Асосий воситаларнинг бир қисми тез маънавий эскириши муносабати билан раҳбар айрим объектларга амортизациянинг жадаллаштирилган усулини – 40%ни қўллашга қарор қилди. Яъни СКнинг 306-моддасида тасдиқланган нормалар 2 карра оширилган.
Бунда фойда солиғи ва мол-мулк солиғи қандай ҳисоблаб чиқарилади?
Саволга «Norma» МЧЖ эксперти Татьяна Лимарева жавоб берди:
– Асосий воситалардан интенсив фойдаланилганда (буни техник параметрларга солиштириб аниқлаштириш мумкин) ёки илмий-техникавий жараённинг катта таъсирида улар тез эскирса, қуйидаги усулларда ҳисобланадиган жадаллаштирилган амортизацияни қўллаш мумкин):
● икки карра амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш усули;
● йиллар суммаси усули (кумулятив усул) (5-сон БҲМС 37-б., АВ рўйхат рақами 1299, 20.01.2004 й.).
Амортизация ҳисоблашда сиз 5-сон БҲМСда назарда тутилган ҳар қандай усулдан фойдаланишингиз мумкин. Шунингдек, корхонада ишлаб чиқилган бошқа усулларни қўллашга ҳам тақиқ мавжуд эмас. Асосийси, услубият корхонанинг ҳисоб сиёсатида ёзилиши лозим.
Асосий воситаларнинг ҳар хил турларига (гуруҳларига) амортизацияни ҳисоблашнинг турли усулларини қўллаш мумкин. Бунда АВларнинг бир турдаги объектлари бўйича (маркаси, тури ва бошқалар бўйича) фақат битта усул қўлланилади.
Фойда солиғи
Амортизация АВларнинг фойдали хизмат муддатига ва қўлланиладиган усулга боғлиқ ҳолда харажатларга киритилади.
Фойда солиғи солиш мақсадларида амортизация ажратмалари СКда белгиланган амортизация нормалари доирасида харажатларга киритилади (СК 306-м. 9-қ.).
Агар бухгалтерия ҳисоби мақсадлари учун нормаларни қўллаган ҳолда ҳисобланган амортизация СКнинг 306-моддасига мувофиқ белгиланган нормалар бўйича аниқланган АВ амортизациясидан ошса, фарқ солиқ солинадиган фойдани ҳисоблаб чиқаришда жорий ҳисобот даврида чегирилмайди (СК 317-м. 22-б.).
Бухгалтерия ҳисоби мақсадлари учун ҳисоб сиёсатида АВнинг ҳар бир гуруҳига қўлланиладиган амортизация усулларини, шунингдек амортизация нормаларини акс эттиринг.
Солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсатида СКнинг 306-моддаси 9-қисмига мувофиқ келадиган сизнинг АВларингизнинг ҳар бир гуруҳи учун амортизация нормаларини акс эттиринг. Чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатларни эътироф этиш механизмини белгиланг.
Мол-мулк солиғи
Асосий воситаларнинг айрим объектлари учун мол-мулк солиғи бўйича солиқ базаси бўлиб ўртача йиллик қолдиқ қиймати ҳисобланади. У бошланғич (тикланиш) қиймати билан ҳисоб сиёсатида белгиланган усуллардан фойдаланилган ҳолда ҳисоблаб чиқилган амортизация миқдори ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади (СК 412-м. 1-қ. 1-б.). Амортизация усуллари бухгалтерия ҳисоби мақсадларидаги ҳисоб сиёсатида белгиланади.
Яъни, АВнинг қолдиқ қийматини аниқлаганда, ҳақиқатда ҳисобланган амортизацияни чегириб ташланг.
АВнинг чиқиб кетиши
Асосий воситанинг чиқиб кетишидан олинадиган даромадни бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланг (СК 298-м.).
АВнинг чиқиб кетишидан молиявий натижа АВнинг чиқиб кетишидан тушган даромаддан унинг қолдиқ (баланс) қиймати, АВнинг чиқиб кетиши билан боғлиқ билвосита солиқлар ва харажатларни айириш орқали қўшимча баҳолаш суммасини ҳисобга олган ҳолда аниқланади (5-сон БҲМС 53-б.).