Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган корхонага хорижий банк (Туркия) томонидан кредит ажратилган. Давлатлар ўртасида даромадларга икки томонлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисида битим мавжуд.
Резидент ҳисобланган корхона томонидан хорижий банк – Туркия резидентига кредит бўйича фоизларни тўлашда солиқ солиш тартиби қандай бўлади?
– Хорижий банкка тўланадиган фоизлар тарзидаги даромадларга тўлов манбаида солиқ солиниши лозим. Бундай даромадга 10%лик ставка бўйича солиқ солинади (СК 351-м. 1-қ., 2-қ. 3-б., 353-м. 1-б.).
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Жумҳурияти Ҳукумати ўртасида даромадларга икки томонлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисидаги битим (Тошкент, 8.05.1996 йил, ВМнинг 15.07.1996 йилдаги 251-сон қарори билан тасдиқланган) амал қилади. Битимнинг 11-моддаси 2-бандида айтилишича, фоизлар тарзида олинадиган даромадларга 10%лик ставка бўйича солиқ солинади. Яъни, халқаро шартнома мавжуд бўлишидан қатъи назар фоизлар тарзидаги даромадлардан тўлов манбаида ушлаб қолинадиган солиқ ставкаси 10%ни ташкил қилади.
Фоизлар Туркия ҳукуматига ёки Туркия Марказий банкига ёки Туркия Экзим банкига тўланадиган ҳоллар бундан мустасно, бундай фоизларга Ўзбекистонда солиқ солинмайди (Битимнинг 11-м. 3-б.). Мазкур ҳолатда хорижий банклар солиқ резидентлиги тўғрисидаги ҳужжатни тақдим этиши талаб этилмайди, бироқ даромадга бўлган ҳақиқий ҳуқуққа эга эканлиги тўғрисидаги ҳужжат тақдим этилиши лозим (СК 357-м., 4, 5-қ., 358-м. 2-қ.).
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.