Жорий йилнинг 15-16 апрель кунлари Президентимиз Самарқанд вилоятига ташриф буюриб, вилоятда амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди ҳамда Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланадиган жорий йилда вилоятимизда юксак натижаларга эришиш учун аниқ чоралар белгиланди.
Давлатимиз раҳбари вилоятнинг фойдаланилмаган имкониятларини ишга солиш учун 5 та «драйвер соҳа»ни кўрсатиб ўтди. Булар – саноат, транспорт логистикаси, йирик индустриал иссиқхоналар, хизмат кўрсатиш ва туризм. Ушбу соҳаларда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар айтиб ўтилиб, масъуллар белгиланди.
2021–2022 йилларда Самарқанд вилоятида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қиймати 30 трлн 415 млрд сўмлик 1 279 та инвестиция лойиҳаси режалаштирилгани таъкидланди.
Президентимиз Ургут туманини тўлиқ эркин иқтисодий зонага айлантириш, вилоятнинг барча ҳудудларида ушбу иқтисодий зонанинг филиалларини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, «Ургут» эркин иқтисодий зонаси негизида холдинг компанияси тузилади.
Вилоятда ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, хорижга тайёр маҳсулотлар экспортини амалга ошириш жараёнида божхона органлари тадбиркорлик субъектларига яқиндан кўмак бериб келмоқда. Масалан, жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят божхона бошқармаси томонидан хориждан импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 642,11 млрд сўмлик божхона тўловлари ҳисобланган бўлса, шундан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 227,95 млрд сўм ёки ҳисобланган божхона тўловларининг 35,5 фоизи миқдорида имтиёзлар қўлланилди.
Шунингдек, вилоят ҳудудида фаолият кўрсатувчи тадбиркорларга 2021 йилнинг январь-февраль ойлари давомида жами 25 та ҳолатда 64,92 млрд сўм миқдоридаги божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилди.
Самарқанд вилоятининг ташқи савдо айлануви жорий йилнинг январь-март ойида 326,3 млн АҚШ долларини ташкил этди.
Қувонарлиси шундаки, коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга етказган салбий таъсирига қарамай, вилоятнинг экспорт кўрсаткичлари тобора ошиб бораётганлигини кузатиш мумкин. Хусусан, 2020 йилнинг шу даврида 78,68 млн АҚШ доллари қийматидаги товарлар хориж бозорига йўл олган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 18,49 млн АҚШ долларига ёки – 23,5%га кўпайиб, 97,17 млн АҚШ долларини ташкил этди.
2021 йил январь-март ойларида жами 11 530 та электрон шаклда БЮД расмийлаштирилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 128 тага ёки 9,8%га кўп БЮД расмийлаштирилган.
Жорий йилнинг январь-март ойларида вилоятда рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари томонидан 10,0 млн АҚШ долларилик асбоб-ускуналар олиб кирилиб, «эркин муомалага чиқариш» (импорт) божхона режимига расмийлаштирилган ва 18,2 млрд сўм божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.
Жорий йилнинг 31 март куни ҳолатига Хавфни бошқариш тизими орқали жами 11 904 та БЮД тегишли «яшил», «сариқ», «қизил» йўлакларга тақсимланиб, уларнинг қисқа вақт мобайнида расмийлаштирилишига эришилмоқда.
Шунингдек, ўтган давр давомида вилоят божхона бошқармаси томонидан жами 174 та қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича 8 млрд 339,2 млн сўмлик товарлар ушлаб қолинган, уларга 21 млрд 261 млн сўм божхона тўловлари ҳисобланган.
Вилоят божхона бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектлари билан мунтазам мулоқот ўрнатилиб, вилоятнинг турли ҳудудларида сайёр қабуллар ташкил этилмоқда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг божхона соҳасига доир мурожаатлари ўрганилиб, уларни ижобий ҳал қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Учрашувлар давомида тадбиркорлик субъектларига божхона соҳасига оид меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда давлатимиз томонидан экспортчиларга яратилган қулайликлар тўғрисида батафсил ахборотлар берилмоқда.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.