Турмуш ўртоғим Россия фуқароси. У Жиззах вилоятидаги йирик корхонада ишлаган, уни асоссиз равишда ишдан бўшатишган. Шунда у асоссиз равишда ишдан бўшатилганлиги тўғрисидаги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилган. Афсуски, Россияда унинг онаси бетоб бўлиб қолган.
У фуқаролик иши кўриб чиқилаётган вақтда онасининг олдига хорижга бориши мумкинми?
– Хорижий фуқаронинг Ўзбекистон Республикасидан кетишига қуйидаги ҳолларда рухсат берилмайди:
а) агар унинг кетиши давлат хавфсизлигини таъминлаш манфаатларига зид бўлса – кетишга тўсқинлик қилувчи ҳолатларнинг амал қилиш муддати тугагунгача;
б) агар шахсга нисбатан унинг доимий яшаш учун чет элга кетишига тўсқинлик қилувчи шартнома, контракт мажбуриятлари амалда бўлса – ушбу мажбуриятлар тўхтатилгунга қадар;
в) агар шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган бўлса – иш охирига етказилгунга қадар ёки унинг юзасидан суд қарори қабул қилингунга қадар;
г) агар шахс жиноят содир этганлиги учун жазога ҳукм қилинган бўлса – жазони ўтаб бўлгунгача ёки жазодан озод этилмагунча;
д) агар шахс унга суд томонидан юкланган мажбуриятларни бажаришдан бош тортаётган бўлса – мажбуриятларни тўлиқ бажариб бўлгунга қадар;
е) агар шахс ўзи ҳақида қасддан сохта маълумотлар берган бўлса;
ж) агар судда шахсга нисбатан фуқаролик даъвоси қўзғатилган бўлса – суд томонидан қарор қабул қилиниб ва у ижро этилгунга қадар (Тартибнинг 20-б., ВМнинг 21.11.1996 йилдаги 408-сон қарорига 1-илова).
Шу тариқа, турмуш ўртоғингиз ушбу тақиқлар доирасига тушмайдиган бўлса, суд билан келишилган ҳолда у республикадан ташқарига чиқиши мумкин.
Санжар Хўжааҳмедов,
«Norma» МЧЖ эксперти.