Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2020 год / № 51 / Юридик маслаҳатлар

Ёзма шаклдаги хабарнома бўлиши шарт

 

МЧЖ муассислари бир йил мобайнида ўз устав фондини шакллантирмаган. Бунда муассислардан бири (юридик шахс) муассислар таркибидан чиқмоқчи бўляпти.

Муассислар таркибидан чиқмоқчи бўлган, улуши шакллантирилмаган юридик шахс қандай ҳаракатларни амалга ошириши лозим? 

 

– Жамият иштирокчилари жамият бошқа иштирокчиларининг розилигидан қатъи назар исталган вақтда жамиятдан чиқишга ҳақлидирлар («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 8-м. 1-қ. ­6-хатбошиси). МЧЖ таркибидан чиқиш учун сиз жамият устави ва таъсис шартномаси қоидаларига амал қилишингиз лозим, уларда МЧЖдан иштирокчининг чиқиб кетиши шартлари ва тартиби кўрсатилган бўлади.

Жамиятни таъсис этиш чоғида жамиятнинг устав фондига ўз ҳиссасини ўз муддатида тўлиқ миқдорда қўшмаган жамият иштирокчисининг улуши жамиятга ўтади. Бунда иштирокчига улушнинг у қўшган ҳиссанинг қисмига мутаносиб равишдаги қисмининг ҳақиқий қийматини жамият тўлаши ёки жамият иштирокчисининг розилиги билан унга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида беришга мажбур (Қонуннинг 22-м. 3-қ.).

Жамиятдан чиқарилган ёки ундан чиқиб кетган жамият иштирокчисининг улуши МЧЖга ўтади. Бунда жамият жамиятдан чиқарилган ёки чиқиб кетган иштирокчига улушининг чиқарилиш ёки чиқиб кетиш санасидан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари бўйича аниқланадиган ҳақиқий қийматини тўлаши шарт (Қонуннинг 22-м. 5-қ.).

МЧЖга қарашли улуш у жамиятга ўтган кундан эътиборан 1 йил ичида жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорига биноан жамиятнинг барча иштирокчилари ўртасида уларнинг улушларига мутаносиб равишда тақсимланиши ёхуд жамиятнинг барча ёки, агар бу жамиятнинг уставида тақиқланган бўлмаса, учинчи шахсларга сотилиши ҳамда тўлиқ тўланиши керак. Улушнинг тақсимланмаган ёки сотилмаган қисмининг ҳақи устав фондини тегишлича камайтирган ҳолда тўланиши керак (Қонуннинг 23-м. 2-қ.).

Жамиятнинг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартишларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар жамият иштирокчилари улушларининг ҳақини тўлаш якунларини тасдиқлаш ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида Давлат хизматлари марказига тақдим этилиши шарт (Қонуннинг 23-м. 3-қ.).

Жамият бир йил ичида устав фондини тўлиқ шакллантирмаган тақдирда, у  ўзининг устав фондини камайтириши ёки жамиятни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак (Қонуннинг 19-м. 3-қ.).

Шу тариқа, улуши шакллантирилмаган иштирокчилардан бири чиқиб кетмоқчи бўлганда, бу ҳақда жамиятни ёзма шаклда хабардор қилиши лозим. Сўнгра иштирокчилар йиғилишининг баённомаси билан шакллантирилмаган улуш кейинчалик ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказган ҳолда жамиятга ўтиши тасдиқланади.

 

Умид Файзиев,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 745 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика