Кўчада биометрик паспортни топиб олдим.
Бунда қандай йўл тутсам тўғри бўлишини айтиб ўтсангиз.
– Топиб олинган паспортни ички ишлар органига топшириш лозим (Низомнинг 29-б., 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонга 1-илова).
Йўқотилган паспортлар бошқа ички ишлар органларидан, топилмалар бюросидан жўнатилган ҳамда эгаларига хабар юборилган кундан бошлаб 6 ой муддат мобайнида талаб қилиб олинмаган тақдирда, белгиланган тартибда йўқ қилинади.
Паспортларда аввалги яшаш жойидан пропискадан чиқарилгани ҳақидаги штамплар мавжуд бўлганда улар берилган жойи бўйича ички ишлар органларига йўқ қилиш учун юборилади (АВ томонидан 9.04.1999 йилда 698-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 24 , 25-б.).
Шуни таъкидлаш жоизки, Тошкент шаҳри ИИББ ҳузуридаги топилмалар бюроси фаолият юритади, бюро Бўзбозор кўчаси, 4-уй манзилида жойлашган (мўлжал – Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси). Ушбу бўлинма фуқаролардан топиб олинган турли ҳужжатларни (паспортлар, ҳайдовчилик гувоҳномалари, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар ва бошқалар), шунингдек буюмларни (муҳрлар, штамплар, сумкалар, жомадонлар ва ҳ.к.) қабул қилиб олади, улар мажбурий тартибда топилган ҳужжатлар, ашёлар ва буюмлар журналида рўйхатдан ўтказилади. Сўнгра ушбу ҳужжатлар, ашёлар ва буюмлар эгаси топилгунга қалар сақланади. 6 ой мобайнида ушбу ҳужжатларни излаб эгаси келмаган тақдирда, топилмалар бюроси ушбу ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб тан олиниши ҳақида газетага эълон беради ҳамда уларни берилган жойига йўқ қилиш учун юборади. Шунингдек топилган буюмлар маълум сақлаш муддати ўтганидан кейин далолатнома тузилган ҳолда йўқ қилинади.
Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.