Онлайн-НКМни ўрнатгандан кейин корхона нақд шаклда ҳисоб-китоб қиладиган мижозларга онлайн-НКМ чекларини бериш зарур деган ишонч билан ишлади. Банк картаси билан ҳисоб-китоб қиладиганларга эса терминал чеки берилди. Бирмунча вақт ўтгач, онлайн-НКМга профилактик хизмат кўрсатган ТХКМ ходими терминал орқали ҳақ тўланган харидларга ҳам онлайн-НКМ чекини уриш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Солиқ тўловчи бундай вазиятда қандай йўл тутиши лозим?
Вазиятни ДСҚ Солиқ назорати департаменти сайёр солиқ текширувлари бошқармаси бош давлат солиқ инспектори Неъматжон Раҳмонов шарҳлаб берди:
– Терминал қўлланилган ҳолда ҳисоб-китобларни амалга оширишда мажбурий тартибда назорат-касса машинаси (виртуал касса) чеки берилиши керак. Ушбу норма Президентнинг «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (6.09.2019 йилдаги ПФ-5813-сон) ва Вазирлар Маҳкамасининг «Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида (23.11.2019 йилдаги 943-сон) белгиланган. Агар ҳисоб-китобларда онлайн-НКМ ва виртуал касса функцияларини бир вақтда бажарадиган қурилмадан фойдаланилган бўлса, ПФ-5813-сон Фармоннинг 5-банди ва 943-сон қарорга 1-илованинг 7-бандида назарда тутилган онлайн-НКМ ва виртуал касса чеки реквизитларини ўз ичига олган битта чек берса бўлади.
Ушбу норма қуйидаги мақсадларда жорий этилган:
● СК ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг талабларига риоя қилинишини таъминлаш;
● солиқ органларига тадбиркорнинг банк карталари орқали реализация қилиш бўйича айланмалари тўғрисида ахборот – Uzcard ва HUMO тўлов тизимлари процессинг марказларини четлаб ўтган ҳолда тўғридан-тўғри келиб тушишини таъминлаш;
● солиқлар бўйича ҳисоботлар тузишда аҳоли билан нақд шаклда ва банк карталари орқали ҳисоб-китобларда олинган айланмаларни ҳисобга олиш жараёнини автоматлаштириш.
Айтиш жоизки, онлайн-НКМ ва виртуал кассага ўтиш якунлангандан кейин онлайн-НКМ (виртуал касса) ёрдамида ҳисобга олинган айланмалар бўйича бир томонлама ҳисобварақ-фактура расмийлаштириш амалиётидан воз кечиш мумкин бўлади. Бу бухгалтерлар ишини осонлаштириши керак.
Агар чекларни беришмаган бўлса, нима қилиш лозим?
Агар тадбиркорлик субъекти терминал қўлланилган ҳолда ҳисоб-китобларда онлайн-НКМ чекини бермаган бўлса, онлайн-НКМ (виртуал касса)нинг ҳақиқий маълумотлари ва унда қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши керак бўлган маълумотлар ўртасида фарқни бартараф этиш учун, терминал ёрдамида онлайн-НКМ (виртуал касса) чекини бермаган ҳолда амалга оширилган барча ҳисоб-китоблар бўйича маълумотларни битта чек билан уриш мумкин.
Бундай ҳолда солиқ органлари тадбиркорга жарима санкцияларини қўлламайди. Терминал орқали ҳисоб-китоблар бўйича онлайн-НКМ (виртуал касса) чекини бермаслик солиқ базасига таъсир кўрсатмайди ва бюджет ушбу ҳолда зарар кўрмайди. Аҳоли билан ҳисоб-китоблар бўйича маълумотлар бугунги кунда солиқ ҳисоботларига бир томонлама ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш орқали киритилади.
Таъкидлаб ўтмоқчиманки, юқорида келтирилган фикрлар ПФ-5813-сон Фармоннинг 5-банди ва ВМнинг 943-сон қарорига 1-илованинг 6-банди талабларини бузиш ҳуқуқини бермайди. Виждонли ва қонунга итоаткор тадбиркор харидор билан терминал орқали ҳисоб-китобларда назорат-касса машинаси чеки ва терминал чекини бериши шарт.
Онлайн-НКМ (виртуал касса) чеки ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни бермаган ҳолда товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик СКнинг 221-моддаси 1-қисмига мувофиқ жарима солишга сабаб бўлади. Қоидага кўра, сайёр текширувлар (назорат хариди) натижалари бўйича, шунингдек истеъмолчилар хабарлари, шу жумладан – soliq.uz мобиль иловасининг «Солиқ ҳамкор» функционали орқали келиб тушганда ушбу санкция остига тушадилар. Бундай тадбирлар асносида, қоида тариқасида, назорат-касса техникаси қўлланилишининг бошқа шу сингари ҳуқуқбузарликлари ҳам аниқланади. Улар учун санкциялар СКнинг 221 ва 223-моддаларида, МЖТКнинг 164-моддасида ва ЖКнинг 189-моддасида белгиланган.
Олег Гаевой тайёрлади.
buxgalter.uz