Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 1 / Биз яшайдиган уй

Давлат раҳбари аҳолини энергия ресурслари билан таъминлашни яхшилаш бўйича топшириқ берди

 

– Менга баландпарвоз гаплар ва рақамлар керак эмас. Жойлардаги раҳбарларнинг ишлари натижасига ижтимоий тармоқларда халқимиз ўзи холис баҳо бермоқда, – деди Шавкат Мирзиёев қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида.

 

president.uz сайтининг хабар беришича, йиғилишда соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, энергия ресурслари таъминотини яхшилаш чоралари муҳокама қилинган. Бу йил кузда кескин совуқ тушиб, об-ҳаво аввалги йилларга нисбатан эрта пасайгани қайд этилди. Электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда иссиқлик таъминотида тез-тез узилишлар бўлди. Бу вазият тармоқлар ва ҳудудларнинг қиш мавсумига тайёр эмаслигини яққол кўрсатиб берди. Яқинда бензин нархи ҳам ошди. Булар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Қиш мавсумида тармоқ ва ҳудудларда узлуксизликни таъминлаш учун суткасига 10–12 млн киловатт-соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш зарурлиги қайд этилди. Бу қувватни «Тошкент», «Сирдарё», «Янги Ангрен» электр станцияларидаги 900 мегаваттли 5 та энергоблокни ишга тушириш ҳисобидан таъминлаш бўйича топшириқ берилди.

Узилишларга, асосан, тақсимловчи тармоқларнинг 60 фоизи эскиргани ҳамда электр энергиясига талабнинг ошиб бораётгани сабаб бўлмоқда. Шу боис паст ва ўрта кучланишли тармоқларни босқичма-босқич модернизация қилиш бўйича дастур ишлаб чиқиб, ижросига тезроқ киришиш зарурлиги таъкидланди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда газ таъминотида суткасига 20 млн куб метр танқислик мавжуд. Оқибатда мингдан зиёд маҳаллада табиий газ босими пасайган.

– Газ тизими билан боғлиқ муаммолар бугун юзага келмагани, балки 30 йилдан бери бизни қийнаб келаётганидан барчамиз хабардормиз. Лекин буни баҳона қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Халқимизга газ керак, уларнинг кўпчилиги бунинг учун тўловларни ўз вақтида ҳалол қилиб, тўлаб келмоқда, – деди Президент.

Давлат раҳбари газ экспортини қисқартириб, аввало аҳоли эҳтиёжларини қондириш юзасидан кўрсатма берди. Бунинг ҳисобига кунига 7-8 млн куб метр табиий газ қўшимча равишда ҳудудларга йўналтирилади. Шунингдек, аҳоли эҳтиёжини қоплаш учун яна 217 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш вазифаси қўйилди.   

Самарасиз ишлаётган 25 та конни инвесторларга «риск-сервис контракт» шартлари асосида бериб, табиий газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш мумкинлиги айтилди.

Жойларда кўмир билан боғлиқ эътирозлар ҳам бор. Аҳоли ва ижтимоий объектлар учун ажратилган маҳаллий кўмирнинг 60 минг тоннаси ҳали эгаларига етказиб берилмагани кўрсатиб ўтилди.

Прочитано: 570 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика