Вазирлар Маҳкамасининг 7.12.2020 йилдаги 773-сон қарори билан ЭРИни онлайн тарзда олиш тартиб-таомилини белгилайдиган Давлат хизматлари марказлари ёки онлайн тарзда (масофадан туриб) расмий ахборот ресурслари орқали электрон рақамли имзо калитини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзо калитининг сертификатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига (ВМнинг 10.05.2018 йилдаги 348-сон қарори билан тасдиқланган) тузатишлар киритилди.
Энди ЭРИ калитининг сертификатини масофадан туриб олиш мумкин. Юридик шахслар учун бундай сертификатни олишда фақат уларнинг раҳбарлари мурожаат қилишлари мумкин, бошқа ходимлар эса давлат хизматлари марказига бевосита мурожаат қилишга ҳақли.
Яратилган имкониятдан ЯИДХП ёки e-imzo.uz махсус расмий ресурси орқали фойдаланиш мумкин. Бунинг учун мурожаат қилувчи томонидан қуйидагилар амалга оширилиши лозим:
а) мустақил равишда электрон шаклдаги сўровнома тўлдирилади ва унга қуйидаги ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади:
- паспортнинг (ID-карта) асосий саҳифаси – барча реквизитлари ўқиб бўладиган сифатда бўлиши шарт;
- селфи усулида олинган фотосурат – юз қиёфаси тиниқ кўриниши лозим;
б) давлат хизматини кўрсатиш учун йиғим тўлаш. Юридик шахслар банкдаги ҳисобрақамларидан тўлов ўтказишлари ёки тўлов тизими операторлари орқали нақд пулсиз шаклда банк карталари воситасида тўловларни тўлашлари мумкин. Нақд пулсиз шаклда тўлов тўлашда ҳар бир тўловнинг келиб тушиши давлат хизматлари марказининг бириктирилган ходимлари томонидан текшириб борилади ва ҳисобга олинади.
Сўнгра давлат хизматлари маркази ходими 1 иш куни ичида:
а) мурожаат қилувчининг шахсини аниқлаш учун идоралараро маълумотлар алмашиш тизими орқали:
- сўровномада кўрсатилган мобиль абонент рақами мурожаат қилувчига тегишлилигини текширади;
- паспорти (ID-карта) асосий саҳифасининг ва селфи-фото нусхаси бўйича ҳақиқийлигини текширади;
- мурожаат қилувчининг СТИРи орқали ДСҚ ҳузуридаги янги технологиялар илмий-ахборот марказининг ахборот тизимидаги маълумотларни сўровномадаги маълумотлар билан солиштиради;
б) текширилган маълумотларни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди ва уларни ДСҚ ҳузуридаги ИАМ ахборот тизимига юборади.
Сўнгра ДСҚ ҳузуридаги ИАМ тақдим этилган маълумотларни кўриб чиқади, ЭРИ калитини рўйхатга олади ва сертификатни тайёрлайди, уни реестрга киритади ва SMS-хабар шаклида ЭРИ сертификатини олинганлигини тасдиқлаш тўғрисида ахборотни жўнатади. Расмийлаштирилган ЭРИ калитининг сертификати давлат хизматлари марказига ва мурожаат қилувчига юборилади.
Бундан кейин мурожаат этувчи бир соат ичида:
- ЭРИ калити сертификатини ЯИДХП ёки шахсий кабинетидаги e-imzo.uz расмий ахборот ресурси орқали олади ва сертификатни олганлигини тасдиқлайди;
- ДСҚ ҳузуридаги ИАМга ЭРИ калитининг сертификатини ва чоп этишга мўлжалланган электрон ҳужжат шаклидаги нусхасини тасдиқлаган ҳолда юклаб олганлиги тўғрисида хабар юборади.
- Қуйидаги ҳолатларда ЭРИ калитининг сертификатини бериш рад этилади:
- мурожаат қилувчининг шахси тасдиқланмаган тақдирда;
- мурожаат қилувчи тақдим этган сўровномада нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги – масалан, унда кўрсатилган мобиль алоқа абонент рақами мурожаат қилувчига тегишли эмаслиги;
- тўлов амалга оширилмаганлиги;
- мурожаат қилувчи тақдим этган ҳужжатлар зарур тарзда расмийлаштирилмаганлиги.
Энг муҳим жиҳати шундан иборатки, рад этишга асос бўлган сабаблар бартараф этилгач, сўровномани қайта кўриб чиқиш учун давлат хизматлари марказига бевосита (ўзи келган ҳолда) мурожаат этиш лозим.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 7.12.2020 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов,
«Norma» МЧЖ эксперти.