Ер қаъридан фойдаланувчи оҳак қазиб олинадиган карьерда портлатиш ишларини амалга оширди, кирим қилинган оҳактош ҳажми 52 000 куб м ни ташкил қилди. Ҳисобот даврида 22 000 куб м ишлатилди. Шундан цемент ишлаб чиқарувчи заводга 16 000 куб м реализация қилинди, 6 000 куб м корхонанинг ўзида оҳак ишлаб чиқаришга сарфланди, карьерда қолган қисми – 30 000 куб м.
Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича ҳисоботда қазиб олиш ҳажми қанча кўрсатилиши керак ҳамда қайси солиқ ставкаси кўрсатилади?
– Фойдали қазилмани қазиб олиш (ажратиб олиш) ҳажми ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солиш объектидир (СК 450-м. 1-қ.). Бинобарин, солиқ ҳисоботида қазиб олиш ҳажми – 52 000 куб м акс эттирилади.
Солиқ базаси қазиб олинган (ажратиб олинган) фойдали қазилмалар ҳажмининг ҳисобот даври учун ўртача олинган реализация қилиш баҳосида ҳисоблаб чиқилган қиймати сифатида аниқланади. Ҳисобот даври учун ўртача олинган реализация қилиш баҳоси ҳар бир қазиб олинган (ажратиб олинган) фойдали қазилма бўйича пулда ифодаланган реализация қилиш ҳажмларини (ҚҚС ва акциз солиғини чегирган ҳолда) уларнинг натурада ифодаланган реализация қилиш ҳажмига бўлиш орқали алоҳида аниқланади (СК 451-м. 2, 3– қ.).
Қазиб олинган фойдали қазилманинг бир қисми реализация қилиниб, қолган қисмидан ўзининг ишлаб чиқариш ёки хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланилган ҳолларда, фойдали қазилма бўйича солиқ базаси реализация қилинган ушбу фойдали қазилманинг ўртача олинган реализация қилиш нархидан келиб чиқиб қазиб олинган фойдали қазилманинг бутун ҳажмига нисбатан аниқланади (СК 451-м. 6-қ.).
Солиқ суммасини ҳисоблаш учун ҳисоблаб чиқарилган солиқ базаси солиқ ставкасига кўпайтирилади. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари СКнинг 452-моддасида белгиланган. Сиз ставкани солиқ солинадиган объект (фойдали қазилма) номидан келиб чиққан ҳолда аниклашингиз мумкин.