатиш тавсия этилади. Бунда компенсация нормаларини белгиловчи янги НҲҲ чиққунига қадар бўлган даврда ходим билан автомобиль ижараси бўйича шартномани тузиш мумкин.
Бундай НҲҲ қабул қилингунига қадар барча компенсация тўловлари меъёрдан ортиқ ҳисобланади. Уларга ЖШДС ва ижтимоий солиқ тўлиқ миқдорда солиниши лозим. Улар фойда солиғини ҳисоблашда корхонанинг чегирилмайдиган харажатлари ҳисобланади (СК 317-м. 4-б., 373-м. 11-б., 403, 404-м.).
Автомототранспорт воситаларининг ижара шартномаси:
нотариал тасдиқланиши лозим;
нотариал тасдиқланган пайтдан эътиборан 10 кун мобайнида ҳисобга қўйиш учун ЙҲХБ органларига тақдим этилиши лозим (Низом 3, 4-б., 7.03.2006 й. 38-сон ВМҚ билан тасдиқланган).
Шартнома шартларига кўра белгиланган ижара тўлови ходимнинг мулкий даромади ҳисобланади, унга ЖШДС солинади, бироқ ушбу даромад ижтимоий солиқ солинадиган объект ҳисобланмайди (СК 375-м. 3-б.).
Корхонанинг автомобиль ижараси бўйича харажатлари иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган бўлса, фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташланади.
Ижара тўловидан ЖШДСни ҳисоблашда «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунга 8-иловада белгиланган энг кам ставкаларни ҳисобга олинг. 2021 йилда енгил автомобиль учун энг кам ижара тўлови ставкаси 575 000 сўмни ташкил қилади. Ушбу сумма ижара тўлови миқдорини чекламайди, балки ундан жисмоний шахсларнинг мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларига солиқ солиш мақсадларида фойдаланилади.
«Шахсий автомобиль учун компенсация олиш ҳуқуқи ва нормалари Меҳнат кодексида белгиланган»
Ирода АББОСХОНОВА, солиқ маслаҳатчиси, «Tax Consensus» СМТ директори:
– 154-сон ВМҚда белгиланган аввалги компенсация нормалари бекор қилинган ва янгиси қабул қилинмаган ҳолатда иккита савол туғилади:
● тўловларни тўлашда давом этиш керакми ёки тўхтатиш керакми?
● уларга ЖШДС ва ижтимоий солиқ солиниши лозимми?
Биринчи саволга жавоб ижобий, иккинчисига эса салбий, деб ҳисоблайман. Меҳнат кодексида иш берувчининг розилиги билан ва унинг манфаатлари йўлида ходим ўзига тегишли мол-мулкдан фойдаланганда транспорт воситаларининг амортизацияси ва улардан фойдаланганлик учун қилинган харажатлар, шунингдек асбобларнинг, техник воситаларнинг ёки ўзга мол-мулкнинг амортизацияси иш берувчи ҳисобидан тўланиши лозимлиги ҳақидаги норма мавжуд. Ана шу харажатларни тўлашнинг миқдори ва тартиби жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгилаб қўйилади (МК 173-м.).
Шунга эътибор қаратиш лозимки, МКда ВМҚ қабул қилинишига ва барча хўжалик субъектлари учун бундай нормалар белгиланишига ҳавола берилмаган. Бинобарин, МКда ходимга компенсация олиш ҳуқуқи берилган, унинг миқдори эса жамоат шартномасида ёки иш берувчи ва ходим ўртасида тузиладиган битимда қайд этилиши лозимлиги айтилган – бу қонун ҳужжатлари билан белгиланган норма ҳисобланади.
Шу тариқа, корхона ва ташкилотлар «шахсий автомобиль учун компенсация» тўлашни давом эттиришга ҳақли, давлат органлари бундан мустасно, бунда бир жиҳатини айтиб ўтамиз – унинг миқдори жамоа шартномасида ёки иш берувчи ва ходим ўртасида тузиладиган битимда қайд этилиши лозим.
Фикримча, компенсация тўловларига ЖШДС ва ижтимоий солиқ солинмаслиги керак. СКда солиқ агентларининг ходим фойдасига амалга оширадиган қонун ҳужжатларида назарда тутилган нормалар доирасида хизмат ишларида шахсий автомобилдан фойдаланганлик учун тўловлари (бундан хизмат сафарлари мустасно) жисмоний шахснинг даромади сифатида қаралмаслиги айтилган (СК 369-м. 2-қ. 9-б.). МКнинг 173-моддаси айни СКда қайд этилган нормадир деб ҳисоблайман. Шу боисдан, жамоа шартномасида ёки меҳнатга оид битимларда тўловларнинг аниқ миқдори белгиланган тақдирда, уларга солиқ солинмайди.
Фойда солиғини ҳисоблашда ушбу тўловларни чегириб ташлаш мумкин-мумкин эмаслиги масаласи ҳам шунга ўхшашдир. Иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаганлигини асослаб берсангиз – чегириб ташлашингиз мумкин (СК 305-м. 1, 3-қ.).
Аввало, бунда суиистеъмоллик ҳолатлари юз бериши мумкинлиги туфайли ҳам солиқ органлари бундай ёндашувга рози бўлмайдилар. Суиистеъмоллик ҳолатларини камайтириш учун ҳеч бўлмаганда давлат мулки субъектлари учун тўловларнинг аниқ миқдори белгиланиши лозим. Бу солиққа оид низоларни камайтириш мақсадида улардан хусусий тадбиркорлар ҳам фойдаланишига имконият яратиб беради.
«Кўпчилик тартиб мавжуд эмаслигини сезмасдан, тўловларни илгариги шартларда ҳисоблашда давом этмоқда»
Гулнора ЭРГАШЕВА, солиқ маслаҳатчиси:
– Молия вазирлигидаги манбадан маълумки, айни пайтда янги ҳужжат ишлаб чиқилмоқда, унда хизмат сафарлари мақсадларида шахсий автомобиллардан фойдаланганлик учун компенсация тўловларини тўлаш тартиби белгиланади. Ушбу ҳужжат яқин кунларда қабул қилинади.
Умуман олганда, ҳамкасбларимнинг фикрларига қўшиламан, автомобилнинг ижара шартномасини расмийлаштириш ёки Меҳнат кодекси ва жамоат шартномалари нормаларидан фойдаланиш орқали ушбу вазиятдан чиқиш мумкин.
Лекин шу билан бирга иш берувчилар, айниқса июль ойида мураккабликларга дуч келдилар, сабаби ушбу нормаларнинг мавжуд эмаслиги кўпчилик иш берувчиларнинг эътиборидан четда қолиб кетди, айримлари эса солиқлар бўйича ҳисоб-китобларни топширишда буни билганликларини айтдилар.
Гап шундаки, автомобилнинг ижара шартномасини ўтган сана билан тузиб бўлмайди. Агар жамоа шартномасида тегишли нормалар мавжуд бўлмаса, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласини ҳам бир кунда ҳал этиб бўлмайди. Бунинг устига, ой ҳам тугади.
Ходимни ноқулай аҳволда қолдирмаслик учун иш берувчида унчалик тўғри бўлмаса-да, иккита йўл қолади:
1) меҳнат шартномасига қўшимча битимни ўтган сана билан тузиш;
2) компенсация тўловларига тенг миқдорда мукофот пули бериш.
Бунда санаб ўтилган усуллардан ҳеч бири ўз кучини йўқотган Тартибдаги ҳуқуқларни бера олмайди. Солиқ солиш позициясидан қаралганда, мазкур ҳуқуқлар адолатли бўлган, сабаби шахсий транспортдан корхона эҳтиёжлари учун фойдаланилганда тўланадиган компенсация тўловларидан солиқ тўламаслик имкониятини яратган.
Ушбу низомсиз ҳар қандай ҳолатда ҳам, қанчалик уринмайлик, барибир бу суммаларга солиқ солинади.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш доирасида қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлайман:
1) ташкилот эҳтиёжлари учун ходимларнинг шахсий автотранспортларидан фойдаланганлик учун компенсация тўловларини тўлаш тартибини белгилайдиган янги ҳужжат имкон қадар тезроқ қабул қилиниши керак. Бундай ҳужжат келгуси ҳафталарда қабул қилинса айни муддао бўлар эди. Бу масалага ойдинлик киритилса, солиқлар бўйича ҳисоб-китобларни яна қайта топширишга эҳтиёж туғилмаган бўлар эди.
2) шундай тартиб назарда тутилиши керакки, унга мувофиқ ушбу нормаларни 2021 йил 1 июлдан, яъни аввалги тартиб ўз кучини йўқотган пайтдан бошлаб бутун даврга қўллаш мумкин бўлиши лозим.
Олег ГАЕВОЙ суҳбатлашди.