Кўп квартирали уйларнинг энергия самарадорлигини қандай осон ва арзон йўллар билан оширса бўлади? Бу саволга «Турар жой биноларини энергия самарадор модернизация қилиш» вебинарида тақдим этилган «Девятий вал» (Украина, Киев ш.) кўп квартирали уйлар мулкдорлари бирлашмаларининг (ККУМБ) иш тажрибаси жавоб бўла олади. Ушбу вебинар Promhouseнинг «Қозоғистон ва Ўзбекистонда уй-жой фондини бошқаришнинг профессионаллашуви» лойиҳаси доирасида ўтказилди. «Девятий вал» ККУМБ бошқаруви остидаги уйда энергия самарадорлик бўйича айрим тадбирлар лойиҳасининг тақдимотини «Гарант» энергосервис компанияси директори Александр Труфанов (Киев шаҳри) тақдим этди.
Нимадан бошлаш керак?
Бинолар иситилишини модернизация қилиш борасида асосий ҳаракатлантирувчи куч ва руҳлантирувчи субъект бўлиб бошқарув органи ҳамда кўп квартирали уйнинг яшовчилари ҳисобланади. Ишни бино, муҳандислик тизимларини комплекс энергоаудитдан ўтказиш ва натижаларни таҳлил қилишдан бошлаш керак. Термомодернизация қилиш ҳақидаги қарор уйда яшовчиларнинг умумий йиғилишида кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Шундан сўнг смета ва термомодернизация қилиш лойиҳаси тузилади, ишларни бажариш бўйича тендер ўтказилади ҳамда иш ижрочилари аниқланади. Сўнгра – иситиш ва иситиш техник ускуналари, конструкцияларини алмаштириш, ишлар бажарилишини техник назорат қилиш, верификация бўйича ишлар амалга оширилади.
Одатда ўтган асрнинг 60–90-йилларида барпо этилган эски қурилишдаги уйлар термомодернизация қилинади. Лекин 2017 йилда «Гарант» компаниясига «Девятий вал» ККУМБ раҳбарияти нисбатан янги, фойдаланишга 2000 йилда топширилган уй билан боғлиқ муаммолар билан мурожаат қилди. Нима қилиш керак? Остонада қиш турибди, квартирада яшовчилар музлаб қолишяпти, иситиш учун тўловлар нархи ошиб боряпти. Қўшни кўп қаватли уйлардаги аҳвол сал яхшироқ эди. Ана шу вақтда Киевда уйларда энергия самарадорлигини ривожлантиришга йўналтирилган «осон кредитлар» давлат дастурини эълон қилиб қолишади. Мазкур кредитни олар экан, аҳоли энергия самарадорлигини қисман ўтказишга муваффақ бўлди. Энергияни тежовчи тадбирларни амалга оширишга кетган харажатларнинг 70 фоизи дастур иштирокчиларига давлат ҳисобидан қоплаб берилди. 30 фоизини яшовчиларнинг маблағлари ташкил этиши керак эди. Уйнинг муаммоси давлат дастури ёрдамида ҳал этилишига умид уйғонди.
Уйга «ташхис» қўйиш ҳам – санъат
Уйга тааллуқли муаммони англаш учун унга «ташхис» қўйиш, энергоаудит ўтказиш керак эди. Бу барча ишлар, шу жумладан умуман термомодернизация ўтказиш натижаси унга боғлиқ бўлган муҳим босқич бўлди. Расмий текширув ўтказиш, квартираларга кира олиш учун бошқарув органи билан шартнома тузиш талаб қилинар, бунинг учун эса яшовчиларнинг розилигини олиш лозим эди. ККУМБ бошқаруви тушунтириш ишларини бошлаб юборди ва бир ой ўтгандан кейин «Гарант» компаниясининг экспертларини умумий йиғилишга таклиф этишди. Яшовчилар уч гуруҳга бўлинишди. Бир гуруҳдагилар бу ишлардан ҳеч нарса чиқмаслигини иддао қилса, бошқа гуруҳдагилар бу ҳаракатлар нима учун керак, деган гапда туриб олишди, учинчи тараф эса қандайдир ҳаракат қилиш керак, деб қатъий фикр билдиришди. Барчани биргина савол қизиқтирар эди: уйнинг энергия самарадорлигини оширишдан қандай наф кўрилади? Бу борада оқилона тўхтамга келинди: қандайдир ҳаракат қилиш керак.
Мутахассислар тадқиқотни бошлашди. Уй 2000 йилда қурилган бўлиб, унда 198 та квартира бор, еттита секциядан иборат. Биринчи секцияда – 10 та қават, иккинчидан еттинчигача – 14 та қават. Бир қарашда вазият ёмон эмасдек туюлади. Иситиш билан боғлиқ муаммолар асосан уйнинг ёнбош қисмида яшовчиларда юзага келар эди. Айрим қўшниларда ҳаво ҳарорати +23-24 бўлганидан дарчаларни очиб ташлашади, бошқаларникида ҳарорат – +16 гача. ККУМБ бошқаруви уйни иситиш чораларини кўрди, лекин бу самара бермади. Аслини олганда бу ишлар осонликча бўлиб қолгани йўқ. Уйда иссиқлик йўқотилишини қисқартириш жуда кўплаб омилларга боғлиқ бўлиб, улар ҳақида аҳоли ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаслиги мумкин: бу тўғри ҳисоб-китоблар, материаллар сифати, иситиш тизимлари, технологияга риоя қилиш ва бошқалар бўлиши мумкин.
