Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 16 / Истеъмолчи бурчаги

Пандемиянинг биринчи шарти: ниқоб тақиш

 

Мана 2019 йил, яъни қарийб бир ярим йилдан бери коронавирус касаллиги туфайли бутун дун­ёда пандемия ҳолати ҳукм сурмоқда. Бу муддатда тиббиёт ходимлари касалликни тезроқ енгиш ва унга қарши курашиш учун қўлларидан келганча ҳаракат қилишди ва қилишмоқда. Мана шу саъй-ҳаракатлар ичида самарали усуллардан бири ниқоб тақиш ҳам алоҳида ўрин тутади. Ниқоб тақиш инсонлар учун нечоғли фойдали? Ниқоб касалликдан ҳимоялаши ростми? Бир маротабалик ниқобда аллақандай қора ҳашаротлар мавжудлиги ростми?  

 

 

«Ниқоб тақиш муддати чегараланганми?»

 

Шуҳрат Боймуродов, Тошкент тиббиёт академияси ўқув ишлари бў­йи­ча проректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор:

 

– Ҳозирги кунда тиббий ниқобларнинг бир неча турлари мавжуд. Улар сирасига: кунлик (муолажа) ниқоблар, махсус хирургик ниқоблар, стерилланган ва стерилланмаган ниқоблар киради.

Кунлик (муолажа) ниқоблар – бир маротабалик тиббий маҳсулот ҳисобланиб, учта қаватдан иборат: ички ва ташқи қавати, ўртасида фильтри бўлади.

Махсус тиббиёт ниқоблари 4 қисм бўлиб, фильтр, ички ва ташқи қисмларидан ташқари суюқлик ўтказмайдиган махсус пласт қисмига ҳам эга. Ниқобнинг ушбу қисми тери қопламасини турли биологик суюқликлардан ҳимоя қилади.

Стерилланмаган ниқоблар кундалик фаолиятда қўлланилади. Стерилланган ниқоблар эса махсус тоза жойларда фойдаланилади (хирургик муолажа жараёнида, лабораторияда ва ҳоказо).

Тиббий ниқоблардан 2 соатдан 6 соатгача фойдаланиш мумкин. Пандемия шароитида мутахассислар ниқоблардан 2 соатдан ортиқ фойдаланмасликни ҳамда фойдаланилган ниқобларни утилизация қилишни тавсия этишади.

Бундан ташқари, вирус организмга нафақат нафас олиш тизими, балки кўз конъюктиваси, очиқ яралар ва ифлосланган қўллар орқали ҳам юқиши мумкин. Шунинг учун ҳам жамоат жойларида ижтимоий масофани 1,5–2 метр оралиғида сақлаш, юз ва кўзларга ювилмаган қўллар билан тегмаслик керак.

Тиббий ниқобларнинг яна бир тури, респираторлар ҳам коронавирус инфекциясидан ҳимоялашда самарали таъсирга эга.

Оддий тиббий ниқобларга қараганда респираторлар – касаллик ташувчи бемор учун хавфсиз ҳисобланади ва уларнинг бир неча турлари мавжуд. Улар нафас органларини чанг ва токсик, нотоксик аэрозоллар, бактерия ва радиоактив металл заррачаларидан ҳимоялайди ва 8 соатгача вақт мобайнида 80 фоиздан 99 фоизгача вирусдан ҳимоя қилади.

 

«Ниқоб бозорда сотилиши мумкин эмасми?»

 

Умида Мансурова, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг оммавий алоқалар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси:

 

– Ниқоб, аввало, ишончли бўлиши лозим. Ишончли ниқоб қандай бўлади? Ишончли ниқоб – вирус ва инфекциялардан ҳимояланиш ҳамда уларнинг тар­қалишининг олдини олади. Ҳимоя ниқобларининг турли хил кўринишлари мавжуд. Шундан аксарият фуқаролар қўллайдиган тури бу – нотўқима, дока ва трикотаж материалидан тайёрланган ниқоблардир. Чунки уларнинг нархи арзон ва бундай ниқоблар бир марталик ҳисобланади. Агар улардан тўғри ва мақсадли фойдаланилса, ишончли ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2020 йил 20 мартдаги 114-сон «Тиббий буюмлар рўйхатига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги буйруғи билан тиббиёт ниқоблари тиббий буюмлар рўйхатидан чиқарилган.

Эндиликда тиббиёт ниқобини ишлаб чиқариш, тайёрлаш ҳамда уни реализация қилиш учун лицензия талаб этилмайди. Шунинг­дек, тиббиёт ниқобини амалиётда қўллаш учун давлат рўйхатидан ўтказилмайди.

Тиббиёт ниқоблари тиббий буюмлар рўйхатидан чиқарилди дегани бу унинг сифати назорат қилинмайди дегани эмас! Ниқоб ўзига юклатилган вазифаларни самарали бажариши учун, ишлаб чиқарувчилар уларни тайёрлашда тиббий ҳимоя воситаларига қўйиладиган барча техник талабларга қатъий амал қилишлари зарур.

