Ташкилотнинг (МЧЖ) икки нафар жисмоний шахслардан иборат муассислари бор (ҳар бири 50 фоиздан улушга эга). Асосий фаолият тури – қурилиш. Охирги 2 йилда МЧЖнинг асосий фаолияти бўйича ишларни битта муассис бажармоқда. Иккинчи муассис ўзи четга чиқиб кетди, ҳеч нарса билан шуғулланмайди, дивидендлар олмайди.
Иккинчи муассисни суд тартибида МЧЖ таркибидан чиқариб юбориш мумкинми? Чиқариб юбориш тартиб-таомиллари қандай?
– Аввало шуни айтиш керакки, жамиятнинг УФга ҳисса қўшиш, жамият фаолияти тўғрисидаги сир тутилган ахборотни ошкор қилмаслик муассиснинг мажбуриятларига киради, шу билан бирга жамиятнинг таъсис ҳужжатларида бошқа мажбуриятлар ҳам назарда тутилиши мумкин. Бироқ бу ҳужжатларда МЧЖда бирор-бир меҳнат фаолиятини бажариш назарда тутилиши мумкин эмас, сабаби муассис жамиятнинг мулкдори ҳисобланади ва унинг фаолиятидан дивидендлар олиш ҳуқуқига эга бўлади. Яъни жамият фаолиятини ривожлантиришда иштирок этмаслик муассисни жамият иштирокчилари таркибидан чиқариб юбориш учун асос бўла олмайди.
Жами улушлари жамият УФнинг камида 10 фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари ўз мажбуриятларини қўпол бузаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган иштирокчини жамиятдан суд тартибида чиқарилишини талаб қилишга ҳақлидирлар. («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 8-м. 2-қ.).
Иштирокини жамиятдан чиқариб юбориш тўғрисидаги иш МЧЖ жойлашган жойдаги иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади (ИПКнинг 30-м.). Корпоратив низолар бўйича иш юритуви ИПКнинг 26-боби билан тартибга солинади.
Наргиза Воҳидова, «Norma» МЧЖ эксперти.