Ўзбекистон резиденти бўлган корхона Facebook да реклама жойлаштиради.
Бу қандай солиқ оқибатларига олиб келади?
Қўшилган қиймат солиғи
Facebook сайти рекламани жойлаштириш бўйича хизматларни кўрсатганда ушбу хизматларни олиш жойи Ўзбекистон Республикаси деб эътироф этилади. Бу хизматларни реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланади ва унга ҚҚС солинади. Корхонангиз солиқ агенти сифатида хорижий компаниядан, корхона ҚҚС тўловчиси ҳисобланиш-ҳисобланмаслигидан қатъи назар, ҚҚС суммасини ҳисоблаб чиқариши, ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиши шарт. ҚҚС бўйича солиқ базаси Ўзбекистонда тўланадиган ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда рекламани жойлаштириш бўйича хизматлар қиймати сифатида аниқланади (СК 238-м. 1-қ. 1-б., 241-м. 3-қ. 10-б., 255-м. 1, 6-қ.).
Шартнома ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда тузилган бўлса, корхонангиз ҚҚСни мустақил тарзда ҳисоблаб чиқариши ва бюджетга ўтказиши шарт. Мазкур ҳолатда солиқ базаси ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда рекламани жойлаштириш бўйича хизматлар қиймати сифатида аниқланади (СК 255-м. 7-қ.).
ҚҚС тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати корхонангизга тўланган солиқ суммасини ҳисобга киритиш ҳуқуқини беради (СК 255-м. 9-қ.).
Шунингдек сиз импортга бир томонлама ЭҲФни тақдим этишингиз лозим.
Норезидентнинг даромадларидан олинадиган солиқ
Норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган ва доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган даромадларидан олинадиган солиқ норезидентга даромад тўловчи солиқ агенти томонидан ҳисоблаб чиқарилади ва ушлаб қолинади (СК 351-м. 1-қ.). Рекламани жойлаштириш бўйича хизматларни кўрсатишдан Facebook даромадлари бундай даромадлар жумласига киритилмайди. Бинобарин, норезидентнинг даромадларидан олинадиган солиқ бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди.