Norma.uz

Шартнома бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш

 

Қурилиш ташкилотида смета ва бажарилган ишлар далолатномалари бўйича қурувчиларнинг иш ҳақи статистик маълумотлар асосида белгиланади. Ҳақиқатда эса иш ҳақи далолатнома ва сметадагидан камроқ ҳисобланади.

Қурилиш ташкилоти қурувчиларга иш ҳақини смета ва бажарилган ишлар далолатномасидагидан кам миқдорда ҳисоблаши мумкинми? Бу меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига боғлиқми?

 

– Ходим билан меҳнат шартномасини тузишда иш ҳақи миқдори ҳам белгиланиши лозим. Меҳнат ҳақининг миқдори иш берувчи билан ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Меҳнат ҳақи қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлиши мумкин эмас ва унинг энг кўп миқдори бирон бир тарзда чекланмайди. Меҳнат ҳақи шакли ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар жамоа шартномаларида, шунингдек иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал ҳужжатларда белгиланади (МК 73, 153-м.).

Бундан келиб чиқадики, қурилиш ёки бошқа хизматлар кўрсатиш сметаларида меҳнат харажатлари қандай белгиланганлигидан қатъи назар, ҳақиқатда иш ҳақи меҳнат шартномасида ва корхонанинг ички локал ҳужжатларида белгиланган миқдорларда ҳисобланади ва тўланади.

Пудрат шартномасида бажариладиган ишлар қиймати ёки уларни белгилаш усуллари кўрсатилади. Масалан, ВМнинг «Марказлаштирилган капитал қўйилмалар ҳисобига рўёбга чиқарилаётган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда шартномавий жорий нархларга ўтиш тўғрисида»ги қарори (11.06.2003 йилдаги 261-сон) билан Объектларни қуриш қийматини шартномавий жорий нархларда белгилаш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низом тасдиқланган.Унда ўртача соатлик иш ҳақини ҳисоблашда олдинги 12 ой учун статистика маълумотлари асосида бир ой учун ҳисоблаб чиқилган минтақа бўйича қурувчиларнинг ўртача йиллик иш ҳақидан фойдаланилади (Вақтинчалик низомнинг 14-б.).

Бироқ бу фақат қурилиш смета қийматини аниқлаш тартиби бўлиб, у ходимларнинг ҳақиқий иш ҳақи миқдорларини аниқлаш учун асос ҳисобланмайди. Бундан келиб чиқадиқи, ҳақиқатда тўланадиган иш ҳақи сметада кўрсатилганидан фарқланиши мумкин. Пудратчининг амалдаги харажатлари иш баҳосини аниқлаш вақтида (смета тузилаётганда) назарда тутилган харажатлардан кам бўлган ҳолларда, башарти буюртмачи пудратчининг тежами бажарилган иш сифатига таъсир этганлигини исботлай олмаса, пудратчи ишлар учун пудрат шартномасида кўрсатилган баҳо бўйича ҳақ олиш ҳуқуқини сақлаб қолади (ФК 637-м.).

 

Нурали Нурмуҳамедов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 421 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика