Корхонамиз фойда солиғи ва ҚҚС тўловчиси ҳисобланади. Йиллик молиявий ҳисоботни топширишга тайёрланяпмиз, дебитор-кредиторлар билан ҳисоб-китобларни, ТМҚни солиштиряпмиз ва бошқа ишларни амалга оширяпмиз. Аввалги йилларда харажатлар ва зарарлар мавжудлигини аниқладик. Уларнинг ҳужжатларини олдик. Ушбу харажатлар асосланган ҳисобланади – фаолиятни амалга ошириш учун сарфланган.
Ҳужжатлар билан тасдиқланган ва асосланган харажатларни ҳамда ўтган йиллардаги операциялар бўйича зарарларни СКнинг 305-моддасига мувофиқ чегириладиган харажатларга киритиш мумкинми?
– Йўқ, ушбу харажатлар ҳисобот давридаги солиқ базасини камайтирмайди.
Эслатиб ўтамиз: солиқ тўловчи солиқ солиш мақсадларида ҳисоблаш усули бўйича ҳисобни юритади (СК 78-м.).
Ҳисоблаш усули – операциялар ва бошқа ҳодисалар улар амалга оширилган даврда эътироф этилади (Атамалар, АВ томонидан 25.10.2004 йилда 1419-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомга 7-илова).
Фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда жами даромаддан даромад олиш билан боғлиқ барча харажатлар чегириб ташланади, чегириб ташланмайдиган харажатлар бундан мустасно (СК 305-м. 1-қ.).
Ўтган давр харажатлари солиқ ҳисоби даврида даромад олиш билан боғлиқ бўлмайди. Шу боисдан фойда солиғини ҳисоблайдиган ҳисобот даврингизда уларни асосланган – иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган деб бўлмайди.
Бундан ташқари, ўтган даврларда олинган кирувчи ҚҚС ҳисобга олинмайди. Уни ўтган даврлар ҳисоб-китобларида акс эттириш керак эди.
Шу тариқа, ўтган йиллардаги харажатлар:
● ёки даромад олишга қаратилган фаолият билан боғлиқ бўлмаган харажатлар жорий ҳисобот давридаги чегириб ташланмайдиган харажатлар жумласига киритилади (СК 317-м. 18-б.). Бунда харажатлар ҚҚС билан ҳисобга олинади;
● ёхуд ҳақиқатда товарлар (хизматлар) олинган ёки зарарлар кўрилган даврдаги Фойда солиғи ҳисоб-китобига киритилади. Бунинг учун тегишли ўтган давр учун фойда солиғи ҳисоб-китоби қайта топширилиши лозим (СК 83-м.). Ушбу харажатларга товарлар (хизматлар) қиймати ҚҚС билан киритилган бўлса, корхона ҚҚС ҳисоб-китобини ҳам қайта топширишга ҳақли.
Молиявий ҳисоботни қайта топшириш керак эмас, ўтган йиллар харажатлари суммасини 2020 йилги молиявий ҳисоботда акс эттириш мумкин.
Хато муҳим бўлмаса, ўтган йиллар харажатлари 2020 йилдаги жорий даврдаги фаолиятнинг молиявий натижаларига киритилади.
Агар хато муҳим бўлса, уни йил бошидаги тақсимланмаган фойда сальдосини ўзгартириш орқали ҳисоб ва ҳисоботда акс эттириш лозим (Қоидаларнинг 15-б., 7-илова, АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Хатоларнинг муҳимлилик мезони корхонанинг ҳисоб сиёсатида белгиланади.
Ольга БУСАРОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.