Norma.uz

Иш режимини қайта кўриб чиқиш керак

 

Цехдаги ходимлар белгиланган график бўйича – 6 кун мобайнида 8 соатдан ишлайдилар, кейин 2 кун дам оладилар.

Сменали график бўйича якшанба куни ишлайдиган ходимларга қўшимча ҳақ тўланиши лозимми? Улар учун жамланган иш соатлари ҳисобини жорий этиш тўғри бўладими? Уларнинг иш соатлари қандай ҳисобланади?

 

– Сменали иш графигида ходимларнинг дам олиш кунлари календарь кунлари бўйича эмас, балки график бўйича ҳисобга олинади. Шу боисдан якшанба кунидаги иш учун икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланмаслиги лозим, чунки якшанба куни учун эмас, балки дам олиш куни учун икки ҳисса миқдорида ҳақ тўлаш назарда тутилган (МК 157-м.).

Бироқ кўриб чиқилаётган иш режимида ходимларнинг ҳафтасига 40 соат этиб белгиланган иш вақти давомийлиги нормаси бузиляпти (МК 115-м.). Масалан, ходимлардан бири февраль ойида белгиланган 20 иш куни (160 соат) ўрнига 22 иш куни (176 соат), иш вақтидан ташқари 16 соат ортиқча ишлаган. Қолган ойларда ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлади. Иш вақтидан ташқари ишланган соатлар бир йилда 120 соатлик нормадан ошиб кетади (МК 125-м.), бу эса қоидабузарлик ҳисобланади. Шунга қарамай, қоидабузарликка йўл қўйилганда ходимлар томонидан ишдан ташқари ишланган барча соатлар учун МКнинг 157-моддасида назарда тутилган тартибда ҳақ тўланиши лозим.

Корхонада иш вақтининг жамланган ҳисобини юритишда бошқа ишланмайдиган вақт – таътил, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ва бошқа даврлар ҳисобига меъёрдан ортиқча иш соатлари сонини тартибга солишнинг имкони бўлмайди. Сизда белгиланган иш режими бўйича бир йилда ходимга режалаштирилган иш кунлари ва соатларининг умумий сонини ҳисоблаб чиқишни тавсия этамиз. Уни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланган бир йил учун иш соатлари ҳисоб-китоби билан солиштириб кўринг. Меъёрдан ортиқча ишланган вақт 120 соатлик нормадан ошмаслиги лозим.

Иш режимини қайта кўриб чиқиш ва уни нормал давомийликда тузиш тавсия этилади.

Сменали режимда ишлайдиган ходимларнинг иш вақти ҳақиқатда ишланган соатлар бўйича тузилган тасдиқланган график асосида иш вақтини ҳисобга олиш табелида ҳисобга олинади.

Бундай тоифадаги ходимлар учун табелда фақат иш кунлари ва дам олиш кунлари ҳафта кунлари бўйича эмас, балки ой кунлари бўйича қўйилади.

Байрам кунларидаги ишлар учун дам олиш куни беришнинг имкони бўлмаган тақдирда, ходимларнинг ҳар қандай тоифаси учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Тасдиқланган иш жадвали бўйича ўзининг дам олиш кунида ишга жалб этиладиган ходимларга ҳам шундай тартибда ҳақ тўланиши лозим (МК 157-м.).

 

Валерия Ляндрес,

кадрлар хизмати ходими.

Прочитано: 341 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика