Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 33 / Қонун ижодкорлари эътиборига

Божхона қонунбузарликларини кўриб чиқиш соддалаштирилмоқда

 

Мамлакат дарвозаси ҳисобланган божхона тизимидаги ислоҳотлар халқаро муносабатларимиз ривожланишида муҳим ўрин тутиб, бу республикамизнинг иқтисодий, савдо-сотиқ, маданий, туризм йўналишидаги алоқаларини янги поғонага кўтаришда алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда.

 

Божхона қонунчилиги нафақат ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига халқаро андозалар даражасида ишлашга шарт-шароит яратмоқда, балки тизим доирасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга ҳам солмоқда.

Давлат божхона қўмитаси ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун ҳам божхона қонунчилигини бузиш билан боғлиқ бўлган айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни Давлат божхона қўмитасида мавжуд автоматлаштирилган ахборот тизимлари ёрдамида қайд этиш ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш тартибини жорий этишни кўзда тутади.

Давлат божхона қўмитасида жами 63 та автоматлаштирилган ахборот тизимлари жорий этилган. «Авто», «Божхона омбори», «Электрон божхона расмийлаштируви» каби автоматлаштирилган ахборот тизимлари дастурлар ёрдамида божхона ҳудудига кириб келган товар ва транспорт воситaлари билан боғлиқ ҳаракатларни назорат қилиш имконини беради.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22710, 22713, 22716 ва 22722-моддаларига, ­яъни божхона юк декларациясини қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда тақдим этмаслик, сақловга қўйилган товарларни сақлаш муддатларига риоя қилмаслик, божхона юк декларациясида нотўғри маълумотлар кўрсатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни соддалаштирилган тартибда расмийлаштиришга қаратилган ўзгаришлар киритилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ товарларнинг «Вақтинча сақлаш» ва «Божхона омбори» божхона режимларида туриш муддати «Божхона омбори» автоматлаштирилган ахборот тизими томонидан назорат қилинади ва муддатлар бузилган тақдирда, божхона пост ходими томонидан ҳуқуқбузарлик содир этган шахс божхона постига чақиртирилиб, ҳолат юзасидан тушунтириш хати ёзар ва унга нисбатан Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилар эди. Шунингдек, ҳолат бўйича икки нафар холисдан тушунтириш хати олиниб, маъмурий иш тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш учун судга юборилар эди.

Қонунга киритилаётган янги нормаларга биноан Давлат божхона қўмитасида мавжуд автоматлаштирилган ахборот тизимлари ёрдамида қайд этиладиган ҳуқуқбузарликни кўриб чиқиш ваколати суд органларидан божхона органларига ўтказилмоқда. Давлат божхона қўмитасида мавжуд автоматлаштирилган ахборот тизимлари ёрдамида қайд этиладиган ҳуқуқбузарликларни баённома тузмасдан, жарима солиш ҳақидаги қарор асосида соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш ва кўриб чиқиш тартиби жорий этилмоқда (МЖтК 3092-модда билан тўлдирилди).

Соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилиши ва кўриб чиқилиши белгиланаётган ҳуқуқбузарликлар бўйича фуқаро ва тадбиркорларга енгиллик яратиш мақсадида маъмурий жарималар миқдори аниқ суммада белгиланмоқда, яъни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22710 ва 22722- моддаларида белгиланган БҲМнинг 3-7 баравари (735 000 – 1,7 млн сўм) ўрнига қатъий равишда БҲМнинг 3 баравари (735 000 сўм) белгиланмоқда.

Эндиликда товарлар «Вақтинча сақлаш» ва «Божхона омбори» божхона режимларида туриш муддати давомида бошқа режимга расмийлаштирилмаган тақдирда, божхона органларининг тегишли дастури орқали пост инспекторига ахборот келиб тушади. Божхона пости инспектори томонидан Божхона юк декларациясининг 50-графасида тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар учун жавобгар шахсга нисбатан Давлат божхона қўмитасининг Автоматлаштирилган ахборот тизимларидаги «Е-қарор» модули орқали БҲМнинг 3 баравари миқдорида жарима солиш ҳақидаги қарор автоматик тарзда шаклланади. Мазкур шаклланган қарор инспектор томонидан 10 дақиқа ичида кўриб чиқилади ҳамда тасдиқланади. Тасдиқланган қарор дастур орқали ҳуқуқбузарга электрон кўринишда автоматик тарзда юборилади.

«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонуни билан божхона органларининг автоматлаштирилган ахборот тизимларида аниқланган қоидабузарликлар бўйича маъмурий ишлар суд органига юборилмасдан, эндиликда ушбу тизим доирасида ҳал этилади.

Божхона қоидабузарликлари учун жарима солиш ҳақидаги қарор электрон тарзда тузилиб, маъмурий тартиботларда сарфланадиган вақт ҳамда харажатлар қисқартирилади.

Қоидабузарликларни кўриб чиқишда инсон омили бартараф этилади, божхона ходимларининг фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқоти чекланади ва бу билан коррупцион ҳолатларнинг олди олинади.

Солинадиган жарима суммаларини аниқ белгилаш ҳам турли талқинлар ва шубҳалар туғилишини бартараф этади.

Ҳуқуқбузарга жарима солиш қарори божхона постининг ўзида тақдим этилиб, шу жойда жаримани тўлаш имконияти яратилади.

Тўлқин КАРИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси.

Прочитано: 331 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика