Жорий йилнинг март–апрель ойларида кунгабоқар ва пахта ёғлари нархлари кескин ошганлиги ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинмоқда.
Ҳолатдан келиб чиқиб, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ички бозорда ўсимлик ёғи маҳсулотлари нархларининг ўзгаришини таҳлил қилиб бормоқда. Санитария қоида ва меъёрларига мувофиқ республика бўйича йилига 300 минг тоннадан ортиқ ўсимлик ёғи талаб этилади. 2020 йилда аҳоли истеъмоли учун 450 минг тоннадан зиёд ўсимлик ёғи муомалага чиқарилган бўлиб, шундан ярмидан ортиқроғи импорт қилинган.
Ички бозорда нархлар кескин ўсишига, биринчи навбатда, ташқи жаҳон бозорларида нархлар ошиши ва ўтган ҳосил йилида етиштириш ҳажмлари нисбатан камроқ бўлиши муносабати билан асосий етказиб берувчилардан бўлган қўшни давлатларда кунгабоқар ёғи ва уруғи экспортига юқори божхона божлари белгиланиши тартиби муддати узайтирилиши ҳам таъсир этди.
Қолаверса, импорт асосида олиб келинадиган кунгабоқар ёғи ва уруғи нархларининг ошиши маҳаллий пахта ёғи нархларига ҳам бевосита ўз таъсирини кўрсатди. Шу билан бирга, маҳсулотга бўлган талабни қондириш учун ички бозорда таклиф етарли даражада эканлиги ҳам маълум бўлди.
Юқоридагиларга асосан, ички бозорда ўсимлик ёғи нархларини барқарорлаштириш мақсадида барча мутасадди вазирлик ва идоралар биргаликда барча зарур чораларни кўраётганлиги маълум қилинади.
consumer.uz ва antimon.gov.uz сайтлари материаллари асосида Нодир Алимов тайёрлади.