Ўзбекистон Республикасида тиббиёт ниқобларига қўйилган талаблар ЎзДСт3452:2020 давлат стандарти билан тартибга солинади. Ушбу стандартга мувофиқ, тиббиёт ниқобларига қўйилган асосий параметрлар ва хусусиятлар ўрнатилган, хусусан, тиббиёт ниқоблари қуйидаги таркибий қисмлардан иборат бўлиши шарт:

фильтрлаш (олд) қисми (корпус);

эластик ленталар, улар ёрдамида ниқоб бошга тақилади;

ниқобнинг юқори қисмини мослашувчан шаклга келтириш учун мўлжалланган пластик сим.

Истеъмолчилар билан келишилган ҳолда тиббиёт ниқоби турли рангларда ишлаб чиқарилиши, шунингдек, ҳар хил шаклга ва тузилишга, қўшимча функцияларга, хусусан, юз қисмини ёпиб турадиган қаватга (фойдаланувчининг юзини ҳар хил томчилар сачрашидан ҳимоя қилиш учун) ва терлашга қарши функцияли ва функциясиз ёхуд бурун фиксаторига (бурунга ёпишиб туриши учун) эга бўлиши мумкин. Фильтрлаш қисми фильтрация қаватидан иборат бўлиб, иккита таш­қи қаватлар орасида жойлашган бўлиши лозим.

Ниқобдан фойдаланганда, у қатламларга ажралмаслиги, парчаланмаслиги ва йиртилмаслиги керак.

Ниқобнинг фильтрлаш қисмида 1 мм дан катта бўлган қаттиқ икки томони очиқ тешиклар, йиртилишлар бўлиши ва сирти ифлосланишига йўл қўйилмайди.

Ниқобнинг ўрамсиз оғирлиги 10 граммдан кўп бўлмаслиги керак.

Шу ўринда мухлисларимиз учун қандай матодан тайёрланган ниқоб ишончли ҳимоя воситаси экани ҳақида маълумот беришимиз фойдадан холи бўлмайди. 

Докали ниқоб – ушбу турдаги ниқоб 2-3 соат учун мўлжалланган, шундан сўнг стерилизация қилиш-қайнатиш, ювиш ёки дезинфекциялаш воситаси ёрдамида кўпи билан унга 2 марта қайта ишлов бериш мумкин (агар дока 5-6 қаватдан иборат бўлса). Бундай ниқоблар бактерия­ларга қарши ёрдам беради. Аммо вируслардан ҳимоя қила олмайди.

Трикотаж матоли – бу ниқоблар ҳам бир марталик бўлиб, улар тузилиши ва ташқи кўриниши жозибали эканлиги билан ажралиб туради. Бу ниқоблар атиги 1-2 қават ва матонинг зичлиги кам бўлганлиги сабабли жуда оз миқдордаги бактериялардан ҳимояланиш имконини беради.

Респиратор ниқоб – бу ниқобларнинг турли хил бир неча мақсадларга мўлжалланган турлари мавжуд. Улардан кўпинча турли ишлаб чиқариш шароитида нафас йўлларини ташқи таъсирдан (чанг, ёғоч, қиринди, ўткир ҳид, кимёвий шароит) ҳимоя қилиш учун фойдаланилади. Респираторлар филь­­тр­­ли ёки оддий ҳаво ўтказувчи бўлиши мумкин. Улардан узоқ муддат фойдаланиб бўлмайди.

Нотўқима матоли – бундай ниқоблар бир маротабалик бўлиб, улар нозик тузилишга эга ва қисқа муддатга фойдаланиш учун тавсия этилади. Ушбу ниқоблар 2-4 қаватгача бўлиши мумкин. Бундай ниқоблар стандарт талаблари даражасида тайёрланганда, унинг ҳимоя даражаси ҳам шунчалик юқори бўлади.

 

Ниқоблардан фойдаланишнинг қуйидаги қоидаларини билиш ва унга тўғри амал қилиш керак:

● материаллари ва четлари бўшлиқларсиз юзга маҳкам ўрнашиши керак;

● ниқобдан фойдаланишнинг энг мақбул давомийлиги 2-3 соат. Агар ниқоб йўталиш, аксириш, нафас олиш натижасида нам бўлса, уни дарҳол янгисига алмаштириш керак;

● бир марталик ҳимоя ниқобининг ҳимоя хусусиятларини тиклаш ва уни қайта ишлатиш мумкин эмас;

● янги ниқобни устки ҳимоясиз чўнтак, сумкага солиш, буклаш мумкин эмас, у ташқи таъсирлардан ҳимояланган бўлиши лозим;

● тақаётганда юза ва ички қисмини қўл билан ушлаш тавсия этилмайди:

● ишлатилган ниқобни целлофан халтага солиб, маҳкам беркитиб, чиқинди қутисига ташлаш керак;

● ниқобни тақиб, ечишдан олдин албатта, қўлларни совунлаб ювиш керак;

● фойдаланилаётган ниқобнинг устки ва ички қисмига антисептик ва спирт­ли воситалар суртиш (сепиш) мумкин эмас, акс ҳолда унинг намланган юзаси тез чанг тўпловчи ва бактерия чақирувчи хусусиятга айланиб қолиши мумкин.

 

consumer.uz сайти материали асосида.

Прочитано: 419 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика