Ўзбекистонда Қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган стратегияси (27.11.2020 йилдаги ПФ-6119-сон Фармон) тасдиқланди. Ҳужжатда қурилиш соҳасидаги давлат сиёсати инновациялар, инвестициялар, меҳнат ва моддий ресурслардан самарали фойдаланиш орқали тармоқ салоҳиятини оширишга йўналтирилганлиги айтилади.
Шу билан бирга қурилиш тармоғининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи бир қатор тизимли муаммолар мавжуд. Хусусан, шаҳарсозлик фаолиятини техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар сезиларли даражада эскириб қолганлиги архитектура-қурилиш ишларини олиб боришнинг замонавий услубларини қўллаш имкониятларини инобатга олмайди. Бу энергия тежамкор технологиялар ва материалларни кенг қўллаш имкониятларини чекламоқда. Кўпчилик аҳоли пунктларида бош режалар мавжуд эмас ёки қурилишда уларга риоя қилинмайди. Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларининг мукаммал эмаслиги ўзбошимчалик билан қурилган биноларнинг кўпайишига, ходимларни қурилиш-монтаж ишларига ноқонуний асосда, керакли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан жалб қилишга олиб келмоқда. Қурилиш ташкилотлари ходимларининг зарур билим ва малакага эга эмаслиги қурилиш тармоғининг инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда, қурилган бино ва иншоотлардан кейинчалик фойдаланишда хавфсизлик талабларининг бузилишига олиб келмоқда. Мазкур муаммоларни бартараф этиш учун нималар таклиф этилаётгани ҳақида қуйидаги материалларимизда ўқинг.