Уйнинг ертўласида иситиш таъминоти қувурлари иситилган, техник қаватлар, иситиш шохобчаси иситиш мосламалари билан қисман ихоталанган ва ҳ.к. Муҳандислик тизимлари ва чегараловчи конструкцияларни ўрганиш иссиқлик йўқотилиши даражасини шундоққина кўрсатиб турибди. Бу текширувлар давомида «совуқ ҳаво кўприклари»ни аниқлаш мумкин бўлди, улар орқали иссиқликнинг айнан қаердан сизиб чиқаётганини билиш мумкин. Бу ўта муҳим иш эди, шу жумладан аҳоли муаммони тушуниб етиши учун ҳам муҳим эди.
Уйда яшовчилар Днепрнинг чап қирғоғини «иситишган»
Уйнинг ёнбош қисмини қураётганда ўша давр учун янги бўлган иситувчи девор конструкцияларидан фойдаланилгани маълум бўлди. Иситувчи мосламалар у ерда кўп бўлмаган, улар оралиғида «совуқ кўприклар» юзага келган. Натижада иссиқлик уйдан ташқарига чиқиб кетаверган, техник хоналарга тарқаган. Ҳатто айрим ёнбош қисмдаги квартираларга нисбатан ертўлада ҳарорат илиқ бўлган. Экспертлар аҳоли Днепр дарёсининг чап қирғоғини «иситиш» билан овора бўлганларини айтиб, ҳазиллашишади.
Лоджиялар орқали ҳам иссиқлик анчагина йўқотилган. 44 та квартиранинг лоджияларида иситиш ускуналари қонунчиликка зид равишда ташқарига чиқарилган. Қиш кунларида иссиқлик деразалар орқали кўчага чиқиб кетаверган. Радиаторлар ташқарига чиқарилгани сабабли лоджиялар иситилмаган, натижада иссиқлик кўчага чиққан. Кўплаб квартираларда иситиш ускуналарига қўшимча секциялар уланган. Иситиш таъминоти тизимига 40 та кесмалар уланган бўлиб, бу гидравлик мувозанатнинг бузилишига олиб келган. Бир қисм аҳолининг ўзбошимчалиги учун бошқалар ҳақ тўлаб келганлиги аён бўлди.
«Гарант» энергосервис компаниясининг мутахассислари қанча иссиқлик ва маблағ ҳавога совурилаётганини кўрсатган ҳолда уйдаги муаммони маълум қилишганда яшовчилар «Бўлиши мумкин эмас!» дея ёқа ушлашди. Улар иссиқлик йўқотилишини пасайтириш бўйича мутахассисларнинг тавсияларига рози бўлишди – таклиф этилган чоралар иқтисодий жиҳатдан самарали эканлиги уларни қизиқтириб қўйди. Лекин комплекс энергия самарадор модернизациянинг сарф-харажатларини хомчўт қилгач, бунча маблағни топа олишларига кўзлари етмади. Шунда мутахассисларга уйни қисман термомодернизация қилиш лойиҳасини тайёрлаб бериш илтимоси билан мурожаат қилишди, бунда энергия самарадорлиги бўйича 30 фоизлик имтиёзга эга бўлган ҳолда давлат дастурига киритилишга умид боғлашди.
Турар жойни қисман термомодернизация қилиш тадбирлари қуйидагиларни ўз ичига олар эди:
• фасаднинг ёнбош деворларини иситиш;
• ертўладаги иситиш тизими қувурларини иситиш (ертўла майдони – 3 463,44 кв.м);
• иситиш узатиладиган қувурларга автоматик балансланадиган клапанларни ўрнатиш.
Бу тадбирлар уйда яшовчиларга қисман қулай яшаш шароитларини яратди, уйнинг барча секцияларида квартиралар бир маромда иситиладиган бўлди, илгари кўчани иситишга сарф этилган иссиқлик учун тўловлар тартибга солинди.
Лойиҳа 70/30 нисбатида молиялаштирилди, бу ерда 70% харажатлар «Энергодом» давлат дастури маблағлари ҳисобидан, 30% – аҳоли маблағлари ҳисобидан қопланди. Улар киритган маблағлар тез орада ўзини оқлади.
«Девятий вал» ККУМБнинг «Гарант» компанияси билан ҳамкорликдаги иши давом этмоқда. Мутахассислар уй мулкдорларининг бирлашмасини муаммоларни ҳал қилишда комплекс ёндашувга чақирадилар.
Энергияни тежайдиган қуйидаги тадбирлар режалаштирилмоқда:
• техник қаватни иситиш;
• уйнинг икки секциясидаги барча деворларни иситиш;
• якка тартибдаги иситиш шохобчасида бошқарув блокини (об-ҳаво бошқаруви) ўрнатиш;
• иситиш тизимига алоҳида иситиш ҳисоблагичини ўрнатиш;
• квартиралар бўйлаб якка тартибдаги иситиш ҳисоблагичларини ўрнатиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш.
Албатта, турар жойни термомодернизация қилиш – анчайин ихтисослашган масала бўлиб, у билан ихтисослаштирилган ташкилотлар шуғулланса-да, лекин бошқарувчининг бу жараёндаги роли беқиёс. Бу масалага бошқарувчи компаниянинг мақсад ва вазифалари – умумий уй мол-мулкига самарали хизмат кўрсатишни таъминлаш нуқтаи назаридан қараш керак. Вақт ўтган сайин бу мол-мулк эскиради, модернизация қилинишни талаб этади. Бошқарувчи мол-мулкнинг техник ҳолатини тўғри баҳолай билиши керак. У термомодернизация қилиш бўйича тадбирларни тасдиқлайдиган ва харажатларини кўтарадиган уйда яшовчилар билан ишни тўғри ташкил этган ҳолда ҳудуддаги шинамлик жараёнларини бошқариши лозимдир.