Хорижий капитал иштирокидаги (давлат улуши бўлмаган) акциядорлик жамияти тугатиш жараёнини амалга оширишни режалаштиряпти.
АЖни тугатиш тартиб-таомиллари тартиби қандай?
– Тугатиш ишлари тайинланадиган тугатувчи томонидан амалга оширилади.
Ҳаракатлар тартиби қуйидагича бўлади («Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 98–101-м.):
Босқичлар |
Тартиб-таомиллар |
1 |
Кузатув кенгаши томонидан АЖни тугатиш ва тугатувчини ёки тугатиш комиссиясини сайлаш тўғрисидаги масала акциядорларнинг умумий йиғилишига қарор қабул қилиниши учун олиб чиқилади |
2 |
Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан жамиятни тугатиш ва тугатувчини тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинади |
3 |
Жамият тугатилиши тўғрисида ОАВда эълон берилади, ушбу эълон рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан унинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади |
4 |
Кредиторларни аниқлаш ва дебиторлик қарзларини ундириш чора-тадбирлари кўрилади. Кредиторлар АЖ тугатилиши тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилинади |
5 |
Оралиқ тугатиш баланси тузилади. Унда жамият мол-мулкининг таркиби, кредиторлар қўйган талаблар, шунингдек уларни кўриб чиқиш натижалари акс эттирилиши лозим. Оралиқ тугатиш баланси АЖ акциядорларининг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади |
6 |
Тугатиш баланси тузилади, у тугатилаётган жамият акциядорларининг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади |
7 |
Жамият қимматли қоғозлари чиқарилишларининг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини бекор қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланган муддатларда амалга оширилади |
8 |
Жамият мол-мулки акциядорлар ўртасида тақсимланади |
9 |
Рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига жамият тугатилиши тўғрисида ёзув киритилади |
Шунингдек қуйидаги жиҳатларни ҳам ҳисобга олиш лозим:
●
агар тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган вақтга келиб, жамият кредиторлар олдида мажбуриятларга эга бўлмаса, унинг мол-мулки акциядорлар ўртасида Қонуннинг 100-моддасига мувофиқ тақсимланади;
●
АЖдаги пул маблағлари кредиторларнинг талабларини қондириш учун етарли бўлмаса, тугатувчи жамиятнинг мол-мулкни суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда кимошди савдосида сотишни амалга оширади;
●
жамият хорижий инвестор бўлган акциядорга берилаётган мол-мулк тугатиш қисмининг бир қисмини хорижий валютага конвертация қилиши лозим.
Умид Файзиев,
«Norma» МЧЖ эксперти.