Компания дўкон очяпти, унда бир вақтнинг ўзида бир нечта сотувчи ишлайди. Иш берувчи барча қимматликлар сотувчиларга бир йўла ишониб топширилаётганлиги сабабли уларнинг ҳар бирига якка тартибдаги моддий жавобгарликни юклай олмайди. Ходимлар жамоасини моддий жавобгар этиб тайинлаш мумкинми?
– Ҳа, шундай қилиш мумкин. Якка тартибдаги жавобгарликдан фарқли ўлароқ, жамоа (бригада) моддий жавобгарлиги тўлиқ моддий жавобгарлик юклатиладиган ходимлар гуруҳига (бригадага) топширилади (МК 203-м. 7-қ.).
Қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирда, жамоа жавобгарлиги жорий қилиниши мумкин:
- жамоа ходимлари томонидан уларнинг лавозим мажбуриятларига мувофиқ уларга топширилган қимматликларни сақлаш, қайта ишлаш, сотиш (бериш), ташиш ёки ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиш билан боғлиқ ишлар биргаликда бажарилиши керак;
- ҳар бир ходимнинг жавобгарлиги чекланмаслиги ва тегишли равишда, ҳар бир ходим билан якка тартибдаги тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида алоҳида шартнома тузилмаслиги лозим;
- бажариладиган ишлар корхонанинг жамоа шартномасида белгиланган жамоа жавобгарлиги жорий этилиши мумкин бўлган бўлинмаларнинг рўйхатига киритилиши зарур (МК 203-м. 3-қ.);
- жамоа (бригада) аъзолари – 18 ёшга тўлган бўлиши керак (МК 203-м. 2-қ.).
Жамоа моддий жавобгарлиги жорий этилиши мумкин бўлган бўлинмаларнинг рўйхатини жамоа шартномасида қайд этинг. Бундай шартнома тузилмаган бўлса, рўйхатни ходимларнинг вакиллик органи билан келишган ҳолда иш берувчининг буйруғи билан тасдиқланг (МК 203-м. 3-қ.).
Қуйидаги ҳолларда ходим розилик билдирган тақдирда ҳам жамоа моддий жавобгарлиги тўғрисидаги шартномани тузиш мумкин эмас:
- жамоа шартномасида рўйхат мавжуд бўлмаганда ёки иш берувчи уни ходимларнинг вакиллик органи билан келишган ҳолда тасдиқламаганда;
- ташкилотда жамоа шартномаси тузилмаган, ходимларнинг вакиллик органи мавжуд бўлмаганда.
Бунга қарамай, сиз жамоа моддий жавобгарлиги тўғрисидаги шартномани тузган бўлсангиз, у ҳақиқий ҳисобланмайди.
Жамоа жавобгарлигини жорий қилиш учун:
1) бу ҳақда буйруқни расмийлаштиринг ва у билан ходимларни имзо чектириб таништиринг.
2) ходимлар гуруҳи билан жамоа моддий жавобгарлиги тўғрисидаги шартномани тузинг.
Жамоа моддий жавобгарлигини белгилаш тўғрисидаги буйруқ билан жамоа раҳбари ҳам тайинланади, у умуман олганда жамоа фаолияти учун масъул бўлади. Бироқ бу камомад аниқланган ҳолларда у бригаданинг бошқа аъзоларига нисбатан кўпроқ ёки камроқ миқдорда зарарни қоплаши мумкинлигини англатмайди.
Жамоа моддий жавобгарлиги тўғрисидаги шартнома иш берувчи ва жамоа раҳбари томонидан имзоланади. Бундан ташқари, жамоа жавобгарлиги жорий этилаётган барча ходимлар имзо чекишлари лозим.
Шартнома, қоидага кўра, 2 нусхада тузилади. Улардан биттаси иш берувчида, иккинчиси эса жамоа раҳбарида сақланади. Лекин бригаданинг ҳар бир ходими учун ҳам нусха расмийлаштирилиши мумкин.
Жамоа раҳбари ўзгарганда ёки бригададан бошланғич таркибнинг 50%идан ортиғи чиқиб кетганда шартномани қайта тузиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Бригада таркибидан айрим ходимлар чиқиб кетганида уларнинг чиқиб кетиш санаси чиқиб кетган ходимнинг имзоси рўпарасида кўрсатилади. Жамоага янги ходим қабул қилинганда эса уни шартномага киритиб имзо чектиринг ва жамоага кирган санасини кўрсатинг.
Тўлиқ жамоа моддий жавобгарлиги тўғрисидаги шартнома тузилмаган бўлса, етказилган зарар миқдори ходимлардан уларнинг ўртача ойлик иш ҳақи доирасида ундирилади (МК 201-м. 1-қ.), МКнинг 202-моддаси 1-қисми 2-7-бандларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
Шахс жамоа жавобгарлиги қўлланиладиган бўлинмага ишга қабул қилиниб, тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартномага имзо чекишни истамаган тақдирда, уни ишга қабул қилишни рад этиши мумкин.
Жамоа жавобгарлигида етказилган зарар қандай ундирилади?
Жамоа моддий жавобгарлигида етказилган зарар МКнинг 204–207-моддаларида назарда тутилган умумий қоидаларга биноан ундирилади. Бригаданинг айрим аъзоси жавобгарликдан озод бўлиш учун ўзининг айби йўқлигини исботлаб бериши лозим (МК 203-м. 7-қ.).
Ходимлар етказилган зарарни ихтиёрий равишда қоплашга розилик билдирганида, бу ҳақда ёзма битим тузилади. Унда жамоа ҳар бир аъзосининг айбдорлик даражаси, шунингдек зарарни қоплашнинг муайян шартлари белгиланади (МК 206-м.).